Хатамжон Кетмонов Сурхондарё вилояти ўзининг иқтисодий салоҳияти билан мамлакатимиз тараққиётида алоҳида аҳамиятга эгалигини таъкидлади

09:53, 25 ноябрь

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Хатамжон Кетмонов 24 ноябрь куни Сурхондарё вилояти сайловчилари билан учрашди.

Видеоконференция шаклида ташкил этилган учрашувни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Т.Норбоев очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Ч.Жумақулов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Президентликка номзод Хатамжон Кетмонов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.

Сурхондарё вилояти ўзининг иқтисодий салоҳияти, муҳим географик ўрни, табиий имкониятлари билан мамлакатимиз тараққиётида алоҳида аҳамиятга эга. Биринчи Президентимиз раҳнамолигида мустақиллик йилларида ана шу салоҳият ва имкониятларни воҳа аҳли, бутун халқимиз манфаатлари йўлида ишлатиш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Вилоят иқтисодиёти барқарор ўсиш суръатлари билан ривожланмоқда.

Тўпаланг гидроэлектростанцияси, Жарқўрғон нефтни қайта ишлаш заводи, “Шарғун кўмир”, “Хўжаикон туз” акциядорлик жамиятлари, “Хонжиза” кон-бойитиш мажмуаси каби йирик саноат корхоналари мамлакатимиз иқтисодий тараққиётида муҳим ўрин тутади. Ҳудудда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳам жадал ривожланмоқда. Мазкур соҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 75 фоизга, ҳудудий экспортдаги улуши 58 фоизга етди. Меҳнат билан банд аҳолининг 80 фоизи ана шу соҳада фаолият кўрсатмоқда.

Дастур партиянинг ғоя ва дастурий мақсадларига, хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг парламентдаги кўпчилик – демократик кучлар блокига нисбатан ўзини мухолифат, деб эълон қилгани, бу мухолиф фракция сифатида илгари сурган қатор ғояларга асосланиши таъкидланди.

Корхона ва иш берувчиларнинг тегишли ҳудудлардаги касб-ҳунар коллежларига бириктирилиши ҳамда мунтазам ҳаракатдаги “коллеж – корхона” алоқаларини йўлга қўйиш, ногиронлар меҳнат қилиши учун ихтисослашган корхоналар ташкил этишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш, жумладан, ушбу мақсадда давлатнинг марказлашган сармоялари ҳисобидан бундай корхоналар тармоғини ривожлантириш ва йирик корхоналарга касаначилик иш жойларини ташкил этиш бўйича мажбурий квоталар белгилаш орқали жисмоний имконияти чекланган шахсларни касаначилик фаолиятига жалб қилишни кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

Дастурда ўқиш учун шартнома пулини тўлашга қийналаётган кам таъминланган оилалар фарзандларига шартнома пулларини тўлаётган корхоналарни рағбатлантириш, имтиёзли ва бепул малакали тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини тартибга солувчи тегишли қонун ҳужжатлари ижроси устидан назорат самарадорлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Учрашувда Олтинсой тумани бандликка кўмаклашиш маркази директори Б.Тоғаев, Термиз шаҳридаги 2-оилавий поликлиника бош шифокори О.Жўраева, Термиз шаҳридаги 24-мактабгача таълим муассасаси мудираси Д.Абдуллаева ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури ва унда белгиланган вазифалар хусусида фикр билдирди. Сайловчиларни Ватанимиз келажагини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!