Эркак киши қачон аёлни қадрлайди?

11:09, 24 ноябрь

Биласиз, киши ҳалол меҳнат қилиб, заҳмат чексагина қандайдир юксак мукофотларга эриша олади. Эркаклар билан муносабатларда ҳам худди шундай. Агар йигит киши ўзини ижобий томондан намоён қилмас экан, сиз ҳам уни тақдирламанг. Меҳр ва ғамхўрлик билан сийлайверманг. У ўзининг шундай муносабатга муносиб эканлигини исботлай олса, бу бошқа гап. Албатта, бунга қадар сиз унга ҳурмат билан муомала қилишда давом этишингиз керак. Лекин синов муддати зарурлигини ёддан чиқарманг. Зеро, ҳар кимнинг асл мақсадини англашда синов энг яхши воситадир.

Муаммоларингизга бефарқ эмасми?

Айтайлик, сиз қандайдир муаммоли вазиятга дуч келдингиз. Эркак киши сиздан “Нима гап?”, “Ишларингиз нима бўлаяпти?”, деб сўраса, билингки, у лоқайд эмас. Унга муаммоингиз нимадалагини айтдингиз, дейлик. Агар эркак шунчаки “Майли, ишларингиз ҳал бўлганида қўнғироқ қилиб қўйинг”, деса ҳеч иккиланмай уни “яхши”лар рўйхатидан ўчиринг. Негаки, бундай пайтда чинакам мард йигит ҳеч бўлмаса жўяли бир маслаҳат бера олиши керак. Масалан, сиз унга телефон (камера, ноутбук, компьютер, машина)ингиз бузилиб қолганини айтдингиз. У дарҳол уста топишга, ҳеч бўлмаса, ўзи тузатишга уннаб кўриши керак. Эркак киши ўзи ёқтирган аёлга ёрдам қўлини чўзишга доимо тайёр туради. Акс ҳолда унга ишониш нотўғри.

Тасаввур қилинг, сизга бегона бир йигит хиралик қилаяпти. Бу ҳақда ўзингиз ёқтирган йигитга айтдингиз. У айбни сизга тўнкаб, муносабатларга ойдинлик киритишга тушиб кетса, албатта, дилингиз оғрийди. Агар у сизни тушунса ва ҳалиги “хира” билан ўзи “гаплашиб қўйиш” фикрини билдирса ёки ундан қутулишнинг қандайдир бошқа чорасини маслаҳат бера олса, бу бошқа гап. Эсингизда бўлсин, ҳамма ҳам қачондир мушкул вазиятга тушиб туради. Бу ҳаёт. Агар сиз танлаган эркак ана шундай пайтда сизни ҳимоя қила олса, вазиятдан чиқишингиз учун биргалашиб чора изласа, демак, у сизга бефарқ эмас. Сиз унга керакли инсонсиз.

Мушкул дамда тиргак бўлсин

Худо асрасин-у, бирор яқин кишингиздан айрилдингиз, дейлик. Сизни қадрлайдиган эркак бундай дамда дарҳол ёрдам қўлини узатади ва таскин чораларини излайди. “Фалончим дунёдан кўз юмганида менга ҳам роса қийин бўлган эди”, деб гапни ўзи томонга бурмайди. Ҳақиқий эркак аёлни йиғлатиб қўймаслиги керак. У қийин кунларда ёнингизда бўлади. Ишсиз қолганингизда, ўқишдан ҳайдалганингизда, ишдан бўшатишганида — нима бўлишидан қатъи назар, у сизга тиргак бўлишни истайди. Ҳеч бўлмаганда яхши гап билан сизни қўллаб-қувватлайди. Бундай эркак меҳр-муҳаббатга лойиқдир.

Унутманг, ёлғон кечирилмайди!

Сиз эса азиз аёллар, қизлар, эркакларга ўзингизни бошқача кўрсатишга уринманг. Бу сизнинг оилавий аҳволингиз, ижтимоий келиб чиқишингиз ва касб-корингизга ҳам тааллуқли. Агар кичкина бўлса-да, сирингиз фош бўлса, эндигина қура бошлаган муносабатларингиз пойдевори қулайди, муносиб номзодни бой берасиз. Ҳатто исмингизни бошқача айтсангиз, кейинчалик ростини билиб қолгач, сизга нисбатан муносабати ўзгарадиган одамлар ҳам бор. Зеро, бу қилиғингиз сизга ишониб бўлмаслигидан далолатдир. Ниманидир дарров айтмаслик мумкин (масалан, туғилган кунингизда ота-онангиз сизга янги машина совға қилишганини, кейинги йил ўқишингизни Сингапурда давом эттирмоқчи эканлигингизни), лекин бошқа масалаларда ёлғон асло мумкин эмас. Дейлик, аввал турмуш қурганингизни, болаларингиз борлигини, ёшингиз ундан катталигини, маълумотингиз ундан юқорироқ ёки пастроқ эканлигини, ота-онангизникида яшашингиз... ва ҳоказолар ҳақида эркак сизга астойдил қизиқаётганини сезишингиз билан айтишингиз керак. Сиз билан биргаликда умр кечириш истагидаги эркак бундай маълумотларни ўз нуқтаи назаридан келиб чиқиб, холисона таҳлил қила олади. Сиз ўз шартингиз, ҳолатингиз, шарт-шароитингизни мулойим тарзда, ётиғи билан тушунтира билсангиз, бас. Қабул қилиш-қилмаслик — унинг иши.

Ҳам кучли, ҳам ожиз аёл — мана, эркакларнинг орзуси!

Аввал ҳам айтган эдим, яна такрорлайман: эркаклар жуда содда бўлишади. Сиз эса ўз ишининг устасисиз — куни билан ишлаб уйга келасиз, аёл, рафиқа ва она сифатида барча вазифаларингизни уддалайсиз, оилавий муаммоларга ечим излайсиз... ва ҳоказо. Хуллас, сиз барига улгурасиз. Биз, эркаклар эса буларни эътироф этамиз ва қадрлаймиз. Эсингизда бўлсин, дунёда бизни фақат бир нарса — сизнинг ёнингизда бўлиш истаги ҳаракатга солади. Бунинг учун биз сизда яхши таассурот қолдиришга уринамиз. Барча-барча уринишларимиз фақатгина шунинг учундир. Сиз — бизни ҳар тонг уйғотишга қодир кучсиз. Бизни ишлаб, пул топишга ундовчи, машина, уй сотиб олишга, ораста ва пўрим кийинишга, соч-соқол тарашлашга, атир сепишга ҳам сиз уннайсиз.  Бир сўз билан айтганда, эришишимиз мумкин бўлган энг юксак мукофот — сиз. Баъзан сизни ранжитиб, ҳаётда асосийси, аёллар эмас, деган бўлишимиз, муҳаббатсиз ҳам яшаш мумкинлигини айтиб, катта кетган бўлишимиз мумкин. Лекин биз, ҳар қачон ва ҳар ерда сиз, аёлларнинг бизларга эркакка қарагандек муносабатда бўлишингизни, меҳрингиз билан сийлашингизни истаймиз. Сизга керак эканлигимизни ҳис этсак, деймиз. Яна ҳам аниқроғи, сиз изн берсангизгина биз ҳақиқий эркак бўла оламиз. Бунинг учун сиз АЁЛ, ҳам кучли, ҳам ожиза бир аёл бўлишингиз керак, холос.

Мавлуда ТОШПЎЛАТОВА.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!