Қишки пойабзаллар узоқ вақт хизмат қилиши учун…

15:34, 24 ноябрь

Одатда қор-ёмғирда кўчадан оёғимиз жиққа ҳўл бўлиб келгандагина пойабзалимизга ҳам эътибор беришимиз кераклиги ёдимизга тушади.

Оёқ кийим учун «тез ёрдам»

  • Сув ўтказган оёқ кийимни энг аввало устини совуқ сувда ювиб, қуритиш чораларини бошлаш керак.
  • Этик ёки ботинкадаги сувни шимиб олиши учун ичини букланган қоғозлар билан тўлдириш лозим. Жуда ҳўл бўлса, ичидаги қоғозларни бир неча марта алмаштириш мумкин. Пойабзални иссиқлик радиатори, батарея ёки иссиқ плита ёнида қуритиш тавсия этилмайди. Бундай ҳолатда оёқ кийим териси тез қурийди, натижада буришиб, ёриқлар пайдо бўлиши мумкин. Яхшиси, хона ҳароратида қуритганингиз маъқул.
  • Агар оёқ кийимни тезда қуритиш керак бўлса, қоғозлар билан бажарилган жараёндан сўнг чангютгичдан фойдаланиш мумкин. Чангютгич ишлаётганида ундан чиқадиган иссиқ ҳаво ҳўл пойабзални қуритиш учун етарли бўлади. Лекин бу усулни жуда шошилинч вазиятлардагина қўллаш тавсия этилади.
  • Қуриган оёқ кийимни сифатли махсус крем билан артиш керак. Бундай крем бўлмаган ҳолатларда вазелин, глицерин, канакунжут ёки ўсимлик ёғи билан ҳам ишлов бериш мумкин.

Кундалик «парвариш» усуллари

  • Чанг ва лой пойабзал терисини ёғсизлантириб, сув ўтказувчан бўлиб қолишига биринчи сабаблардан ҳисобланади. Шунинг учун кир бўлган оёқ кийимни ечгандан сўнг ювиш лозим. Камида бир ҳафтада бир маротаба пойабзал терисига мос рангдаги махсус кремдан суртиб туриш керак.

  • Пойабзал ўзининг шаклини йўқотмаслиги учун ичини ғижимланган қоғозлар билан тўлдириб қўйиш мумкин.

  • Агар севимли оёқ кийимингиз кенгайиб кетса, уни яна фойдаланиш учун яроқли ҳолга келтирса бўлади. Бунинг учун туфлининг товон турадиган қисмидан юқорироққа 5-6 мм қалинликдаги поролон ёпиштириб қўйиш мумкин.

Локланган пойабзаллар

  • Локланган оёқ кийимларни чўтка ёрдамида тозалаш тавсия этилмайди. Бу билан пойабзал терисига зарар етказиш мумкин.

  • Бундай оёқ кийимларни ҳар куни, айниқса, ёмғир-қорли кунларда кийиш тавсия этилмайди. Намлик ва кир натижасида локланган пойабзалнинг ялтироқ юзаси вақт ўтгани сари хиралашиб боради, шу билан бирга, майда ёриқчалар пайдо бўлиши ҳам мумкин.

  • Янги локланган этикни махсус кремлар билан тозалаш шарт эмас, юмшоқ мато билан артиш кифоя.

  • Локланган пойабзалингиз янада ялтираб туриши учун уни сиркага ботирилган пахтада артиш мумкин. Қуриганидан сўнг этикнинг юзасига ярим бўлак пиёзни суртиб чиқиб, қуруқ мато билан артилади.

  • Бундай пойабзални ялтиратишнинг яна бир усули бор: нам мато билан артилади. Қуриганидан кейин эса озгина ўсимлик ёғини пахта ёрдамида суртиб, оёқ кийимлар учун мўлжалланган махсус духоба лента билан ялтиратилади.

Замш терили пойабзаллар

  • Замш теридан тайёрланган оёқ кийимларни тозалаш ҳозир катта муаммо эмас. Замш тери учун мўлжалланган махсус крем ва спрейларни ҳар бир дўкондан топиш мумкин.

  • Янги замш этикка намлик ва лойдан ҳимоялайдиган махсус крем суртиш лозим. Бундай ҳимоя чораси оёқ кийимнинг кирланиш жараёнини секинлаштиради, доғлар ва лойни осон тозалашга ёрдам беради.

  • Ҳар қандай ҳолда ҳам замш этикни тозалашдан аввал қуритиб олиш керак. Сўнг чанг ва бошқа кирлар чўтка ёрдамида тозаланади. Тозаланиши қийин бўлган доғларни қалам ўчиргич билан кетказиш ҳам мумкин.

  • Агар замш этигингиз жудаям кирланиб кетган бўлса, совунли сувга ношвадил спиртидан (1 ош қошиқ спиртга 5 ош қошиқ совунли сув) қўшиб, бу сувда чўткани ҳўллаб тозаланади. Терида совун из қолдирмаслиги ва чанглардан ҳимоялаш учун сиркали эритмада (бир литр сувга 1 чой қошиқ сирка қўшилади) мато намлаб артилади. Тозалаш ишларини тугатганингиздан сўнг пойабзални буғ устида ушлаб турилади, натижада терининг майинлиги ўз ҳолига қайтади.

  • Замш пойабзалдаги ёғли доғларни бензин ёки тальк сепиб қўйиб, бир неча соатдан кейин чўтка билан тозалаб кетказиш мумкин.

ОРЗУ тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!