“Тирноққа зормиз, шу сабаб оилам бузилмоқда”

10:47, 24 ноябрь

— Совчилар орқали танишиб, турмуш қурганмиз. Бироқ ўн йилдирки тирноққа зормиз. Эрим мени яхши кўради. Шу сабабдан атрофдагиларнинг таъналарига қарамай, йиллар мобайнида мендан воз кечмади. Аммо яқин уч-тўрт ойдан буён арзимаган баҳона билан жанжал чиқаради. Уришавериб, охири отамнинг уйига кетказиб юборди. Бундан аввал эса бошқа аёлга уйланиш ниятида эканлигини айтди. Шунча йил давомида даволанмаганмисиз, деб сўрашингиз табиий, албатта. ҳа, узоқ даволандим, бироқ шифокорлар “Фақат ўзингиз даволанганингизнинг самараси бўлмайди, турмуш ўртоғингиз ҳам текширувдан ўтсин” дейишди. Хўжайним бир муддат шифохонага қатнаб ҳам кўрди. Кейин эса кўп пул кетиб қолаяпти, деб бош тортди. Айтишича, бошқа аёлга уйланиб ўзини яна бир марта синаб кўрмоқчи экан. Қайнонам бўлса, қўшни қишлоқдаги ёши ўтиб қолган бир қизникига совчиликка борди. У қизнинг ота-онаси ҳам ишхонамга келиб, турмуш ўртоғимни сўраб-суруштириб кетишди. Унинг даволанишдан бош тортгани учун болали бўлолмаётганимизни ҳам тушунтиришимга қарамай, қизини эримга турмушга беришга розилар. Энди нима қилишни билмай қолдим, маслаҳат беринг.

Нилуфар, 32 ёш, Сирдарё вилояти.

Қайнонажон: — Одам, тугул, ҳатто мусичанинг ҳам ини бузилмасин деганларича бор. Инсон ҳаётида бир  хатоликка йўл қўйдими, норасоликлар уни қайта-қайта таъқиб қилаверади. Турмушнинг муштларини кўтариш учун мустаҳкам ирода, сабр-бардош керак бўлади. Сизлар ҳам ўртангиздаги ишонч, ўзаро ҳурмат туфайли йиллар давомида тинч-тотув яшаб келаётган экансиз. Ўйлайманки, ўртадаги меҳр-оқибат ҳали ҳам кўтарилмаган. Хўжайнингиз билан яна бир бор гаплашиб, маслаҳатлашиб кўринг. Балки етим боланинг бошини силаб, дардингизга малҳам топарсиз. Ахир бир норасидага меҳр кўрсатиб, кетидан 2-3 та фарзанд кўрганлар ҳам борку орамизда. Имкон қадар оилангизни сақлаб қолишга ҳаракат қилинг. Сизларга мустаҳкам оила, қўша-қўша фарзандлар сўраб қоламиз.

Шаҳноза Халилова, руҳшунос: — Биласизми, кимнидир, мажбурлаб яшашнинг имкони йўқ. Турмуш ўртоғингиз учун ҳам бу қарорга келиши ҳам осон бўлмагани аниқ, сизни алдамай, устингизга яширинча уйланиб олмай, кўнглидаги гапни айтаётган экан, уни ҳам тушунишга ҳаракат қилиб кўриш лозим, назаримда. Аммо ҳурмат қилишим керак экан-да, деб, четга чиқиб олиш ҳам ярамайди. Сиз ҳам ўз таклиф ва шартларингизни билдиришингиз лозим. Нима бўлганда ҳам вақтни бой берманг, ахир у зиёнингизга ишлаяпти. Баъзида ҳаётда таваккал қилиб кўриш лозим, ким нима деса ҳам, ҳал қилувчи қарорни ўзингиз қабул қиласиз.

Саодат ОЧИЛОВА тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!