Ўзбекистон чемпионатининг 2016 йилги мавсуми якунланди

10:23, 24 ноябрь

Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси 2016 йилги мавсумга якун ясади. Кеча Олий Лига 30-тури доирасидаги сўнгги ўйинлар ўтказилди. Мавсум якунларига кўра Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси 74 очко тўплаган ҳолда ўз тарихида биринчи бора Ўзбекистон чемпионти ғолибига айланди.

Чемпионат кумуш медалларига пойтахтнинг бошқа бир клуби – “Бунёдкор” эга чиқди. “Қалдирғоч”ларнинг тўплаган очколари сони Қаршининг “Насаф” клуби билан бир хил бўлсада, ўзаро ўйинлардаги устунлик уларга турнир жавалининг иккинчи поғонасида чемпионатни якунлаш имконини берди. “Насаф” бу сафар ҳам бронза медалларини ўзиники қилишга эришди.

Ўтказилган 30 ўйинда 23 очко тўплаб, 16-ўринда чемпионатни якунлаган “Андижон”, келаси мавсумни 1-лигада ўтказадиган бўлди. Унинг ўрнини бу мавсумда 1-лига ғолиби бўлган Самарқанднинг “Динамо” клуби эгаллайди. “Андижон” билан бир хил очко тўплаган бўлсада, тўплар нисбатига кўра бир поғона юқорироқда турнирни якунлаган “Навбаҳор” Олий Лигада қолиш имкониятини қўлга киритиш учун, биринчи лигада иккинчи ўринни қўлга киритган “Норин” жамоаси билан баҳслашади.

Ушбу мавсум Олий Лигада дебют қилган Тошкентнинг “Обод” жамоаси сўнгги турларни ишончли тарзда ўтказиб, мусобақада жон сақлаб қолиш вазифасини уддалади.

Аввалги мавсум чемпиони – “Пахтакор” эса ушбу мавсумда 5-ўрин билан кифояланди. Олий Лига тўпурарлари баҳсида эса “Локомотив” ҳужумчиси – Темурхўжа Абдуҳолиқов 22 голга муаллифлик қилган ҳолда барча рақибларини ортда қолдирди. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!