Қайси ёшда қандай текширувлардан ўтиш керак?

13:58, 25 ноябрь

25 ёшда...

— Ҳар ярим йилда гинеколог назоратида бўлиш лозим. Боиси бу ёшда бачадон бўйни эрозияси хавфи ва бошқа шамоллашлар кучлироқ бўлади.

Маммолог кўригидан ўтишни ҳам ёддан чиқарманг. Мастопатия ёшликда бошланадиган хасталик.

— Йилда икки маротаба стоматологга ҳам учранг. 

30 ёшда...

— Бу ёшда эндометриоз, бачадон миомаси, тухумдон ўсимтаси, мастопатия каби касалликларга чалиниш эҳтимоли кучли. Шунинг учун бир ойда бир маротаба гинеколог қабулида бўлинг.

— Қалқонсимон без билан муаммолар юзага келиши ҳам мумкин. Бирдан кайфиятингиз бузилса, кечаси ухлолмасангиз, дарҳол эндокринологга кўрининг. Гормонларни аниқлаш учун қон топширинг ва қалқонсимон безни ультратовуш аппаратида текширтиринг.

— Ҳомиладорлик, туғруқ, аборт — буларнинг бари беиз кетмайди. Натижаси сифатида варикоз, грижа ва бавосил пайдо бўлиши мумкин. Шундай экан, жарроҳ кўригини ҳам канда қилманг!

40 ёшда...

— Бу ёшда соғлиққа алоҳида эътибор қаратиш лозим. Охирги йилларда аёллардаги климакс шу ёшда бошланаяпти. Ҳайз кўриш муддатида қориннинг пастки қисми ё белда оғриқ сезсангиз, гинеколог ҳузурига шошилинг. Ҳозирги кунда ҳар уч аёлдан бири миома сабаб бачадондан қон кетиши сабаб жарроҳлик столига ётаётгани ҳеч кимга сир эмас.

— Бир йилда бир маротаба маммография (сут безлари рентгени) қилдириш керак. Эллик ёшдан эса бир йилда икки марта.

— Кўришнинг хиралашиши ва бош оғриғи безовта қилиши мумкин. Бу глаукома — кўк сув касаллигининг аломатлари. Бу муаммодан қутулишда сизга окулист ёрдам беради.

— Қандли диабетнинг иккинчи босқичи ҳам шу ёшда учрайди. Бир йилда камида бир марта қанд миқдорини текшириш учун қон топширсангиз, касалликнинг олдини олган бўласиз.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!