Чустда Сарвар Отамуратовнинг сайловолди дастуридаги энг муҳим йўналишлар ҳақида сўз юритилди

17:27, 25 ноябрь

Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Отамуратовнинг ишончли вакиллари сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ишончли вакили О.Мамадалиев Наманган вилояти Чуст тумани сайловчилари билан учрашди. Учрашувда ишончли вакил номзоднинг сайловолди дастури, ундаги энг муҳим йўналишлар ҳақида сўз юритди.

Номзоднинг дастурида халқаро миқёсда эътироф этилган ва бугунги тараққиётимизнинг ҳаётий дастурига айланган машҳур беш тамойил асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар бардавомлигини таъминлаш, бой тарихий, маданий, маънавий-ахлоқий қадрият ва анъаналар асосида жамиятда юксак ҳуқуқий ва сиёсий маданиятни юксалтириш масаласига устувор аҳамият қаратилган.

Ўзбек халқининг юксак маданияти ва истеъдодини намойиш этадиган, эстетик қимматга эга бўлган қадимий миллий ҳунармандлик турларини қайта тиклаш ва ривожлантириш, ҳунармандлик мактаблари анъаналарини сақлаб қолиш, оила, мерос, уй-жой даъвоси ва бошқа низоларни судгача ҳал этиш тизимини ривожлантириш, туристик фаолият манзилларида, аэропорт ва вокзалларда кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада яхшилаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган давлат дастурини қабул қилиш, миллий ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари ҳам алоҳида эътиборда эканини таъкидлади.

Учрашувда Чуст қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси М.Мухторхонова, Халқаро Қизил Ярим ой жамияти Чуст тумани бўлими раҳбари Н.Тошхонов ва бошқалар Президентликка номзоднинг сайловолди дастури ва унда илгари сурилган вазифалар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Ишончли вакил сайловчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!