«Камалак» кулчаси - нонуштага айни муддао!

10:13, 22 ноябрь

Зарур масаллиқлар (20-25 дона учун): хамирига: 500 гр. ун, 500 мл. сут, 200 гр. маргарин, 1 стакан шакар, 4 дона тухум, 1 чой қошиқ хамиртуруш, туз; ичига солишга: 600-700 гр. творог, ярим стакандан мак ва шакар, мураббо, 4-5 ош қошиқ сметана, ярим стакан шакар, бодом.

Тайёрланиши: 1. Қайнатилган сутга хамиртуруш ва уннинг ярмини аралаштириб солинг-да, хамир тайёрланг. Хамирни устидан сочиқ билан ёпиб, 40 дақиқа иссиқ жойда қўйинг.

2. Тухум сариғини оқидан ажратиб, шакар билан аралаштиринг. Оқини эса туз билан кўпиртиринг. Оширилган хамирга тухум сариғини қўшинг. Кейин хона ҳароратида юмшатилган сариёғ, кўпиртирилган тухум оқи ва охирида қолган унни қўшиб, хамир тайёрланг. Сочиққа ўраб, 1 соат тиндиринг.

3. Сметана ва шакарни аралаштириб, творог солинг. Аралашманинг ярмига мак қўшинг.

4. Хамирдан кичкина зувалачалар олиб, қўлингиз ёрдамида айлана шаклда ёйинг. Кейин айланачаларнинг баъзиларига мураббо, баъзиларига макли творог ва қолганларига творогли аралашмадан солиб чиқинг. 180 даражада қиздирилган газ печига 40 дақиқага қўйинг. Пишгач, оловни ўчириб, газ печида бироз вақт қолдиринг. Ширин кулчаларнинг юзини бодом мағзи билан безаб чиқинг.

Тайёрланиш вақти: 3 соат.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!