Мавсумий касалликларга қарши халқона рецептлар

10:20, 24 ноябрь

Айни пайтда боши оғриған, томоғи бўғилган, хуллас, тумов ва шамоллаш аломатларидан безовта бўлган киши борки, буни мавсум инжиқларига йўяди. Ҳар ким ўзича дори сотиб олган, кимдир кимгадир “Фалон дорини ичинг, дарров тузаласиз” дея маслаҳат берган... Тўғри, ҳозир шамоллашда қўлланадиган препаратлар жуда ҳам кўп. Шундай бўлса-да, шифокор тавсия этган муолажа билан биргаликда уй шароитида ҳам баъзи усулларни қўлласангиз, даволаниш жараёни анча илдамлайди. Бунинг учун  осон тайёрланадиган халқона рецептларни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.

Шамолладингизми? Даволаймиз!

Шамоллаш ва гриппга чалинмаслик учун оғиз ва бурунни 3-4 қаватли дока билан ўраб юриш, кўзи ёшланган, тумов аломатлари кузатилаётган кишилар билан мулоқот қилишда эҳтиёткор бўлиш лозимлигини яхши биласиз. Аммо ҳар қанча уринманг, агар иммунитетингиз сустлашса, оддий совуққотиш оқибатида ҳам шамоллаш ҳеч гап эмас. Шундай экан, дарҳол, зарур чораларни қўллаш керак.

“Исиниш” учун...

  • 1 ош қошиқ асалга 1  ош қошиқ наъматак дамламаси, 1 ош қошиқ қорағат ва малина шарбати (ёки мураббоси)нинг сувини аралаштириб, 1 литр  қайноқ сувга дамланади. Дамлама 15 дақиқа усти ёпиқ идишда тургач, кун давомида ярим стакандан уч маҳал ичилади. Мазкур шифобахш ичимлик баданни қизитиб, тер ажралишини кўпайтиради. Бу эса организмдаги шамоллашни қўзғатувчи инфекциялар тер ажралмаси орқали ташқарига чиқишини таъминлайди.

Илк аломатлар сезилдими?

  • Ярим стакан сабзи ва шунча миқдорда шолғом шарбатига 1 чой қошиқдан суюқ асал ва лимон шарбатини аралаштириб, эрта наҳорда ва кечқурун уйқудан аввал ичилади. Бу усул шамоллашнинг илк белгиларида қўлланса, иммунитетни мустаҳкамлашга ёрдам бериши аниқ.

Болажон шамоллаб қолди,  денг?

  • Кичкинтойда шамоллаш белгиларини пайқадингизми, албатта, зарур чораларни қўллашга киришинг. Мисол учун, мана бу усулларни: 1.5 ош қошиқ қуритилган наъматак мевасини 1 литр қайноқ сувга дамлаб, термоидишда 8-12 соат ушланг. Тайёр бўлгач, озроқ асал билан аралаштириб, ҳар 2-3 соатда илиғича ярим стакандан болага ичиринг.
  • 1 стакан қуритилган қорағат меваси барги (дорихона ёки бозор расталаридан топиш мумкин)ни майдалаб, 1 стакан қайноқ сувга дамланг. Усти ёпиқ идишда 4 соат тургач,  кун давомида ярим стакандан 4-5 маҳал ичилади. Қорағат таркибидаги фойдали моддалар заифлашган организмга қувват бўлиб, шамоллашни енгишда асқотади.

Сут ва саримсоқ

  • 1 стакан сутни сирли идишга  солиб, устидан битта саримсоқ пиёз бўлагини майдалаб қўшинг-да, оловга қўйинг. Қайнаб чиққач, стаканга олиб, бироз совутинг. Аралашмани оз-оздан ҳўплаб ичиш керак. Саримсоқ пиёзли сутни болалар ярим стакандан, катталар эса бир стакандан, уйқуга ётишдан ярим соат – қирқ дақиқа аввал ичишлари лозим.

Эслатма!

Оила аъзоларингиздан бирида шамоллаш аломатлари кузатилаётган  бўлса, инфекция бошқаларга ҳам тарқалмаслиги учун хона бурчакларига саримсоқ пиёз бўлагини қўйиб чиқинг. Эрталаблари исириқ тутатинг ва хоналарни тез-тез шамоллатинг.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!