Чиққан қиз чиғириқдан нари…ми?

11:07, 26 ноябрь

Турмушга узатилган қиз ҳақида сўз кетса, ҳар қандай одам тўқсон тўққиз хил ҳаётий воқеани мисол келтириши аниқ. Зеро, бу борада ҳар кимнинг ўз айтадиган сўзи, фикри ва ҳақиқатлари бор...

1-ВАЗИЯТ

«Эзгулик йўлида ҳийла ишлатинг!»

Фазилат, келин: — Турмуш қурганимга ўн икки йил бўлди. Уч нафар фарзандим бор. Бундан тўрт йил аввал қайнсинглим оиласидан ажраб, боласи билан бизникига келди. Шу сабаб қайнонам бизни сиғдирмай, ижара уйга чиқариб юборди. Эримнинг қўлида тайинли иши йўқ. Вақтинчалик топган ишидан олган пулини ҳам онасига беради. У кишининг чизган чизиғидан чиқмайди. Ўзим ҳамшираман. Яқинда туғруқ таътилим тугаб, ишга чиқмоқчиман. Қайнонам эса, одатдагидек, оилавий ҳаётимизга аралашишда давом этаяпти. Яқинда тадбиркорлик билан шуғулланиш учун кредит олгандик. Ҳозир шунга ҳам эгалик қилиш ҳаракатида. Ўғлингга суннат тўйи қил, деб ҳоли-жонимизга қўймаяпти. Қандай йўл тутайлик? Ахир, ҳали уй-жой қилишимиз керак. Қачонгача ота-онамга қарам бўлиб яшайман? Ейдиган нонимизгача акаларим, ота-онамдан пул сўрашдан зада бўлиб қолдим.

Таҳлил. Нега, айрим эркаклар бунчалик бўшанг? Ахир, ота-оналаримизни бизга боғлаб бермаган-ку! Улар кексайишади, дори-дармон, уй-жой, озиқ-овқат учун биз ёрдам беришимиз керак бўлган пайтда нон сўраб ўтирсак-а! Агар Фазилатнинг гапига ишонилса, қайнона ҳар доим ҳам тўғри қарор қабул қилолмайдиган кўринади. Ўзи ҳар кунини амал-тақал ўтказиб, ҳаммадан ёрдам кутиб, яна ижарада яшайдиган оиланинг суннат тўйи ўтказишидан кимга наф бор? Тўқни тўйдирган билан обрў топиладими? Фарзандни ҳалоллаш учун эл-юртга ош бериш керак, деган қоида ҳеч қаерда йўқку!

Ечим. Фазилатга ҳам осон эмас, у турмуш ўртоғини уддабурону тадбиркорга айлантириш йўлида кўп тер тўкишига тўғри келади. Болаларига ватан қуриш учун эса биргаликда меҳнат қилиш шарт! Кредит олинган экан, энди уни ақл билан ишлатиш зарур. Ҳар ой тўлов тўлаганга яраша фойда кўриш мумкин бўлган бирор ишни йўлга қўйиш даркор.

Мен билган бир аёл ишдан бўшаб, уйда телевизор ёнига михланиб ўтиришга одатланиб қолган эрини ҳийла йўли билан қандай ишга солганини айтиб берган эди. Аёл эри уйдан кўчага чиқиши билан  уч боласини этагига соларкан-у, онасиникига бориб, уларнинг қорнини тўйғазиб келар экан. Бир-икки кун шу тариқа ҳаёт кечиргач, эри инсофга келган, уйда егулик ҳеч вақо йўқлигига чидаб тура олмай, ишга тушиб кетган. Мардикорлик, қоровуллик қилиб, рўзғор тебратган. Кейинроқ эса у  машина тузатадиган бир йигитга шогирд тушиб, қўли гул устага айланди.

2-ВАЗИЯТ

Топармон келиннинг “каромат”и

Мавжуда, қайнона: — Бундан уч йил бурун Булунғурдан келин туширдим. Қудаларим “Қизимизнинг рўзғор ишига уқуви йўқ, аммо ўзи яхшигина тикувчи”, дейишди. Қўлида ҳунари бўлса, хизматимни қилмаса ҳам, оиламга моддий томондан тиргак бўлар, деб ўйлагандим. Ҳозир келиним Булунғурда цехда ишлайди. Ҳар ой 3-4 миллион сўм даромад килади. Аммо уйга битта нон кўтариб келмайди. Ё рўзғор ишига қарашмайди. Шу пайтга қадар келинларимнинг бирортаси кўзимга тик қарамаган. У эса ўғлимни олиб, уйдан чиқиб кетди. Энди ҳовлини менинг номимга ўтказсангиз, қайтаман, деяпти…

Таҳлил. Истаймизми-йўқми, қайнона-ойижонимиз бу келиним моддий кўмакчи бўлса, қолганлари хизматимни қилар,  деб ўйлаганлари рост. Хўш, бу фикрнинг нимаси ёмон? Албатта, номаъқул томони йўқ. Чунки, она ўғлининг пул билан муомала қилишни эплолмаслигига ақли етгани учун унга топармон-тутармон хотин олиб беришни мақсад қилган. Кутгани бўлмадими? Бўлди, келин пул топаяпти, фақат қайнона бунинг ҳузурини кўрмаяпти. Ишдан чарчаб келадиган келин эса хизмат қилгиси келмай, эрини олиб, бошқа уйга чиқиб кетган. Аммо бу ўринда келинни ҳам яхши иш қилган, деб бўлмайди. Ундан ҳеч ким катта оилани боқишни талаб қилмаяпти. Шунчаки ёши улуғ одамни ҳурмат қилиб, топганидан озгинасини рўзғорнинг кам-кўсти учун бериб турса, олам гулистон бўларди.

Ечим. Шундай келинлар борки, эри пул топмаса ҳам, қайнонаси билан баҳамжиҳат яшаб, оила бирлигини сақлашга ҳаракат қилади. Ишлаб топганини қайнонасига тутқазади, ёши катта одамнинг пулни керакли жойга сарфлашига ишонади. Балки, тикувчи келин ҳамманики бўлган уй-жойга ҳисса қўшгиси келмай, мустақил ҳаёт кечиришни истагандир. Қайнона-ойижон, эҳтимол, келинингиз ёшлик қилиб, чуқур мушоҳада юрита олмаётгандир. Сизни тушунмаган одам билан курашиб ўтирманг. Ҳали болалари кўпайса, ёрдамингиз, маслаҳатингиз зарур вазиятларда қадрингизга етади. Онасиникига пул ташиётгани рост бўлса, ўйлаб кўринг-чи, бирор лозим андангизни каттароқ сўраб, қудангиз тарафни қийнаб қўймаётганмикинсиз? Кўпинча, келинлар онам бешик тўйда тузукроқ нарса олиб келсин, қайнонамга ёқсин, деб зимдан ёрдам бериши мумкин. Яна шуниси ҳам борки, агар келинингиз ўз оиласининг келажаги учун пул йиғаётган бўлса, бундан фақат хурсанд бўлиш керак.

3-ВАЗИЯТ

“Худбин хотинга йўлиқдим”

Ботир, эр: — Ёшим 29 да. Шу ёшга киргунча илмий иш қилиб, фан номзоди бўлдим. Биласиз, илм билан шуғулланган одамга ҳар жиҳатдан моддий-маънавий кўмак зарур. Шунгами, ўзига тўқ оиладаги бир қизга уйландим. Хотинимга тўйдан аввал режаларим катта эканлигини, ўқишни тугатгач, тўлақонли ишлай олмаслигим, аспирантнинг ойлиги катта бўлмаслигини тушунтиргандим. У ҳаммасига рози бўлиб, мен билан турмуш қурди. Аммо тўйдан кейин икки-уч ой ўтгач, уйимизда ҳар куни пул сабаб жанжал бўлаверди. Хотиним мени ёлғиз катта қилган, ҳамма нарсага кўнадиган, қайноналик ҳам қилолмайдиган муштипар онамни қолоқликда, оиламизни эса ночорликда айблай бошлади. Қулоғим тинчисин, деб қачон хоҳласа, ўшанда онасиникига боришига кўнавердим. Қайнотам ёмон одам эмас, мени тўғри тушуниб, қизини койиб турарди. Шундаям у эркалик қилиб, куни бўйи онаси билан бозорма-бозор, кафема-кафе юришни одат қилди. Хотинимнинг фикрича, бизнинг уйда “минимум” ҳаёт кечирилар экан. Қайнотам эса қизи истаганидек, рўзғоримизни “максимум” даражада бутлаб берган пайтлар ҳам бўлган. Аммо ундан бошқа куёвларига ўхшаб уй, машина сингари совғалар олмаганман.

Ўтган йиллар мобайнида ичимдан зил кетиб яшадим. Орадан тўрт йил ўтиб, фан номзоди ҳам бўлдим. Диссертациямни хорижий тилда ҳимоя қилганим боис, чет элликлар билан ҳамкорлик шартномаси имзолашга муваффақ бўлдим. Мана, энди ойлигим ҳам катта. Аммо хотиним барибир топганимга қониқмайди. Уйидан янада кўпроқ пул ташийди. Бизга эмас, ўзига ишлатгани билан, барибир, охирги пайтда буни ғурурим кўтармаяпти. Устига-устак ўртамизда бола ҳам йўқ. Шамоллаши борлигини айтади-ю, даволанишга уринмайди. Авваллари “Кандидат бўлиб олсангиз, туғаман” дея куларди. Мана ўша кун келди. Аммо у шифокорга боришни хаёлига ҳам келтиргани йўқ. Ўзим эса соғломман, назаримда, худбин хотиним фақат ўзи учун яшашга ўрганиб қолган. Мени алдаб, атай ҳомиладор бўлмаяпти, кўзимга чўп суқаяпти.

Таҳлил. Аввалбошдан сабр қилмайдиган, катта оғиз қизга кўнгил қўйган олим йигит охири шундай бўлишини  била туриб, шу қарорга келган. Келин эса вақт ўтгани сайин улғайиш ўрнига, ёш болага ўхшаб, янада баландроқ овозда “Менга конфет берасан” дея хархаша қилишда давом этаяпти. Жилови бўш қўйилган хотин отаси кўрсатган ёрдамлар ҳақида айтиб, буни эрининг юзига солишни ҳам одатга айлантирган. Эндигина иши ўнгланган, молиявий имкониятлари яхшиланган эрнинг баъзи таъқиқлари унга эриш туюлаяпти. “Яқинда ким эдинг-у, энди ким бўлдинг, уйимдан келган гўштга овқат қилиб егандинг, ана энди уйимдан келган пул ёмон бўлиб қолдими”, деган фикр уни тинч қўймаяпти.

Ечим. Келинпошша, бироз тин олинг! Оилангиз билан ажрашиш фикрида бўлганингизда, эрингизни ёқтирмаганингизда ўша пайтдаги қийинчиликлардаёқ ундан воз кечган бўлардингиз, тўғрими? Бизнингча, сизда бундай фикр йўқ. Андишанинг отини қўрқоқ, деманг. Чидай олсангиз-олмасангиз, эрингиз сиздан воз кечиб юбориши сизга қараганда осонроқ. Чунки унга бола туғиб беришдан бош тортаяпсиз. Тўғри, аввалига бунинг учун  сабабларингиз етарли бўлган. Шу боис сизни кўп ҳам айблаб бўлмасди. Лекин энди-чи? Энди нимани кутаяпсиз? Академик бўлишиними? Ёлғизликда фарзанд ўстирган қайнонангизни менсимас экансиз, ўғлига тегиб, нима қилардингиз? Нега, унга яхши муомала қилмайсиз? Набирали бўлишдек бахтдан уни мосуво этмоқчисиз? Эрингиз билан фахрланинг. У дугоналарингиз, опа-сингилларингиз каби сизни хорижий машинада, ҳашамат ичида яйратиб қўймагандир, лекин унинг бошқаларга нисбатан устун томонлари борлигини биласиз-ку! Ақлингизни йиғиб олмасангиз, эрингизни, оилангизни бой беришингиз тайин.

Азиза Қурбонова тайёрлади. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!