Телефон орқали талоқ тушадими?

11:34, 24 ноябрь

—      Агар эр хотинига жаҳл устида телефон орқали «Уч талоқсан» деса, талоқ тушадими? Агар тушса, унда эрига ҳалол бўлиш учун нима қилиш керак?

 

Саволга Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туман бош имом хатиби, «Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом хатиби Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли жавоб беради.

 

— Ҳозирги кунда телефон орқали, «SMS» орқали, ижтимоий тармоқлар орқали талоқ қилса, нима бўлади, деганга ўхшаган саволлар жуда ҳам кўпайиб кетди. Ва бу масала дин пешволарининг ҳам муаммоларидан бирига айланиб қолди. Негаки, шу каби саволлар кўп ўртага ташланмоқда.

Аввало бир лафзда «Уч талоқсан» дейиш бидъий талоқ сирасига киришини эслатмоқчимиз. Яъни аёлини бирйўла уч талоқ қилган одам ҳаром ишни қилган ҳисобланади. Бинобарин, катта гуноҳга тушиб қолган бўлади. Аммо, бу ҳолатда уч талоқ тушади. Тўрттала мазҳабда эътиборга олинган қавл шундан иборат. Аҳли илмлардан айримларигина бир лафзда учталоқ қилса, бир талоқ тушади деган фикрни ушлагандилар. Аммо, аксарият биринчи айтилган қавлга кўра бир лафзда айтилган учталоқни воқеъ бўлишини таъкидлайдилар. Зеро, юқорида айтилганидек, тўрттала фиқҳий мазҳаб, жумладан, ҳанафий мазҳабидаги ҳукм ҳам шундан иборат. Энди ғазаб масаласига келсак, агар ғазаб инсон ақлини буткул йўқотадиган даражада кучли бўлса, у ҳолда талоқ тушмайди.

Талоқ телефонда айтилса ҳам тушади. Бу эр билан хотин ўртасидаги нарса. Фақат эрининг товушига ўхшаган товушда ёхуд қайсидир электрон дастурлар орқали бошқа биров эрининг товушига товушини ўхшатиб талоқ сўзини айтса ва бу исботини топса, унда тушмайди. Чунки бегона эркак бировнинг аёлини талоқ қилолмайди.

Бордию талоқ «SMS» орқали қилинган бўлса, яъни, телефонда қисқа хат ёзиб талоқ қилинса, унда ҳам талоқ тушади. Фақат баъзи уламолар ва қозилар бунинг учун айрим шартларни қўйганлар. Жумладан, «SMS»ни эри ёзганлиги исботланиши. Чунки бошқа биров эрнинг телефонидан ёзиб юборса, талоқ тушмайди. Воқелик шуни кўрсатадики, биров бировнинг телефонини вақтинчага олиб, шундай ишни қилиши эҳтимолдан холи эмас. Яна аёл киши ўша «SMS»ни қабул қилиб олган бўлиши керак. Мабодо тизимдаги носозлик туфайли ёхуд бошқа сабаб билан ёзилган «SMS» аёлга етиб келмаса, унда қазоан талоқ тушмайди. (Аммо, бу ҳолат эри оғзаки равишда уни талоқ қилгунча давом этади холос. Яъни, ёзилган «SMS» етиб келмаса ҳам эри буни таъкидлаш учун оғзаки равишда ҳам талоқ қилса, талоқ тушади). Шунингдек, аёлга талоқ ҳақида «SMS» етиб келса-ю, эри қаттиқ туриб буни мен ёзмаганман дея инкор қилса ва ўзи ёзганлиги иккита адолатли гувоҳлар билан исботини топмаса, унда ҳам эрнинг сўзига қулоқ солинади ва қазоан талоқ тушмайди. Аммо «SMS»ни ростан ҳам эр ёзган бўлиб, қилган ишидан тонса, унда гуноҳкор бўлаверади. Лекин аёлдан гуноҳ соқит бўлади ва дунёвий қонунларга кўра эр-хотин мақомида яшайдилар.

Агар учталоқ тушса, бу ҳолатда токи аёл бошқа бировга турмушга чиқиб, у билан яшаб, кейин ажралиб боши очиқ бўлмагунча аввалги эрига никоҳланиши мумкин эмас. Лекин учталоқ тушганми, тушмаганми, эр бу сўзларни ғазабнинг қай даражасида айтган ва ҳоказо каби масалалар бевосита шу ишга мутасадди бўлган ташкилотлар орқали ҳал қилинади. Бизда бу масала Ўзбекистон мусулмонлари идорасига мурожаат қилиш орқали ҳал қилинади. Шунинг учун мазкур ташкилотга мурожаат қилиш лозим. 

muxlis.uz сайтидан олинди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!