Сирли мавжудот — Капалак-одам яна пайдо бўлди

12:30, 25 ноябрь

АҚШнинг Ғарбий Виргиния штатидаги Пойнт-Плезанта шаҳри аҳолиси ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида пайдо бўлган Капалак-одамни қайта учратиб, суратга олди, деб хабар берди “Nonbox.ru” нашри. 

Гувоҳларнинг маълумот беришича, бу мавжудотнинг бўйи икки метр бўлиб, инсонга ўхшаб кетади, баданини кулранг тук қоплаган. Унинг оёғи инсон оёғини эслатади, аммо қўллари йўқ. Елкасида, ёзганда уч метргача етадиган қанотлари бўлиб, у кўршапалакнинг қанотини эслатади. 

Унинг яна бир ўзига хос хусусияти катта, одамларни гипноз ҳолатига туширадиган қип-қизил кўзларидир. Мавжудот гапиришни билмайди, аммо аёл қичқириғига ўхшаган овоз чиқаради. Гувоҳлар уни бир неча маротаба суратга олишга муваффақ бўлишди. Шундай суратлардан бири 1967 йилнинг январида, Пойнт-Плезанта шаҳридаги кумуш кўприкнинг қулаши олдидан олинган эди. Гувоҳ қанотли мавжудотни кўприк устида ўтирганда суратга туширган. Декабрь ойида эса мазкур кўприк вайрон бўлиб, оқибатда қирқ олти киши ҳалок бўлган. Паранармол ҳолатларни ўрганувчи тадқиқотчилар бу сирли мавжудот фалокатдан хабар беришини тахмин қилмоқдалар. Шу фалокат воқеалари асосида 2002 йилда “Капалак-одамнинг башорати” номли мистик триллер суратга олинган эди.  

Якшанба, 20 ноябрь куни Пойт-Плезанта шаҳрининг бир фуқароси яна афсонавий мавжудотни суратга олишга муваффақ бўлди. Кечқурун ишдан қайтаётган эркак бир дарахтдан иккинчи дарахтга сакраётган йирик мавжудотни кўриб қолди. У шошилиб фотоаппаратни олганча, қоронғи осмон фонида сирли мавжудотни суратга олди. Уни сезиб қолган мавжудот эса, қанот қоқиб учиб кетди. Эркак суратларни томоша қилганда, табиатда бундай ҳайвон учрамаслигини англади ва зудлик билан маҳаллий “WSAZ” телеканали журналистлари билан боғланди. Бу воқеа ҳақидаги репортаж  Пойнт-Плезанта шаҳрида катта шов-шувларга сабаб бўлди, чунки Капалак-одам анча йиллардан бери пайдо бўлмай қўйганди.

Шаҳар аҳолиси қўрқув билан бир пайтда ўзининг сирли мавжудоти билан фахрланади. Капалак-одам ҳали ҳеч кимга ҳужум қилмаган бўлса-да, у пайдо бўлгандан кейин албатта, бирор фалокат юз беради. “Мабодо сирли мавжудот яна бирор нарсадан огоҳлантириш учун пайдо бўлган бўлса-чи?”, деган фикр одамларни таҳликага солмоқда.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!