Ўзбекистон Фуқаролари бўлғуси Президент қандай сифатларга эга бўлишини исташи ҳақида фикр билдирди

11:59, 24 ноябрь

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови — 2016” мавзуидаги ижтимоий сўровнинг иккинчи босқичи ўтказилди.

Тадқиқотнинг биринчи босқичида фуқароларнинг электорал кайфиятидаги ўзгаришлар, уларнинг сайлов кампаниясидан хабардорлиги ўрганилган эди. 

Сўровнинг иккинчи босқичи шу йилнинг 2 - 10 ноябрь кунлари, яъни сайловолди тайёргарлик тадбирлари қизғин паллага кирган пайтда ўтказилди. Умуман, сўровда 2200 нафар киши қатнашди. Уларнинг 50,9 фоизи шаҳар, 49,1 фоизи қишлоқ аҳолисидир. Респондентларнинг 49,5 фоизи эркаклар, 50,5 фоизи аёллар. Ижтимоий тадқиқот мамлакат барча ҳудудида тасодифий-эҳтимолий усулини қўллаган ҳолда ташкил этилди. Сўровда қатнашганларнинг мутлақ катта қисми - 97,5 фоизи шу йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловда, албатта, иштирок этишини маълум қилган. Ваҳолонки, сўровнинг биринчи босқичида бу кўрсаткич 95 фоизни ташкил этган эди. Шунинг ўзиёқ аҳолининг электорал фаоллиги юксалганидан дарак бериб, сайловчиларнинг мустаҳкам гражданлик позициясини, сайлов ҳар бир фуқаро учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини англатади. 

Сўровда қатнашганларнинг фикрича, сайловда иштирок этиш ҳар бир кишининг фуқаролик бурчи. Улар мамлакат Президентлигига халқ ишончини оқлай оладиган муносиб номзод сайланишини исташади. Сайловчилар мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётидаги ўзгаришларга бефарқ эмас. Улар мамлакат келажаги ўзларининг танловига, фуқаролик фаоллигига боғлиқ эканлигини теран англашади. Сайлов участкасига келиб, муносиб номзодга овоз бериш, фуқаролар наздида, ўз мамлакати тақдирига бўлган самимий туйғулари ва унинг келажагига дахлдорлиги ифодасидир. 

Жамоатчилик фикрини ўрганиш мамлакатимиз аҳолисининг бўлажак сайлов ҳақида хабардорлик даражаси жадал ошиб бораётганини кўрсатди. Масалан, респондентларнинг 87,3 фоизи Ўзбекистон Республикаси Президенти Конституция, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали беш йил муддатга сайланишини билишади. Сўровнинг биринчи босқичида ҳамюртларимизнинг хабардорлик даражаси 85,2 фоизни ташкил қилган эди. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, сайловчилар сиёсий партиялар номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига эга эканидан, Президентликка номзодлар, уларнинг сайловолди дастурлари, сайловни ўтказиш тартиби, шунингдек, қайси сайлов участкасида овоз беришидан хабардор. 

Фуқароларнинг Президентликка номзодлар ҳақида хабардорлиги ўсганлиги сайловчиларга сайлов кампанияси ҳақида кенг ахборотлар бериб борилаётгани билан бевосита боғлиқ.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, номзодларга оммавий ¬ахборот воситаларидан Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган тартибда фойдаланишда ҳамда сайловчилар билан учрашувлар ўтказишда тенг ҳуқуқ берилган. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар сайловолди ташвиқоти доирасида мамлакатимиз ҳудудларида ташкил этилаётган учрашувларда фуқаролар номзодларнинг ҳудудларни ва юртимизни янада ривожлантириш истиқболлари акс этган сайловолди дастурларига алоҳида эътибор қаратмоқдалар.

Сўров шуни кўрсатдики, фуқароларнинг мутлақ катта қисми учун оммавий ахборот воситалари мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётидаги воқеалар ҳақидаги ахборотларнинг асосий манбаи ҳисобланади. Сўровда қатнашганларнинг 69,9 фоизи сайлов кампаниясини доимо, 28 фоизи эса имкон борича кузатиб бормоқда. Сўровнинг биринчи босқичида бу кўрсаткичлар тегишинча 68,1 ва 22,3 фоизни ташкил қилган эди. Ижтимоий тадқиқот сайлов кампанияси қизғин паллага кириши билан телевидение, радио ва матбуотнинг оммабоплиги ошиб бораётганини кўрсатди. Сўровда иштирок этганларнинг салмоқли қисми телевидениени сайлов кампанияси ҳақида тезкор, батафсил ва қулай вақтда ахборот бериш манбаи сифатида эътироф қилган. Улар марказий оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарлик кўриш ва унинг ҳуқуқий асосларини, шунингдек, номзодларнинг сайловолди дастурларини ёритишда тезкорлик ва ҳозиржавоблиги билан ажралиб туришини қайд этган. 

Қатнашчиларнинг фикрича, ОАВ сайлов жараёнининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминламоқда. Уларнинг сайлов кампаниясига оид холис ва ишончли ахборотларини ижобий баҳолашган. 

Тадқиқотда Президентликка номзодларнинг шахсий фазилатлари бўйича жамоатчилик фикри билан ҳам қизиқилди. Икки босқичдаги тадқиқот шуни кўрсатдики, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар қандай шахсий фазилатларга эга бўлиши керак, деган саволга сўровда иштирок этган ҳамюртларимиз юксак заковат, мустаҳкам ирода, ҳалоллик ва тартиблиликни ўзида жо этган бўлиши керак, деб жавоб беришган. Номзодларнинг устувор фазилатлари сифатида давлат даражасида фикрлай олиши, сиёсий раҳбарлик тажрибаси, юксак малака, бошқарувнинг ¬замонавий кўникмаларидан хабардорлиги, билимли, демократик тамойилларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлиги, аҳолининг турли ижтимоий қатламлари орзу-умидларини ҳамда манфаатларини ҳисобга олиш истаги ва интилиши, фаол фуқаролик нуқтаи назарига эга бўлиши кўрсатиб ўтилган. 

Ҳар иккала босқичда сўровда қатнашган ҳамюртларимиз бир муҳим жиҳатни, яъни сайлов кампанияси сифат жиҳатдан янги ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий шароитларда ўтаётганлигини, бу халқимизнинг ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда Ватанимиз тараққиётига йўналтирилган иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлида жипслашишига хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлашган. Сайлов арафасида фуқаролар Ўзбекистонда мустақилликнинг илк йилларидан амалга оширилаётган демократик, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар давом эттирилиши аҳоли турмуш даражаси ва сифатининг янада яхшиланишига, мамлакатда тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва миллатлараро тотувлик бундан-да мустаҳкамланишига ишонч билдиришган. 

Ижтимоий тадқиқот таҳлиллари сайлов кампанияси ҳақида фуқаролар хабардорлиги юксак даражада эканлигини кўрсатди. Бундай натижаларга конс¬титуциявий орган мақомига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан кенг миқёсли тушунтириш-тарғибот тадбирлари амалга оширилгани, шунингдек, сайлов жараёни очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, юртимиздаги ҳамда хориждаги оммавий ахборот воситаларида изчил ахборот бериб борилиши орқали эришилди.

Сўров фуқароларимиз кайфияти сайлов арафасида ижобий ва эзгу умидлар билан йўғрилганини яққол кўрсатди. Чунки тадқиқотда қатнашган –юртдошларимизнинг 96,7 фоизи Президент сайлови муҳим аҳамиятга эга эканлиги ва уларнинг ҳаётида ғоят катта ўрин тутишини маълум қилишган. Уларнинг фикрича, сайловда фаол қатнашиш ватанпарварлик, ғурур ва ифтихор, юксак ҳуқуқий маданият, фаол гражданлик позицияси ҳамда Ватан тақдирига дахлдорлик ифодасидир.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази материаллари асосида тайёрланди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!