Хамиртурушли таомлар зарарлими?

10:28, 24 ноябрь

Иссиққина, лўппигина, оппоққина нон ва булочкаларни хамиртурушсиз тайёрлаб бўлмаслигини барчамиз яхши биламиз. Бироқ кейинги пайтга келиб, диетологлар “Семиртиради, модда алмашинувини бузади, ошқозон-ичак касалликларига сабаб бўлади” дея бизни оширма хамирдан тайёрланган маҳсулотларни истеъмол қилмасликка ундашмоқда. Наҳотки, у чиндан ҳам организмга фақат зарар келтирса?

Заҳарли экани ростми?

Авваллари хамиртурушни қандай сақлаш кўпчиликка номаълум эди. Бизнинг замонга келиб эса у қуритилган ҳолда сақланадиган бўлди. Мутахассисларнинг қайд этишича, совуқ ҳароратда хамиртуруш таркибидаги замбуруғлар анабиоз (уйқу) ҳолатига ўтади. Қулай шароит туғилиши билан улар уйғониб, кўпая бошлайди.

Хамиртурушнинг хили кўп. Унинг нон маҳсулотлари ва пиво тайёрлашда ишлатиладиган тури шакарни бижғитиш асносида спирт ва углевод оксид ҳосил қилиш йўли билан ҳосил қилинади. Спирт юқори ҳароратда, яъни нон пишириш жараёнида учиб кетади, углевод оксиди эса хамирнинг ғовак-ғовак бўлиб пишишига хизмат қилади. Табиийки, хамиртуруш таркибидаги замбуруғлар ҳам нон пишаётган пайтда ўлади. Чунки уларнинг яшаши учун энг қулай шароит 37-38 даража ҳароратдаги иссиқликдир. Шу сабабли қайси усулда пиширилишидан қатъи назар, пишган нон таркибида битта ҳам хамиртуруш замбуруғи қолмайди, фақат ундан ҳосил бўлган липидлар, оқсиллар, минерал ҳамда витаминларгина мавжуд бўлади, холос. Шундай экан, хамиртурушдан чиқадиган заҳар ҳақидаги гаплар умуман асоссиз.

Саратон шишларига нима дахли бор?

Кейинги пайтда хориж матбуоти орқали хамиртуруш таъсирида саратон шишлари тез ўсиб кетганлиги ҳақидаги хабарлар чоп этилмоқда. Аммо  мантиқан ўйлаб кўрилса, чет эллик олимлар тажриба ўтказаётган  пробиркалар билан бизнинг организмимиз орасида ер билан осмонча фарқ бор. Қолаверса, саратон ҳужайраларининг кўпайиши ген мутацияси билан боғлиқ ҳолат эканлиги аллақачон исботланган ҳақиқат. Биламизки, ҳар бир инсон танасида саратон ҳужайралари мавжуд, аммо ҳамма ҳам бу дардга чалинавермайди. Атрофга боқинг: ёмон экология, сифатсиз маҳсулотлар, чекиш, спиртли ичимликлар ичиш, стресслар... Хўш, хамиртурушнинг бунга нима дахли бор?

Қўрқмай еяверинг!

Хамиртуруш одам организми меъёрий микрофлорасининг ажралмас таркибий қисмидир. Танамизда хамиртурушнинг 25 – 30 тури мавжуд. Масалан, ичаклардаги массанинг бир граммида юзлаб хамиртуруш ҳужайраларини топиш мумкин. Айтишларича, Абхазиянинг узоқ умр кўрадиган аҳолиси ҳеч қачон хамиртуруш истеъмол қилмас экан. Аммо ёши тўқсондан ўтган бир гуруҳ абхазияликлар тиббий текширувдан ўтказилганида улар танасида хамиртуруш истеъмол қилувчилар билан деярли бир хил миқдорда хамиртуруш ҳужайралари борлиги аниқланди. Демак, гап хамиртурушда эмас, ирсият, экология ва ниҳоят соғлом турмуш тарзидадир.

Яна бир гап. Хамиртуруш – озиқ-овқат саноатида кенг қўлланиладиган бир ҳужайрали замбуруғ. Хамиртуруш таркибида В гуруҳига оид витаминлар, Д провитамини мавжуд бўлиб, улар соғлик учун жуда ҳам фойдалидир.

Яна хамиртуруш ҳақида...

* Айримлар ноннинг хамиртурушсизини истеъмол қилиш керак, дейишади. Аммо ҳар қандай нон таркибида ҳам хамиртуруш замбуруғлари мавжуд бўлади. Чунки уннинг ўзи табиий равишда замбуруғлардан ҳоли эмас.

* Кепакли нонни кўп еб бўлмайди, чунки у ошқозонни ортиқча қитиқлаши мумкин. Шу сабабли кунига бир бурда кепакли ёки қора нон еган маъқул. Буни Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам тавсия қилган.

Шаҳина тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!