«Сочларим тўкилиб кетаяпти, ёрдам беринг!»

11:12, 22 ноябрь

Гўзал сочлар ҳар бир аёлнинг фахри! Афсуски, вақт ўтган сари сочлар секин-аста нозиклашиб, камайиб бораверади. Соч тўкилишининг олдини олиш учун қилган ҳаракатларингиз бесамар бўлса, бунинг сабабини бошқа жойдан қидиринг. Чунки сочлар ҳам худди ўзимиз каби у ёки бу касалликка чалиниши мумкин.

Сананг!

Соч толаларининг кунига 60‑100 дона тўкилиши нормал ҳолат. Яъни бунда соч толалари янгиланади. Аммо бундан кўп тўкилса, демак, сочларингизни даволаш, озиқлантириш, тиклашга шошилинг!

Нега тўкилади?

Асосий сабаблар:

  • организмдаги гормонал бузилиш;
  • стресс;
  • витамин етишмовчилиги;
  • ташқи таъсирлар.

Жиддий хавф – соч тўкилиши гормонал бузилиш ё касаллик аломати ёки асорати бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда косметик воситалар ёрдам бермайди. Бунинг сабаби андроген алопеция касаллиги бўлиши эҳтимоли бор, у эркаклик гормони — тестестерон кўпайиб кетиши оқибатида юзага келади. Бу жараённи тўхтатиш учун эндокринолог-шифокор кўригидан ўтиб, керакли муолажаларни қилиш лозим. Ўзбилармонлик билан даволаниш эса нафақат сочларингизга, балки бутун организмингиз саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Сочларингиз узоқ вақт давомида ва кўп тўкилаётган бўлса, энг аввало қалқонсимон ва ошқозон ости безларини текширтиринг.

Стресс кўп ҳолатларда соч тўкилишига олиб келади. Қанча кўп асабийлашсангиз, соч тўкилиши шунча фаоллашаверади. Бу жараённи тўхтатиш учун аввало тинчланинг ва ортиқча асабийлашмасликни ўрганинг.

Гормонал ўзгаришлар. Аёл организмида ҳомиладорлик ва эмизиш даврида турли гормонал ўзгаришлар рўй беради. Масалан, туғруқдан 8‑12 ҳафта кейин аёлда фаол равишда соч тўкилишини кузатиш мумкин. Унинг гормонал ҳолати ўз ўрнига тушгач, соч тўкилиши камаяди, аммо бу ҳолатда ҳам соч озиқлантириб турилмаса, нозиклашиб, камайиб кетиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун аёллар албатта витамин комплексларини қабул қилиш билан бирга сочларни озиқлантирувчи ниқоблардан фойдаланишлари лозим.

Витамин етишмаслиги. В гуруҳи витаминлари, С витамини, цинк етишмаслиги оқибатида ҳам сочлар тўкилади. Шунинг учун сочларингиз тўкилиши билан бирга тирноқларингиз ҳолати ҳам ўзгараётган бўлса, турли микроэлементларга бой бўлган витамин комплекслари қабул қилинг.

Ташқи таъсирларга эса турли ювиш (шампунь, спрей, мусс) ва қуритиш (фен, дазмол) воситалари киради. Ҳарорат ва кимёвий таъсирлар натижасида сочлар нозиклашиб, тўкила бошлайди.

Даволаш

Дарвонсаль. Бунда махсус ускуна ёрдамида заиф электр токи (100 кГц) билан соч илдизлари даволанади. У лимфа ва қон томирлари фаолиятини яхшилаб, терига антисептик ҳамда қуритувчи таъсир кўрсатади. Шунингдек, у тери остидаги ёғ ажратувчи безлар фаолиятини меъёрга келтириб, ёғли сочлар учун ҳам фойдали.

Сочлар учун озонтерапия. Бунда организмдан зарарли моддаларни чиқариш билан бутун организм тозаланади. Қон кислородга тўйинади. Бу сочларга ҳам таъсир кўрсатади. Озонотерапия натижасида бош терисида қон айланиши ва илдизлар озиқланиши яхшиланади.

Суюқ азот. Бунда махсус аппликатор ёрдамида бош териси бир неча сония давомида уқаланади. Аксар ҳолларда бошқа муолажалар билан биргаликда тавсия қилинади.

Озиқлантириш. Сочларингиз бақувват ва кўркам бўлишини истасангиз, кўпроқ балиқ, яшил сабзавотлар, дуккакли ўсимликлар, ёнғоқ, товуқ гўшти, тухум, кепакли нон, денгиз маҳсулотлари, сабзи истеъмол қилинг.

Табиийсини танланг. Шампунь ва бошқа ювиш воситалари танлаганда иложи борича таркибига аҳамиятли бўлинг, табиийларини танланг. Лак ва бошқа турмакни қотирувчи воситалар сочларга ёмон таъсир кўрсатади. Сочларингиз тўкилиб кетишини истамасангиз, иложи борича бундай воситалардан фойдаланишни камайтиринг.

Одат қилинг. Аёл гўзаллиги унинг саломатлигида. Доимо гўзал бўлишни истаган аёл ҳар ярим йилда ички аъзоларини кўрикдан ўтказиб, текширтириб туришни ўзига одат қилиши керак. Чунки ташқи қиёфангиздаги ўзгаришлар (соч ва юзда) ички касалликлар даракчиси бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Шунингдек, сочларни ҳўллигида тараманг, уларни қаттиқ қилиб ўрманг, турмагингизни вақти‑вақти билан ўзгартириб туринг.

Дўкон ёки дорихоналарда…

Ҳозирги кунда дўкон ва дорихона расталарида сочларни мустаҳкамловчи турли воситаларни кўриш мумкин. Аммо шу билан бирга, сочнинг ҳолати ва тўкилиш сабабларини аниқламасдан бу воситаларни қўллаш кутилган натижага олиб келмаслиги мумкин. Шу боис энг аввало соч тўкилишининг сабабини аниқлаш учун мутахассисга мурожаат қилинг.

Алопекси соч тўкилиши (андроген алопеция)га қарши восита бўлиб, бош терисига суртилади. Воситани қўллашдан аввал албатта шифокор билан маслаҳатлашиш зарур.

Уй шароитида…

Ҳафтада бир марта бўлса-да, сочлар учун турли ниқоблар қилиб туриш мақсадга мувофиқ.

Зайтун ёғи: ярим стакан зайтун ёғини сув буғида иситинг. Сўнг бармоқларингиз билан бош терисига енгил уқалаб суртинг. Бошингизга полиэтилен қалпоқча кийиб, устидан иссиқ сочиқ ўранг. 1‑2 соатдан кейин бошингизни илиқ сувда шампунь билан ювинг. Муолажани 15‑20 марта такрорлаш мумкин. Соч тўкилишининг олдини олиш учун эса бу муолажани ҳафтада 1‑2 марта такрорлаб туриш кифоя.

Алоэ: 3 ош қошиқ алоэ шарбати, 1 ош қошиқ асал, 1 дона тухум сариғини аралаштириб (1 чой қошиқ саримсоқ пиёз шарбатини ҳам қўшиш мумкин), намланган сочлар ва бош терисига суртинг. 20 дақиқадан сўнг сочларингизни илиқ сувда ювинг.

Хина: рангсиз хинани ярим стакан қатиқ билан аралаштиринг. Қуюқ бўтқа ҳосил бўлиши керак. Бўқани сочларингизга суртиб, полиэтилен қалпоқча кийиб, устидан иситилган сочиқ ўранг. Ярим соатдан кейин илиқ сувда чайинг.

Хантал: 1 чой қошиқ қуруқ хантални 2 ош қошиқ аччиқ чой билан аралаштириб, 1 дона тухум сариғи қўшинг. Ниқобни бошга суртиб, полиэтилен қалпоқча кийинг-да, сочиқ ўранг. 20 дақиқадан кейин бошингизни илиқ сув билан ювинг.

Пиёз: 1‑2 дона пиёз шарбатини, худди шунча миқдордаги қатиқ билан аралаштириб, бош терисига суртинг. Полиэтилен қалпоқча ва иссиқ сочиқ билан ўраб қўйинг. 40 дақиқадан кейин сочларингизни илиқ сув билан чайинг. Қатиқ пиёз ҳиди ўткирлигини йўқотишга ёрдам беради.

Уқалаш. Ҳар куни ишдан қайтганингиздан сўнг кечки пайт албатта гарданингиз ва бош терисини енгил уқаланг. Бу бошдаги қон айланишини яхшилаб, соч илдизларига яхши таъсир кўрсатади. Илдизлар яхши озиқланса, соч ўсиши ҳам яхшиланади.

Дермотог‑косметолог Искандар ВОИСОВ билан ҳамкорликда Кавсар АСҲОБОВА тайёрлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!