Наримон Умаровнинг Хоразмдаги учрашувида демографик муаммолар ортидан келиб чиқаётган касалликлардан сўз очилди

09:36, 23 ноябрь

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров 22 ноябрь куни Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашди. 

Видеомулоқот шаклида ташкил этилган учрашувни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилояти кенгаши раиси ўринбосари Р.Латипов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили И.Абдуллаев йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди. 

Вилоятнинг туман ва шаҳарларидаги сайловчилар билан видеоконференция орқали мулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда жами 3200 нафарга яқин талаба-ёшлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партиянинг вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари аъзолари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров уларга ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади. 

Номзод ўз маърузасида Хоразмий, Беруний, Нажмиддин Кубро каби буюк алломалар, Жалолиддин Мангуберди сингари ватанпарвар саркардаларга бешик бўлган Хоразм вилоятида ҳам мустақиллик йилларида улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилгани самарасида ҳудуд қиёфаси тубдан ўзгариб, аҳоли фаровонлиги изчил юксалиб бораётганини таъкидлади. Жумладан, Питнак шаҳрида ишга туширилган “Хоразм авто” заводида ишлаб чиқарилаётган “Orlando”, “Damas”, “Labo” каби замонавий автомобиллар хонадонларимиз дастёрига айланиб, халқимизнинг узоғини яқин қилиш ва турмуш сифати ошишига хизмат қилмоқда. 

Дастурда “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун” тамойилига амал қилган ҳолда, аҳолининг турмуш даражаси кўрсаткичларини янада яхшилашнинг муҳим шарти бўлган кўп йиллик мустақил тараққиётимиз даврида ўзини тўла оқлаган давлат ижтимоий дастурлари ишлаб чиқиш ва ҳаётга самарали татбиқ этиш тажрибасини давом эттириш, кучли ижтимоий ҳимоя сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга доир таклифлар илгари сурилган. 

Аҳоли кенг қатламларига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш баробарида мактаб ва мактабгача таълим муассасалари доирасида болаларни тиббий хизматлар билан таъминлаш тизимини янада кучайтириш, дори воситаларининг ноқонуний айланиши ҳамда сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш, тиббиёт муолажалари, хусусан, дунёнинг ривожланган мамлакатларида кенг қўллаб келинаётган илғор тиббий хизмат турларини мамлакатимизда ҳам жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилган. 

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати М.Қурбонбоев, Урганч давлат университети доценти Ю.Раҳмонова, Хоразм вилояти онкология диспансери бош шифокори Т.Полвонов, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Р.Рўзметов ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури ҳақида фикр билдириб, сайловга тайёргарлик жараёни миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро нормаларга мувофиқ ўтаётганини таъкидлади. Сайловчиларни 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!