Аёлларнинг ишдаги муваффақиятининг 7 сири

15:40, 24 ноябрь

Омадли «ledy» бўлиш осон иш эмас, лекин уддасидан чиқса бўлади. Бунинг қуйидаги 7 сирини кундалигингизга қайд қилиб, керакли вақтда фойдалана олсангиз, албатта омадга эришасиз!

Кундалик

Йил боши янги режалар тузиш учун айни қулай палла. Кундалик дафтар тутинг-да, режаларингизни ёзиб қўйинг. Лекин вақтларини аниқ тақсимлаб чиқинг. Яқинларингиз, қариндошларингизга қўнғироқ қилиш, таваллуд кунлари билан табриклашни катта-катта ҳарфлар билан алоҳида қайд этинг. Режа дафтари билан ҳар доимгидан-да кўпроқ муваффақиятга эришасиз.

Ҳамкасблар билан суҳбатда бўлинг

Иш билан овора бўлиб, ўз қобиғингизга ўралиб қолманг. Албатта ҳамкасблар билан ҳамсуҳбат бўлинг. Шунингдек, иш юзасидан бўладиган учрашувларга ҳам боришни канда қилманг. Бу йўл билан дунёқарашингизни кенгайтирасиз, кўпроқ янгиликлардан бохабар бўласиз. Мазкур омиллар эса муваффақият зинасига навбатдаги одимни қўйишингизга асос бўлади.

Тажрибалардан чўчиманг

Мақсадингиз сари фақат битта йўлдан олға боришга кўникканмисиз? Ҳа, дейишга шошилманг. Чунки баъзан бошқа йўлларни ҳам синаб кўриш керак. Бу эса ўзимга-ўзим ортиқча бош оғриғи орттирдим, дегани эмас. Янги услубни синаб кўриш тажрибангизни оширибгина қолмай, сиз ўйлагандан-да қизиқарли жараёнга айланиши мумкин. Қолаверса, бир масалани қандай йўллар билан ҳал этиш имконияти борлигини ҳам билиб оласиз. Ўзингизга қулай бўлган қолипдан чиқинг. Кўрасиз, натижаси сизни лол қолдиради!

Тезамкор бўлинг

Маблағингизга ақл билан ёндошинг. Уларни ҳавога совурманг, ахир пулларни дарахтдан териб ё ердан супуриб олаётганингиз йўқ.

Кўп қиррали бўлинг

Фақат иш ҳақида ўйлаб, унга буткул шўнғиб кетманг! Тил ўрганиш каби машғулотлар учун ҳам вақт ажратинг. Кейин аттанг қилиб, ўзингизни замондан ортда қолгандек ҳис этишдан фойда йўқ. Отни вақт борида қамчиланг! Ўзингиздаги имконият, қобилиятларни ҳар тарафлама ривожлантирсангиз, омад ортингиздан қувиб юради.

Дам олишга ҳам вақт топинг

Иш ҳеч қачон тугамайди! Шундай экан, кино, сайр, дугоналарингиз билан бир финжон қаҳва ичиш учун вақт топинг. «Йигирма тўрт соат вақт камлик қилади-ку, бу ҳақда гап ҳам бўлиши мумкин эмас», деяпсизми? Унутманг, вақтни тўғри тақсимлаш ўз қўлингизда!

Тарозининг палласини тенг ушланг!

Барча жабҳаларни тарозининг палласида тенг ушлаб туришга эриша олсангиз, муваффақият калити қўлимда деяверинг. Иш ҳам, дам олиш ҳам ўз ўрнида бўлсин. Энг асосийси, меъёрни билинг!

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!