100 та пластик операция қилдирган швециялик аёл ташқи кўринишидан қониқмаяпти

12:34, 25 ноябрь

АҚШнинг Шимолий Каролина штатида яшовчи асли швециялик бўлган Пикси Фокс(Pixee Fox) ташқи кўринишини ўзгартириш учун юзлаб пластик операцияларни бошдан кечирди. Бироқ Пиксининг шунда ҳам ташқи кўринишидан кўнгли тўлмаяпти ва пластик жарроҳлик амалиётини давом эттиришини маълум қилди.  

Швециялик аёл олтита қовурғасини олдириб ташлади ва кўкрагини катталаштирди. Шунингдек, аёлнинг айрим органларидан ёғни олиб ташлаш орқали уларнинг шакли ўзгартирилган. 

Гетеборг шаҳрида жойлашган Klinik34 пластик клиникасининг жарроҳи Фредерик Берне (Fredrik Berne) аёлнинг бўкса ва қорнидан ёғни сиқиб чиқарди. Сўнг олинган биоматериални унинг лаби ва бошқа органларини катталаштиришга сарфлади. 

Бу амалиёт Фокс орзу қилган қумсоатга ўхшаш фигура ҳосил қилиш учун ўтказилди. Шифокорнинг фикрига кўра, мижознинг лаблари жуда катталашган, бироқ Фокснинг бундан кўнгли тўлмаяпти. У лабларининг янада каттароқ бўлишини истаяпти.

“Кейинги йил мен яна 10 та жарроҳлик амалиётини қилдирмоқчиман. Шунингдек энг ингичка бел соҳибаси сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига тушиш учун корсет кийишни ҳам бошлайман”,—дейди 26 ёшли Пикси.

Швециянинг унча катта бўлмаган Евле шаҳрида яшовчи Фокснинг ота-онаси қизларининг ташқи кўриниши шу даражада ўзгариб кетганига ишонолмаяпти.  Улар Фоксдан қаттиқ ранжиган. Уни фақатгина опаси қўллаб-қувватлаяпти.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!