“Тошкент модалар ҳафталиги”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди(Фото)

10:42, 23 ноябрь

22 ноябрь куни «Камолот» Ёшлар ижод саройида кузнинг орзиқиб кутилган тадбири “Тошкент модалар ҳафталиги”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Мода ҳафталиги 6 кун давом этади. У нафақат соҳа етук вакилларининг, балки пойтахт аҳолисининг ҳам диққат марказида бўлди.

Мода ҳафталиги доирасида кеча “Ўзбек бадиий матолари” кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди. Ушбу кўргазмада Ўзбекистоннинг барча бадиий матолари намойиш этилди. Маълумки, ўзбек миллий матолари такрорланмас, ёрқин нақшларга, кўзни қамаштирадиган жилвадор хусусиятга эгадир. Ушбу жилокор матолар нафақат ўзимизда, балки бошқа миллат вакилларида ҳам катта қизиқиш уйғотиши табиий ҳолдир.

Қадимда анъанавий либосларни тикишда карбос, олача, кановуз, шойи, хонаталас, беқасам, банорас, адрас каби матолар қўлланилган. Бундай матолар бўяш санъатининг беқиёслиги, маҳаллий газлама тўқиш усуллари, матолар ранги, бўёғи ва гулларининг бетакрорлиги билан бир-биридан тубдан фарқ қилади.

Ушбу кўргазмада эса нафақат қадимда балки бугунги кунда ҳам урфга кирган адрас, бўз адрас, шойи, эксельсиор, беқасам, абр нақшли бахмал матолар, бундан ташқари Марғилон усталари Мансур Мирзахонов, Абрормирзо Мусинов, Муҳаммадумар Юсуфжонов ва Расул Мирзаахмедовларнинг ҳам замонавий бадиий матолари  намойиш этилди. 

Бухоролик уста Маликахон Ҳабибованинг ҳам набойка матолари иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.

“Анъанавий ўзбек либослари намуналарининг намойиши”да Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича анъанавий миллий либослар тақдим этилди. Жумладан Тошкент-Фарғона, Самарқанд-Бухоро, Сурхондарё-Қашқадарё, Хоразм-Қорақалпоғистон ҳудудлари бўйича анъанавий, миллий либослар томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. 

Маълумки, ўзбек миллий либослари ҳаё, ибо, нафосат ва нафислик белгисидир. Ушбу жиҳатларни анъанавий либослардаги бичимларнинг ноодатийлиги, либосларнинг кўп қаватлигиги, бадиий бежирим безакларнинг ўзига хослиги, бош кийимлардаги рамзий маъноларнинг ўзига хос хусусиятларида кўриш мумкин.

Ҳудудлар бўйича анъанавий либослар Республикамизнинг барча музей фондларида сақланаётган тарихий либослар бўйича тайёрланган нусха намуналари ҳисобланади. Намойиш учун 50 дан ортиқ тарихий либосларнинг нусхалари қайтадан тайёрланган. Уни тайёрлашда “Осиё рамзи” Ўзбекистон республикаси дизайнерлар уюшмаси аъзолари, “Костюм дизайн” кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳамда талабаларининг меҳнати беқиёс.

Ноёб ва қадимий миллий матоларнинг қўлланилиши, бичими ва бетакрор заргарлик буюмлари, олтин ва зарҳалга бой зардўзлиги, баҳор камалаги сингари ранг-баранг кашталари, мураккаб ва нафис нақшлардан ташкил топган бундай тарихий либослар кўргазма иштирокчиларини бефарқ қолдирмади.

Анъанавий либосларда ўзбек миллатининг тарихи ва турмуш тарзини, анъаналари, менталитетга хос маданияти ва қадриятларини кўриш мумкин. Ёш авлод тарбиясида ўзбек миллий либосларининг ўрни жуда каттадир. Дизайнерлар янги ғояларни яратишда тарихий либослардан ижод манбаи сифатида ҳам фойдаланганлар. Бу жиҳатлар эса ёш авлодни маънавий тарбиялашда, келажак авлодга миллий қадриятларимизни тўлиқ етказишда, ўз тарихимизни англашда беқиёс манба бўлиб хизмат қилади.

Кўргазма давомида ўзбекистонлик дизайнерлар Дилноз Эркинова, Дилноза Умурзоқова, Люба Султонова, Дина Сайфийларнинг, чет эллик дизайнерлар хитойлик Хие Жияки, Ву Чуанбо, италиялик Мауризио Песараро, Марио Деллоглио, Люба Поповаларнинг ва қувайтлик дизайнер Лона Алфареснинг муаллифлик либослар намойиш бўлиб ўтиши режалаштирилган.







Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!