Наримон Умаровнинг Қорақалпоғистондаги экологик ҳолатни яхшилашга қаратилган таклифлари сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланди

16:06, 21 ноябрь

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров 21 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси сайловчилари билан учрашди.

Шуманай туман ҳокимияти мажлислар залида онлайн конференция мулоқот тарзида бўлиб ўтган учрашувда шаҳар ва туманлардан жамоатчилик вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, ёшлар ва хотин-қизлар, партия аъзоларидан иборат жами 3200 нафарга яқин сайловчи иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Е.Кунназаров олиб борди. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ишончли вакили Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари Р.Отарбаев учрашув иштирокчиларини Н.Умаровнинг таржимаи ҳоли билан яқиндан таништирди.

Президентликка номзод даставвал Қорақалпоқ халқининг бирдамлик билан қилган меҳнатлари самараси ўлароқ, бугун Қорақалпоғистон иқтисодиётнинг турли соҳаларида ўз ўрнига эга минтақалардан бирига айланганини эътироф этди. Ушбу ҳудудда барпо этилган Қўнғирот сода заводи ҳамда Устюрт газ-кимё мажмуаси нафақат минтақамиз, балки дунёдаги энг йирик саноат корхоналаридан бири сифатида мамлакатимиз иқтисодиёти юксалишида муҳим аҳамият касб этаётгани, энг асосийси, мана шундай бунёдкорлик ва яратувчилик ишларини қорақалпоғистонликлар ўз қўллари билан яратаётганлиги ҳақидаги фикрларни учрашув иштирокчилари илиқ қабул қилишди.

Н.Умаров учрашув иштирокчиларини ўз Сайловолди дастури билан таништирар экан, демократик ижтимоий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш, инновацион иқтисодиётга ўтиш, кучли ижтимоий сиёсат олиб бориш, хусусан, аҳолини сифатли тиббий хизмат, таълим ва уй-жой билан таъминлаш даражасини янада кенгайтириш, тинчликсевар ташқи сиёсатни давом эттиришга доир таклифларини баён қилди.

Айниқса, Наримон Умаров ўзининг қарийб 40 йиллик меҳнат фаолияти ҳамда илмий изланишлари тақозоси билан Орол денгизининг қуриши оқибатида ҳудудда юзага келган экологик ҳалокатни бартараф этишга қаратилган лойиҳа ва дастурларда бевосита иштирок этган, минтақанинг мураккаб иқлимини, одамларнинг яшаш шароитини яхши биладиган мутахассис сифатида экология масалаларига алоҳида эътибор қаратишини маълум қилди. Унинг ҳудуддаги экологик ҳолатни яхшилашга қаратилган лойиҳа ва дастурларни изчил давом эттириш зарурлиги хусусидаги таклифлари сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланди.

Шу билан бирга, Президентликка номзод экологик жиҳатдан тоза технологиялар асосида жадал ривожланишни таъминлашга йўналтирилган мутаносиб иқтисодий сиёсат олиб боришни қўллаб-қувватлаш ҳамда саноат корхоналари чиқиндиларини қайта ишлаш орқали атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга долзарб вазифа сифатида ёндашишини қайд этди.

Бундан ташқари, номзод экологик муаммоларни ҳал этишда, унинг иқтисодий жиҳатларига эътибор қаратиш муҳим эканига тўхталиб, барча экологик муаммоларни ва у билан боғлиқ фуқаролар саломатлигини ҳимоя қилиш масалаларини фақат Давлат бюджетига юклаш тўғри бўлмаслигини, шу боис, атроф-муҳитни ифлослантирувчи жаримага тортилиши ва кўп миқдорда маблағ тўлаши лозим деган тамойилни жорий қилиш тарафдори эканини таъкидлади.

Наримон Умаров экология масалалари ижтимоий-иқтисодий сиёсатимизнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб, бу соҳани комплекс ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш ва уни ҳаётга татбиқ этишни режалаштирганини маълум қилди. Дастурда, хусусан, табиатнинг саноат корхоналари томонидан ифлосланишини камайтириш, чанг ва заҳарли моддаларни кўп ютувчи ўсимлик ва дарахтлар сони ва турини кўпайтириш, шаҳарлар ва саноат корхоналари атрофида яшил майдонлар барпо этиш, саксовул ва бутазорларни кенгайтириш орқали атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга қаратилган аниқ механизмлар белгиланишини таъкидлади.

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлигига қарашли 10-сонли кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернати директори Н.Қайпбергенов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Н.Мирзамуротов, Нукус давлат педагогика институти Бошланғич таълим факультети декани У.Сейтжанова, Шуманой тумани “Ақ-жап” овул фуқаролар йиғини раиси Қ.Убайдуллаев ва бошқалар Президентликка номзоднинг дастурини қўллаб-қувватлаб сўзга чиқдилар.

Учрашувда сўз олганлар номзоднинг Сайловолди дастури юзасидан ўз мулоҳаза ҳамда таклифларини билдириб ўтдилар. Ўз навбатида, Наримон Умаров учрашув иштирокчиларининг кўплаб саволларига жавоб берди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!