Тошкентда ёш тадбиркорлар бизнес-форуми бошланди

11:50, 25 ноябрь

Тошкентда “Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзуида ёш тадбиркорлар бизнес-форуми бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Республика ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Марказий банк, Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда 120 ёш тадбиркор иштирок этмоқда. 

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Н.Дадахонова, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раиси ўринбосари Ў.Шукуров ва бошқалар Биринчи Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, бунинг учун зарур шароитлар яратиш, ёш тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади. 

2016 йил 14 сентябрда имзоланган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтарди. 

"Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати йигит-қизларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, уларнинг бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари билан ҳамкорликда қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. “Ёш тадбиркор – юртга мададкор”, “Ёш тадбиркор – келажакка пойдевор”, “Менинг бизнес ғоям” каби лойиҳалар ёшларнинг бизнес лойиҳаларини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда. 

Тадбирда соҳа мутахассислари томонидан ёшлар учун бизнесни тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, кичик бизнеснинг юридик мақомини танлаш, тижорат банкларининг кредит сиёсати, бизнес-режа тузиш талаблари, кичик бизнес технологияларини топиш, сотиб олиш ва олиб келиш шартлари бўйича маълумотлар берилди. 

Форумда ёш тадбиркорларнинг ғоя ва ташаббуслари тақдимотлари бўлиб ўтди. Ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, туризмни ривожлантириш, ижтимоий шериклик асосида ёш тадбиркорларни ижтимоий-иқтисодий ҳимоялаш, ёшлар тадбиркорлигига оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни янада такомиллаштиришга оид таклиф ва мулоҳазалар экспертлар томонидан кўриб чиқилди. 

Форумда ёшлар тадбиркорлигини молиялаштириш, замонавий технологияларни ўзлаштириш, экспорт-импорт операцияларини ривожлантириш, ёшлар тадбиркорлигига оид солиқ сиёсати, ёш солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ёш тадбиркорларга бўш турган бино ва иншоотларни ажратиш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!