Нукусда стол тенниси бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди

10:29, 25 ноябрь

Нукус Олимпия захиралари коллежида стол тенниси бўйича аёллар ва эркаклар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан жами 110 спортчи иштирок этган мусобақанинг эркаклар ўртасидаги яккалик ўйинларида биринчи ўринни Тошкент вилоятидан З.Кенжаев эгаллади. Иккинчи ўрин ушбу вилоятнинг яна бир вакили Г.Левченкога насиб этган бўлса, учинчи ўринга андижонлик спортчилар Э.Холиқов ва Қ.Тешабоев сазовор бўлди. 

Эркаклар ўртасидаги жуфтлик баҳсларида Андижон вилоятидан Э.Холиқов ва Қ.Тешабоев биринчи ўринни эгаллаб, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. 

Аёллар ўртасидаги яккалик баҳсларда Тошкент шаҳридан Р.Гуфранова биринчи ўринга муносиб, деб топилди. Иккинчи ўринни Тошкент вилоятидан О.Ким эгаллаган бўлса, учинчи ўринни яна ушбу вилоят вакиллари К.Холиқова ва Р.Ким баҳам кўрди. 

Аёллар ўртасидаги жуфтлик баҳсларида Тошкент вилоятидан Р.Ким ва О.Ким жуфтлиги барча рақиблари устидан ишончли ғалабани қўлга киритиб, биринчи ўринни эгаллади. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!