Фарзандингизга «нозик масалалар»дан сўз очсангиз...

14:44, 22 ноябрь

Одатда, БУ мавзуга ўсмирларнинг қизиқиши кучли бўлади. Ота-оналар учун эса фарзандимга тўғри тушунча бера оламанми-йўқми, деган ўй хавотирли.  Хўш, нозик масалалар хусусида болага қачон ва қай тариқа сўз очган маъқул? Айни мавзудаги суҳбат жараёнида ота ёки она ўзини қандай тутиши керак?

Сизу бизни қизиқтирган шу каби саволларга олий тоифали шифокор, сексопатолог — Рамазон НАЗАРОВ жавоб беради.

Бола қачон англайди?


Тахминан, икки-уч ёшларда кичкинтой қиз ва ўғил болаларнинг танаси бир-бириникидан фарқ қилишига аҳамият бера бошлайди. Ва айни эътибор болада ўзининг ташқи кўринишига бўлган қизиқишни шакллантиради. Қиз бола ва ўғил боланинг аниқ фарқлайди. Синчков гўдак онгида саволлар туғила бошлайди. Демак, унга керакли ва тушунарли жавоб бериш лозим.
Жинсий тарбияга фақат ота-она масъул

Авваламбор, ота-она тушунтириш ишларини ўзи олиб бориши даркор. У фарзандининг саволларига уялмай жавоб қайтарса, қизиқишларига хотиржам муносабатда бўлса, шунингдек, ўртадаги “парда” кўтарилмаса, болада шу мавзуга носоғлом қизиқиш шаклланмайди. Ота-она саволларга жавоб беришдан қочиб, суҳбатлашиш истагини билдирмаса ёки жеркиб, бақириб берса, бола уялиб қолади. Бу ёқимсиз ҳолат унинг ёдида узоқ вақт сақланиб, сиз билан бу мавзуда суҳбатлашмай қўяди ва “беминнат” маҳалладошлардан маълумот олади. Шуни унутмаслик керакки, фарзандимиз “катталар мавзуси” юзасидан илк саволни бергунига қадар биз оиладаги муносабатларимиз, хатти-ҳаракатларимиз билан унга жинслар орасидаги фарқни ўзимиз билмаган ҳолда ўргатиб борамиз.

 

Ҳамма саволга ҳам жавоб бериш шартми?


Жавоб беришни пайсалга солиш яхши эмас: ҳар қандай ҳолатда ҳам бола ўзини қизиқтирган саволга жавоб олмагунича тинчимайди. Фарзандингизнинг қизиқишини, албатта, қондиринг. Жавоблар имкон қадар қисқа, лўнда ва боланинг ёшига мос бўлиши лозим. Баъзан бола бир нарса ҳақида қайта-қайта савол бераверади, бу унинг сиз тушунтирган ниманидир англамай қолганидан далолатдир. Шунда барини бошидан гапириб бермай, уни айнан нима қизиқтираётганини сўранг.

 

Қай ёшда нималар қизиқ?

 

Мактабгача ёшдаги болаларни, биринчи навбатда, тана тузилиши қизиқтиради. Ўғил болалар ва қизларнинг фарқи ҳақида гапираётиб, тўғрисини сўзланг, лекин тафсилотларга берилиш шарт эмас.  

Тахминан 5-7 ёшга келиб, болага “Мен қандай пайдо бўлганман?”, деган савол тинчлик бермай қўяди. Шунчаки “Ойингнинг қорнидан чиққансан”, “Сени лайлак ташлаб кетган”, “Осмондан тушгансан”, деган мавҳум гаплар билан фарзандингизни чалғита олмайсиз. Чунки унда: “Қандай қилиб у ерга кириб қолганман”, “Демак, лайлак ташлаб кетган бўлса, мен ота-онамга бегона эканман-да”, “Мени осмонга ким чиқариб қўйган?”, деган таажжубли саволлар пайдо бўлиши, шубҳасиз. Маслаҳатимиз, жавобни ҳужайралар мисолида тушунтиринг: “Отанг иккимизнинг тўйимиз бўлгач, бир-биримизни жудаям яхши кўриб қолганмиз ва фарзандларимиз бўлишини истаганмиз. Шунда иккаламиз ичимиздаги митти ҳужайраларнинг бирлашишини Худодан сўрадик. Ҳужайраларимиз бир бўлгач, сен пайдо бўлдинг”, деб.

Боланинг 10-12 ёши айни диққат-эътибор талаб этадиган палладир. Бу пайтда фарзандингиз кўп нарсани тушуна олади. Уни энди муҳаббат, севги масаласи қизиқтира бошлайди. Сиз буни меҳр изҳори, деб изоҳланг. Баъзан инсон совға-саломлар, чиройли сўзлардан ҳам кўра, яқинининг қучиши ёки бўсасидан ўзини бахтли ҳис этишини айтинг.

Қийин-а? Аммо зарур. Билсангиз, ўсмирлар билан айнан жинсий ҳаёт ҳақида суҳбатлашиш шарт эмас. Бу уларга мактабдаги анатомия дарси ва саломатликка оид бошқа қўшимча машғулотларда тушунтирилади. Сизнинг вазифангиз эса жинсий ҳаётнинг бошланиши ва ўша даврга тааллуқли соғлом турмуш тарзи ҳақида гапириб беришдир.    
Суҳбатни бошловчи: отами ёки она?

Она ва қиз, ота ва ўғил алоҳида-алоҳида суҳбатлашгани маъқул. Бу вазифани яна буви ва боболарга ишониб топшириш мумкин. Аввало, болакай кимга кўпроқ ишониши ҳамда ким билан уялмай суҳбатлашишини инобатга олиш зарур.

Ибо ва ҳаё пардаси кўтарилмасин!

Фарзандингиз ҳали кичик бўлса, унинг ёнида бемалол кийимингизни алмаштира оларсиз. Аммо катта бўлгани сайин орада ҳаё пардаси сақланиши керак. Уч ёшдан катта болалар ота-онаси кийинаётганда иштирок этмагани маъқул. Бундан ташқари, қизингиз ва ўғлингизга ҳар бир инсоннинг шахсий ҳудуди (бизда бу ётоқхонага тўғри келади) дахлсиз эканлигини тушунтиринг. Масалан, бошқа бировнинг ётоғига киришдан аввал эшикни тақиллатиш лозимлигини, ювиниш хонасида кимдир бўлса, у ерга кирмасликни ёшлигидан ўргатиб боринг. Шунингдек, ўзганинг ва ўзининг танасига қўл текказиш мумкин эмаслигини ҳам эслатиб қўйинг.

 Ҳайз ҳақида қиз болага қачон айтиш керак?
Одатда, оналар қизлари 10-11 ёшларга етганида унга ҳайз ҳақида гапириб беришади. Бу тўғри. Зеро, ҳайз қўрқинчли ва даҳшатли эмас, балки (келажакда) она бўлишга ҳар ойда  тайёргарлик кўриб бориш эканлигини тушунтириш керак. Шунингдек, албатта, гигиена қоидаларига амал қилиш, доимо чиройли ва озода бўлишга интилиш лозимлигини айтиш ҳам фойдали. Бунинг учун эса она қизига кунда икки маротаба душ қабул қилиш ҳамда гигиеник воситалардан қандай фойдаланишни тушунтириб беради. Бу билан қизингизни соғлом турмуш тарзига одатлантириб борган бўласиз.

 Фарзандларимиз эртами-индин, албатта, мустақил ҳаётга қадам қўйишади. Уларни “катталар дунёси”нинг муаммолари ва ёзилмаган қонунлари ҳақида огоҳлантириш  биз, ота-оналарнинг бурчимиздир. Шуни унутмасак, бўлгани!

Дилноза Шуҳрат қизи

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!