Сочини еб қўйган қизча операция қилинди

16:47, 21 ноябрь

Россиянинг Кемерово шаҳридаги №5 болалар клиникасида ғалати операция ўтказилди, деб хабар берди “Vesti.ru” нашри.

Клиникада операция йўли билан 10 ёшли қизалоқнинг қорнидан 50 сантиметрли соч олинган. Қизча Мариинск шаҳридан қорнидаги кучли оғриқ туфайли касалхонага келтирилган. Унинг қорни ушлаб кўрилганда, тиқилиб турган қаттиқ нарса сезилган. Боланинг қандай қилиб, бундай аҳволга тушганини врачлар аввалига аниқлай олмади. Қўшимча текширувдан кейин диагностик лапароскопия ўтказишга қарор қилинди. Натижада диагностикадан кейин ҳақиқатан ҳам ичакда нимадир тиқилиб тургани аниқланган ва операция қилинган. 

“Боланинг ичагига тиқилган 50 сантиметрли сочни олиш учун икки соат вақт кетди”, дейди тиббиёт ходимлари.

Ҳозирда бошқаларга ўхшамаган бемор қизчанинг аҳволи яхши, яқин кунларда уйга жавоб берилади. Умумий жарроҳлик бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Константин Сурцев болалар жарроҳи бўлиб анча йиллардан бери ишлаганига қарамай, бундай воқеани жарроҳлик тажрибасида илк маротаба учратганини тан олди.

Кейинчалик маълум бўлишича, қизчанинг соч ейишига асабийлик ҳолати сабаб бўлган. У мактабда синфдошлари билан келиша олмаган, қаттиқ асабийлашганда эса соч ўримини еган ва шу йўл билан тинчланишга ҳаракат қилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!