Муддатидан олдин овоз бериш бошланди

14:51, 24 ноябрь

Мамлакатимизда 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига пухта тайёргарлик кўрилди. Сайлов участкаларида сайловчиларга овоз бериш учун барча қулай шарт-шароит яратилган, деб ёзади ЎзА.

Миллий сайлов қонунчилигимизда мамлакатимиз фуқароларининг сайлов билан боғлиқ ҳуқуқлари кафолатланган. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгалиги, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги қонун билан кафолатланиши Бош қомусимизда мустаҳкамланган. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эга. 

Бу тамойиллар «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонунда ҳам ўз ифодасини топган. Қонунда сайлов куни ўз яшаш жойида бўлмайдиган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эгалиги кўрсатилган. 

Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганда бошланади ва сайловга бир кун қолганида тўхтатилади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти округ сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг эътиборига етказилади. 

Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслиги сабаблари (таътил, хизмат сафари, чет элга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида ўз яшаш жойидаги участка сайлов комиссиясидан сайлов варақасини олади. Сайловчи сайлов варақасини олганлиги ҳақида участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо чекади. 

Сайлов варақаси махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади. 

Сайловчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган сайлов варақасини ёпиқ конвертда участка сайлов комиссиясида қолдиради. Конвертнинг елимланган жойига участка сайлов комиссияси икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри ва сайловчининг имзоси билан тасдиқланади. 

Қонуннинг ушбу талаблари асосида мамлакатимизнинг барча сайлов округларида муддатидан олдин овоз бериш тартиби белгиланди. Масалан, 14-Тошкент шаҳар сайлов округининг 2016 йил 18 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонуннинг 31-моддасига кўра муддатидан олдин овоз бериш вақтини белгилаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Унга кўра, 2016 йил 24 ноябрдан 2 декабргача Тошкент шаҳрида сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз бериши белгиланган. Овоз бериш белгиланган кунларда соат 9.00 дан 18.00 га қадар ўтказилади.

Шунга кўра, 24 ноябрь куни пойтахтимизнинг Учтепа туманида жойлашган 34-сайлов участкасида айрим фуқаролар муддатидан олдин овоз берди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!