Наримон Умаровнинг ишончли вакили сайловчилар билан учрашди

10:31, 25 ноябрь

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаровнинг ишончли вакиллари жойларда сайловчилар билан учрашмоқда.

Нукус тумани ҳокимлигида ўтказилган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ишончли вакили Р.Ўтербоев сайловчиларни Наримон Умаровнинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан таништирди.

Қайд этилганидек, дастурда "Ижтимоий тенглик – тенг ҳуқуқ ва тенг масъулият демакдир" тамойилига таянган ҳолда фуқароларнинг сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий тенглиги, ҳар бир фуқаро қобилияти ва малакасидан келиб чиқиб меҳнат қилиши кафолатланадиган, меҳнатининг миқдори ва сифатига яраша муносиб иш ҳақи ва ҳаёт даражасига эришиш учун кенг ва тенг имкониятлар яратилган ижтимоий давлат қуриш ғояси илгари сурилган.

Президентликка номзод иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатларда ходимнинг ҳақ-ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш, у билан меҳнат муносабатларини расмийлаштирмагани, ходим меҳнатига ҳақ тўлаш, ижтимоий суғурта қилиш, пенсия таъминоти талабларига риоя қилмагани учун иш берувчи масъулияти оширилиши тарафдори эканини билдирди.

Номзоднинг ишончли вакили билан бўлган учрашувда тумандаги 12-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Б.Сағиндиқов, 1-ихтисослашган давлат мактаби ўқитувчиси Л.Елубоева Президентликка номзоднинг сайловолди дастури ва унда илгари сурилган вазифалар хусусида фикр билдирди. Сайловчиларни 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!