Тошкентлик ҳайдовчилар совуқ ҳавода йўловчиларни манзилга бепул элтиб қўйиш фикрини илгари сурмоқда

12:11, 23 ноябрь

Facebook ижтимоий тармоғининг “Водители Ташкента” гуруҳи аъзолари ҳавонинг кескин совиб кетиши муносабати билан янги хэштегни оммалаштирмоқда. #Инсонларни совуқдан қутқараман хэштеги ҳар куни бир йўналишда ҳаракатланадиган ҳайдовчининг йўловчиларни ушбу йўналиш бўйлаб бепул элтиб қўйиш хизматини ўз ичига олади. 

Ҳайдовчилар ижтимоий тармоқдаги гуруҳда алоҳида постлар орқали ўзлари ҳар куни ҳаракатланадиган йўллар ҳақида маълумот бера бошлади. 

“Тушунаман, совуқ ҳавода эрта тонгда автобус кутиш ёки такси тўхтатиш ҳеч кимга ёқмайди.  Улар кутиб туриш ўрнига ҳаракатлана бошлайди”,—деб ёзди ҳайдовчилардан бири. 

Яна бир ҳайдовчи #Инсонларни совуқдан қутқараман хэштеги остида Яккасарой тумани ҳудудида йўловчиларни манзилига бепул элтиб қўйишини айтиб, телефон рақамини қолдирди. Натижада унинг хизматидан 14 нафар йўловчи фойдаланди ва манзилига бепул етиб олди. Бугун, 23 ноябрь куни эса ушбу ҳайдовчи Юнусобод тумани ҳудудида бепул такси сифатида ишлашини маълум қилди. Унинг бу хатти-ҳаракати гуруҳнинг бошқа аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди:

“Беш дақиқадан сўнг чиқиб кетаман. Лисунова кинотеатридан Юнусобод туманигача бепул элтиб қўяман! Бепул”

“Бепул! Талабалар шаҳарчасидан  Беруний,Тинчлик ва Чилонзор метросигача элтиб қўяман”

“Ҳар куни соат 8:00 дан Бектемир туманидаги постдан Вестминистр университетигача бепул элтиб қўяман".

“Бепул! Шастри-Ўрикзор бозори. Чиқиб кетиш вақти 9:30”

“Ҳар куни Дархон—Чилонзор савдо маркази йўналишида қатнайман. Соат 9:00 да уйдан чиқаман. Ушбу йўналишда йўловчиларни элтиб қўйишим мумкин. Сиз эвазига қизиқ латифа айтиб беришингиз керак”

Изоҳларда гуруҳ иштирокчилари жонкуяр ҳайдовчиларга миннатдорчилик билдириб, уларга соғлик ва омад тиламоқда.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!