Ўзбекистонда гриппга қарши эмлаш белгиланган режа асосида ўтказилмоқда

14:33, 24 ноябрь

Қишнинг совуқ кунларида грипп ва ўткир респиратор инфекцияли касалликлар билан хасталаниш бирмунча ошади. Мамлакатимиз аҳолиси ўртасида ҳам мавсумий грипп билан касалланиш учраб турибди. Бундай беморларга ўз вақтида самарали тиббий ёрдам кўрсатиш баробарида ушбу касаллик тарқалиб кетишининг олдини олиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда

Одамлар орасида грипп ва бошқа ўткир юқумли касалликлар вируслари совуқ ҳавода ҳалок бўлади, деган гап юради. Бу нотўғри тушунча. Грипп вируси совуққа анча чидамлидир. Унинг асосан ҳаво томчи йўли билан юқиши тарқалиш хавфини янада оширади. Бу касаллик иммунитети паст, сурункали хасталиги бор беморлар, кекса ёшдагилар, ҳомиладор аёллар ва болаларда оғирроқ кечиши мумкин. Шу боис бундай хасталик ўз вақтида аниқланиб даволанса, гриппдан кейинги асоратларнинг олдини олган бўламиз. 

Шу мақсадда тиббиёт, таълим, мактабгача таълим муассасаларида кенг қамровли профилактика ишлари амалга оширилмоқда. Гриппга қарши эмлаш тадбирлари белгиланган режа асосида ўтказилаётир. Мактабгача таълим муассасалари, мактаб, коллеж ва лицейларда эрталабки тиббий таҳлил олиб борилгани, грипп аломатлари аниқланганларга шу ернинг ўзида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари йўлга қўйилгани ўзининг ижобий самарасини бермоқда. 

Грипп билан хасталанган беморларга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча шифохоналарда қўшимча ўринлар ва дори-дармон захиралари яратилган. Вирусология лабораторияларида тиббий таҳлил ишларини тез ва самарали амалга ошириш учун етарли миқдордаги диагностикум ва тест-системалар мавжуд. Дорихоналарда мавсумий гриппни даволашда ишлатиладиган ва ҳимояланишда фойдаланиладиган дори-дармон, юзга тақиладиган ниқоблар, тиббий ва дезинфекция воситалари стенди ташкил этилган. 

Бирламчи тиббиёт масканлари, клиникалар, ихтисослашган шифо муассасалари, шошилинч тиббий ёрдам марказлари ва бошқа шифохоналарнинг шифокорлари грипп эпидемиологияси, диагностикаси ва даволаш усуллари бўйича малака оширди. 

Эмлаш ҳар қандай юқумли касалликка қарши курашнинг энг самарали усулидир. Бу жараёндаги тизимли ишлар натижасида Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, кексалар, тиббиёт ходимлари бюджет маблағлари ҳисобидан гриппга қарши эмланди. 

Респиратор касаллик белгилари ва ҳарорат кўтарилиши кузатилганда зудлик билан ҳудуддаги оилавий поликлиника ёки қишлоқ врачлик пунктига қўнғироқ қилиб, шифокорни уйга чақириш тавсия этилади. Бугунги кунда барча бирламчи тиббиёт масканларида фаолият юритаётган умумий амалиёт шифокорлари бундай беморга бирламчи ёрдам кўрсатиш борасида етарли билим ва малакага эга.

Яратилган ана шундай замонавий шароитлардан оқилона фойдаланиш ўрнига баъзи инсонлар грипп билан касалланганда ўз билганича турли препаратлар, айниқса, антибиотик дорилар ичишга одатланган. Бу мутлақо нотўғри. Антибиотик дорилар ёки парацетамол ва бошқа препаратлар грипп вирусига таъсир ўтказолмайди. Уларни ичгач, беморнинг ҳарорати тушиб, аҳволи бироз ўнгланиши мумкин. Аммо организмда вирус кўпайиши давом этаверади. Бу жараён қанча чўзилса, инсон организмида шунчалик оғир асорат қолдиради. Хусусан, нафас йўллари, ўпка, асаб тизимлари, юрак, бўйрак каби аъзоларга зиён етади. Бу хасталик шифокор назорати остида вирусга қарши препаратлар ёрдамида даволансагина яхши самара беради. 

Грипп эпидемиологияси, клиник хусусиятлари, олдини олиш ва даволашда қўлланиладиган препаратларнинг шифобахшлигини ўрганиш гриппдан кейинги асоратларнинг олдини олишда муҳим омил саналади. 

Замонавий жиҳозлар билан таъминланган лабораторияда эпидемиологик назорат ишларини амалга оширишда жаҳон илм-фанининг энг илғор ютуғи – полимер занжирли реакция усулидан фойдаланилади. Илмий тадқиқот ва мониторинг ишларини янада кучайтириш мақсадида марказ ҳузурида грипп вирусини ажратиб, уни идентификация қилишга йўналтирилган янги лаборатория очиш юзасидан изланишлар олиб борилаётир. 

Грипп ва ўткир респиратор инфекцияли касалликлар бўйича эпидемиологик назоратни тизимли асосда ташкил этиш мақсадида мамлакатимизда саккизта дозорли пункт фаолият кўрсатмоқда. Ушбу дозорли пунктларнинг барчаси тадқиқотларни ўз вақтида самарали амалга ошириш учун зарур лаборатория ва диагностика воситалари билан таъминланган.

Илмий изланишларни тажриба-синовдан ўтказишда Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Вирусология илмий-текшириш институтининг Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Биоорганик кимё ва Биокимё институтлари билан йўлга қўйилган алоқалар яхши самара бераётир. Олимлар ва ёш тадқиқотчиларимиз бу борада тараққий этган мамлакатларда эришилаётган ютуқлар билан танишиш, юртимизда қўлга киритилаётган янгиликларни кенг тарғиб этиш мақсадида халқаро конференция ва илмий-амалий семинарларда мунтазам иштирок этиб келмоқда. 

Айни кунларда вирусология лабораторияларида илмий-тадқиқот ишлари билан бир қаторда грипп ва ўткир респираторли инфекциялар бўйича эпидемиологик назорат ишлари ҳам тизимли асосда ташкил этилмоқда. Амалга оширилаётган ана шундай лаборатория таҳлили ва мониторинг ишлари натижасига кўра, гриппнинг бирор янги тури пайдо бўлиши ва тарқалиши хавфи аниқлангани йўқ. Бироқ бу хотиржамликка берилишга асос бўлмайди. Гриппнинг мавсумий турлари тарқалиши ва аҳоли саломатлигига зиён етказишининг олдини олиш доимий эътиборда бўлиши лозим. 

Шу мақсадда мутахассислар касалликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг энг мақбул усули сифатида қатор тавсиялар ишлаб чиқиб, тарғиб этмоқда. Бунинг энг маъқул усулларидан бири юзга ниқоб тақиб юришдир. Тўғри ва рационал овқатланиш ва санитария-гигиена талабларига риоя этиш, тўйиб ухлаш, бадантарбия ҳам профилактиканинг муҳим шартларидан бири. 

Бундан ташқари, тозаликка риоя этиш, хонадонларда дезинфекция ишларини йўлга қўйиш, хоналарни шамоллатиш касалликнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Шахсий гигиена қоидаларини доимо ёдда тутиш лозим. Иқлимга мос кийиниш зарур. 

Ҳар ким ўзи ва яқинларини, айниқса, фарзандларини гриппга қарши эмлатишни ўз вақтида ташкил этиши саломатликнинг муҳим омилидир. Ҳозирги кунда эмлаш марказларида гриппга қарши самарали вакциналарнинг бир неча тури мавжуд. 

Хулоса шуки, ўз саломатлигига эътиборли, жисмонан фаол, белгиланган муддатларда тиббий кўрикдан ўтиб, унинг хулосаларига тўла амал қилган инсон ташқи таъсирларга бардошли бўлади. Ана шундай тиббий маданият ва соғлом турмуш тарзига риоя этиш орқали ўзимизнинг ва келажак авлодларимизнинг саломатлигини ҳимоялашга эришамиз.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!