"Юлдузча" болалар телевизион танлови ҳакамларига эътирозлар билдирилмоқда

16:26, 21 ноябрь

Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Наво” ва “Болажон” телеканалларида эфирга узатилаётган “Юлдузча”  болалар вокал телевизион танловида ҳакам сифатида иштирок этаётган санъаткорларга ижтимоий тармоқлар орқали эътирозлар билдирилмоқда. Бундан бироз аввал интернет фойдаланувчиларидан бири ҳакамларнинг хатти-ҳаракатилари ва болаларга қўпол муносабатда бўлаётганини айтиб, норозилик билдирган эди.  “Юлдузча” телетанловининг навбатдаги сони эфирга узатилганидан сўнг блогерлардан бири Facebook`даги саҳифасига ўз эътирозларини ёзиб қолдирди:  

—"Юлдузча" болалар телевизион танловида ҳакамлик қилаётганларнинг вазифаси иқтидорли болаларни саралаш, рағбатлантиришми ёки "маънан жаллодлик" қилишми?! Бу халқ артистларининг болаларга қилаётган совуқдан совуқ, бетакаллуф, гоҳида очиқдан-очиқ адолатсизлик қилиши кўпчиликда норозилик уйғотиб бўлди. Ёш болаларга ўзига яраша, уларни йиғлатмайдиган тарзда ширин муомала қилишни билмайдиган; юзига ўта жиддий, ҳатто қаҳрли тус бериб ўтирадиган; кескин-кескин оҳангда, гоҳида ўта мужмал фикр билдирадиган; ёш болалардан профессионаллик талаб қиладиган бу ҳакамларни алмаштиришнинг иложи бўлмаса, бу шоуни тўхтатиш керак. Ҳарқалай, кўпгина иқтидорли болаларда, айниқса мумтоз қўшиқларимиз ижрочиси бўлиш орзусидаги болаларда ўз келажагига, иқтидорига бўлган ишончини ўлдирмаслик, умидсизликка туширмаслик учун ҳам шундай қилиш керак ёки ҳакамларга чиройли муомала қилишни ўргатиш керак. (Муножот Йўлчиеванинг доимо бир хил тарзда "Бу ижроингиз менга ёқмади" дейишидаги совуқ оҳанг катта одамнинг ҳам этини жунжиктирворади).

Бунақада қўшиқчи бўламан деган болаларнинг аксарияти танловларда ғолиб бўлиш учун енгил-елпи чет эл қўшиқларни ижро этиш керак экан деган хулосага бориб қолади-ку. Чунки бу танловда чет тилида қўшиқ айтган болаларга эътибор биринчи планга чиқарвориляпти. Мумтоз қўшиқларимизни айтган болаларга "Бу қўшиқ ёшингизга тўғри келмайди" деган баҳона билан "йўқ" деяётган ҳакамлар севги-муҳаббат ҳақида инглизча қўшиқ айтган иштирокчи болаларга кўпинча таҳсинлар ўқишади.

Буям етмагандек, ҳакамларнинг чет тилида қўшиқ айтган ҳамма иштирокчи болага рус тилида мурожаат қилишлари ҳам ўхшамаган бир ҳолат. Ваҳоланки, Ўзбекистонда туғилиб ўсаётган ҳамма бола ўзбекчани тушунади, ўзбекча гапира олади ва шундай бўлиши ҳам шарт.

Бунақа телевизион танловлар дунёнинг жуда кўп мамлакатларида ўтказилади. Аммо уларда болалар йиғласа севинчдан, хурсандчиликдан йиғлайди, ҳатто танловдан ўтолмаганлар ҳам яхши кайфият билан қолади. Негаки, бу танловларда ҳакамлар завқ билан, болаларча беғубор кайфият билан, самимий ҳакамлик қилишади. Керак бўлса, болаларга қўшилиб рақсга тушишади, қўшиқларга жўр бўлишади, кичкинтой иштирокчиларни кўтариб олишади, иштирокчиларга ҳам, томошабинларга ҳам байрамона кайфият бахш этворишади. Танловдан ўтолмаганларга айрича ширин муомала қилиб, кўнглини кўтаришади (дўқ ургандек "менинг жавобим йўқ" дейишмайди!). Ишонмасангиз, Youtubeдан Ҳиндистонда, Туркияда, Америкада, Францияда, Россияда ўтадиган шундай танловларни топиб, бир томоша қилинг.

"Юлдузча" танлови учун ҳакамликка болалар қўшиқлари бастакорларини, болалар шоирларини, болалар билан муомалани эплай оладиган актёрларни таклиф қилиш мумкинмасми? Бу танловга иштирокчи болалар (бола бўлгани учун ҳам) ниҳоятда катта аҳамият беришади, ҳакамлар баҳосини, муомаласини бир умрга эслаб қолишади. Бу муомала улар ҳаётида ҳал қилувчи таъсир этиши ҳам мумкин. Ҳакамлик қилаётган халқ артистлари халқнинг кичкинтой вакилларига мос муомала қилишни эплолмас эканлар, ҳеч бўлмаса очиқ юз билан, ясама бўлса ҳам жилмайиб ўтиришни амалламайдиларми?! Уларнинг тусидаги жиддийлик ва совуқликни кўриб, катта одам ҳам эсанкираб қолади-ю, бечора болажонларимиз тағинам ўзларини йўқотмай, умид билан танловда иштирок қиляптилар...

Бу танлов яхши ниятлар билан йўлга қўйилгани аниқ эди...

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!