Гормонал дорилар киста пайдо қиладими?

15:48, 25 ноябрь

«Турмушга чиққанимга бир ярим йил бўлди. Аммо ҳали ҳомиладор бўлмадим. Турмуш ўртоғим билан биргаликда даволандик. Барча анализларим яхши чиқди, гормонлар миқдори ҳам жойида. Шифокор 3 ой давомида «Диане-35» гормонал контрацептив воситаси қабул қилишни тавсия этди. Унинг айтишича, гормонал контрацептив воситаси ҳомиладор бўлишни тезлаштирар экан. Бу дорини уч ой эмас, икки ой ичдим. Дори ичишни тўхтатганимга 3 ой бўлди. Аммо ҳанузгача ҳомиладор бўлганим йўқ. Яқинда чап биқинимда оғриқ ҳис қила бошладим. УТТ текширувидан ўтганимда шифокор чап тухумдонимда катта ўлчамдаги фолликула ёриламан, деб турганини, оғриқнинг сабаби эса эндометриод киста эканлигини айтди. Шунингдек, базал ҳароратим ҳам аввалгидан кўра анча паст. Бошқа бир шифокорнинг сўзларига қараганда, базал ҳарорат 37.0 дан ошмаса, фолликула ёрилмас, етилган бўлса-да орқага қайтиб кетар экан. Организмимда содир бўлаётган бу ўзгаришларга ўша гормонал дори воситасини ичганим сабаб бўлаяптими?»

Марҳабо, Самарқанд  вилояти, Оқтош шаҳри

Таҳририятимизга мурожаат қилган ушбу мухлисамизнинг саволларига жавоб бериш мақсадида тиббиёт фанлари доктори, эндокринолог-гинеколог Динара АЗИЗОВАга мурожаат қилдик.

Ҳали фарзандли бўлмаган ёш аёл гормонал контрацептив воситаларни ичиши мумкинми? Бу уларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб, кейинчалик ҳомиладор бўлишига тўсқинлик қилмайдими?

— Агар аёлнинг организмида гормонал ўзгаришлар бўлса, гормонал контрацептив воситалар аёлнинг гормонал фонини яхшилаш мақсадида шифокор томонидан белгиланади. Яъни шифокор тавсияси билан бу каби контрацептив воситалар қабул қилинса, у аёлнинг саломатлигига акс таъсир кўрсатмайди ва ҳомиладор бўлишига тўсқинлик қилмайди.

Баъзи шифокорларнинг фикрига кўра, гормонал контрацептив воситаларни маълум бир вақт ичиш ҳомиладор бўлишни тезлаштирар экан. Шу фикр тўғрими?

— Тўғри. Аёл организмида унча чуқур бўлмаган гормонал ўзгариш бўлса, бу контрацептив воситаларни қабул қила бошлаганида, шифокорлар тили билан айтганда, ребаунд таъсири содир бўлади. Ребаунд таъсир, бу – 3 ой давомида аёл гормонал контрацептив воситасини қабул қилади. Бу вақт мобайнида аёлнинг тухумдонлари дам олади. Дори ичиш тўхтатилиши билан тухумдонлар фаол равишда ишга киришади. Бу асосан, фарзанд кўрмаётган аёлларга нисбатан қўлланилади. Аммо бундай муолажа қилишдан аввал, албатта аёлнинг бутун гормонал саломатлигини текшириш керак. Аёлда гормонал дори ичиш учун бирор-бир қарши кўрсаткичлар бўлса, ушбу муолажа қўлланилмайди. Баъзи ҳолларда аёллар ўзбилармонлик билан гормонал контрацептив воситаларини қабул қилишади. Бу нотўғри. Айрим гормонлар, масалан, пролактин гормонининг миқдори баланд бўлса, бу каби контрацептив дорилар ичиш мумкин эмас. Шунинг учун бу каби муолажаларни, албатта шифокорнинг тавсияси асосида амалга ошириш керак.

Гормонал контрацептив воситалари эндометрийга оид кистанинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкинми?

— Контрацептив воситалари эндометрийга оид кистани ҳосил бўлишига сабаб бўлолмайди. Гормонал дори воситалари баъзи ҳолларда эндометрийга оид кистанинг ривожланишини тў0татиши мумкин. Бу кистанинг келиб чиқишининг асл сабаби ҳали аниқланмаган. Бу борада кўпгина назарий фикрлар мавжуд, аммо улар ўз тасдиғини топмагани боис, бу киста ривожланишининг аниқ сабабини айтиш мушкул.

Эндометрийга оид киста – тухумдонларда аввалига эндометрий ўчоқлари ҳосил бўлади, кейинчалик эса бу тўқималар кистага айланади. Бундай кистани фақат жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш мумкин. Дори воситалари ёрдамида даволаб бўлмайди. Гормонал воситалар фақатгина унинг ўсиб, катталашиб кетишини тўхтатиб туриши мумкин.

— Ҳали фарзандли бўлмаган аёллар ҳам бундай амалиётни бошидан кечириши мумкинми?

— Ҳозирги кунда бундай кисталарни эндоскопия деб номланган жарроҳлик йўли орқали олиб ташланади. Эндоскопия ёрдамида танада унча катта бўлмаган кесиш ҳосил қилиниб, у орқали турли киста ва тухумдон ўсмаларини, бачадон миомаси олинади. Шунда жароҳатнинг битиши тезлашиб, чандиқ (спайка) ҳам кам қолади. Эндометриоз кистаси олиб ташлангандан сўнг аёлда кузатилган гормонал бузилишлар ҳам нормаллашади.

Юқорида мурожаат қилган аёлга келсак, агар уларда эндометриозга оид кистанинг борлиги ўз тасдиғини топса, эндоскопия билан биргаликда лапароскопия ҳам ўтказиш тавсия этилади. Чунки баъзи ҳолларда найларнинг ўтказувчанлиги яхши бўлса-да, шамоллаш сабабли уларда чандиқлар юзага келиши мумкин. Бу чандиқлар уруғланган тухумҳужайранинг бачадонга бориб тушишига тўсқинлик қилади. Лапароскопия ёрдамида найларнинг ўтказувчанлиги ва унда шамоллаш сабабли ҳосил бўлган чандиқ (спайка)лар текширилади ҳамда даволанади. Яъни, даволовчи ва ташхис қўювчи эндоскопия бўлади.

— Киста ҳосил бўлишига организмдаги гормонал ўзгаришлар сабаб бўладими?

— Албатта. Киста икки хил бўлади: яллиғланиш натижасида юзага келган киста ва гормонал киста. Аёлнинг организмидаги гормонал ўзгаришлар сабаб гормонал киста юзага келиши мумкин.

Гормонал дориларни қабул қилиш аёлнинг базал ҳароратига таъсир қилиши мумкинми? Базал ҳарорат 37.0 дан ошмаса, фолликула ёрилмайдими?

— Ҳайз цикли икки давр (фаза)дан иборат. Биринчи циклда организм кучли эстроген гормони ишлаб чиқаради. Эстроген фолликуланинг ўсиб, етилишига таъсир қилади. Мана шу биринчи даврда аёлнинг базал ҳарорати паст бўлади. Фолликула ёрилгандан сўнг ҳайзнинг иккинчи даври бошланади. Бунда аёл организмида прогестерон гормони кўпаяди. Агар фолликула ёрилмаса, бу тухум етилмаганидан далолат беради. Яъни организмда прогестерон миқдори ҳам, базал ҳарорат ҳам кўтарилмайди.

Базал ҳарорат – ҳар бир аёлда турли хилда бўлиши мумкин. Бу аёл организмининг ўзига хослигига боғлиқ. Масалан, баъзи аёлларда базал ҳарорат - 36.2 бўлиши мумкин. Тухумдон етилганида, яъни ҳайзнинг иккинчи даврида эса, бу ҳарорат 4 га кўтарилади. Яъни 36.6 бўлади. Бу эса аёлнинг нормал базал ҳарорати ҳисобланиб, унинг организмида овуляция ва тухум етилганини билдиради. Аёлда ҳайзнинг биринчи ва иккинчи давридаги базал ҳарорат 4 даражага фарқ қилади. Кўриб турганингиздек, овуляция содир бўлиши учун айнан базал ҳароратнинг 37.0 бўлиши шарт эмас.

Нормал базал ҳароратни билиш учун аёл 3 ой мобайнида ҳар куни базал ҳароратини ўлчаши лозим. Айнан мана шу 3 ойлик кузатишга кўра, аёлнинг нормал базал ҳароратини аниқлаш мумкин.

Мурожаат қилган синглимизга эса эндокринолог-гинеколог шифокор назоратидан ўтиб, юқорида айтиб ўтилган ҳолатларни ҳам текширтиришлари лозим. Текширувлар натижасига кўра муолажа белгиланади.

Кавсар АСҲОБОВА

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!