Стивен Жеррард 19 йиллик футболчилик фаолиятини тугатди

17:05, 24 ноябрь

“Ливерпуль” афсонаси, “Лос-Анжелес Гэлакси” клуби ва Англия терма жамоаси собиқ ярим ҳимоячиси Стивен Жеррард фаолиятини якунлаганини маълум қилди. Бу ҳақда BBC портали хабар бермоқда.

“Менда ажойиб фаолият бўлди. “Ливерпуль”, “Лос-Анжелес Гэлакси” ва Англия терма жамоасига раҳмат айтмоқчиман. Мен ўзимни бахтлиман, чунки ажойиб дамларни бошдан кечирдим. “Ливерпуль” сафида сардор бўлиб, ушбу жамоа таркибида 700 дан ортиқ ўйинда майдонга тушганимдан фархланаман.

Фаолиятим давомида буюк футболчилар билан бир қаторда тўп сурдим. Мен билан бирга бўлган мухлислардан миннатдорман. Ва албатта, шунча йиллар давомида менга далда берган оиламга раҳмат. Келгуси фаолиятим ҳақида кейинроқ маълум қиламан”, – дейди англиялик футболчи.

Жеррард аксарият фаолиятини “Ливерпуль”да ўтказган. Клуб миқёсида 36 ёшли спортчи “Ливерпуль” ва “Лос-Анжелес” сафида тўп суриб, жами 729 ўйинда майдонга тушди ва 185 та гол ҳамда 115 та голли узатмага муаллифлик қилди. Англия терма жамоасида 114 ўйинда майдонга тушган Стивен Жеррард 21 та гол киритган. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!