Сўнгги лаҳзаларда омон қолган бахт

12:03, 26 ноябрь

Туш кўрдим, ғалати туш. Тўйимда кийган оппоқ туфлим эскириб, ранги униқиб кетганмиш. Онам: «Энди кийиб бўлмайди, ташлаб юбор», дебдилар. Ташлайман десам, жойида йўқ. Шу пайт эримни кўриб қолибман ва ундан пойабзалимни сўрабман. У бўлса: «Туфлингни таъмирлатиб қўйдим, янгидек бўлди. Келсанг, кийиб юраверасан», – дермиш…

Беш кундан кейин онамникига келганимга олти ой тўлади. Айтишларича, эр-хотин олти ой бирга яшамаса, талоқ тушармиш. Шуни ўйлаб, эзилиб юрган кунларим бу туш юрагимни баттар сиқди. Нима қилишга ҳам ҳайронман.

Ўн саккиз ёшимда ёр-ёру ўланлар билан ота уйимни тарк этиб, келинлик остонасига қадам қўйганимда, шу хонадонда ували-жували бўлиб, униб-ўсиб кетаман дея ният қилгандим. Аммо ниятнинг ўзи кифоя эмас экан. Катта даргоҳда қайнона-қайнота, овсину қайин-бўйинлар билан тил топишиб кетишнинг ўзи бўлмади. Бу ҳар бир келиннинг бошида бор нарса, мен ҳам кўникдим, эпладим. Бироқ Яратганнинг амрига боғлиқ ишлар борки, инсон қанчалар уринмасин, ожиз бўлиб қолавераркан. Икки ярим йил давомида бўйимда бўлмади. Овсинларим келин бўлиб тушганига бир йил тўлар-тўлмас туғиб бергани учун мен ўз-ўзидан «бепушт», «туғмас», «қисир сигир»га чиқдим. Ҳатто мендан кейин тушган овсиним ҳам фарзандли бўлди. Орада гап-сўз кўпайди. Муносабат ҳам умуман ўзгарди. Мен шунчаки бир хизматкор, тилсиз-забонсиз қул эдим. Қайнонам ёнида овсинларимни ял-ял яшнатиб турли йиғинларга олиб борар, мен эса уларнинг боласини боқиб ўтирардим. Овсинларим ҳар икки ҳафтада онасиникига кетиб, уч кунлаб қолиб кетишарди, мен эса бир ойда бир марта зўрға борардим. Ҳеч ким мени бирон марта бўлсин шифокор ёки табибга кўрсатиш ҳақида ўйламасди. Аввалига имо-ишораю турли хатти-ҳаракатлар билан туғмаслигимни юзимга солсалар, охирги пайтлар очиқ-ойдин айтадиган ва бу хонадонни тарк этишимни талаб қиладиган бўлдилар. Эрим билан муносабатимиз яхши бўлгани билан ишга эрта кетиб, кеч қайтгани учун асл аҳволни билмас, онаси ва келинойиларининг айтганларига ишониб кетаверарди. Охири сабрим тугаб, бир куни тонгда тугун-терсагимни кўтардиму, онамникига кетвордим. Бу билан эримга аҳволнинг нақадар оғирлиги ҳақида айтмоқчи, жар солмоқчи эдим. Ўйлашимча, у «жонидан ўтиб кетибди-да, бекорга кетмаган» деб ўйлайди ва мени олиб кетгани келади. Шунда мен ота-онам билан бирга унга ҳаммасини айтиб бераман.

Афсуски, ундай бўлмади. Мана, орадан олти ой ўтса ҳамки, дарак йўқ.

Келганимга бир ҳафта тўлгач онам мени шифокорга олиб борди. Текширувлардан маълум бўлишича, мен йигирма бирга тўлмаган дуркунгина аёл бўлганимга қарамай, ички аъзоларим ҳали балоғатга етмаган, оналикка тайёр эмас эканман. Маълум муолажалар ва дори-дармонлардан кейин тузалиб кетишим ва ҳали бир этак фарзандли бўлишимни айтиб, қувонтирди. Дарҳол даволашни бошлаб юбордик, лекин келинлик уйимдан садо чиқмади. Ота-онам ҳам хор қилдириб қўядиган қизимиз йўқ, деб мени у ёққа юборишмади. Аксинча, эри билан ажрашди, деб гап чиқаришди. Ваҳоланки, на «талоқ» сўзи тилга олинган ва на паспортимга ажрашиш муҳри босилган эди. Шунга қарамай остонамизга совчилар кела бошлади. Ахир, мен эндигина йигирма бирга тўлаётган, ёш ва гўзал қиз эдим. Бунинг устига фарзандим ҳам йўқ. Бироқ келаётган совчиларни кўриб хўрлигим келарди. Қирқ ёшлардаги бир киши одам жўнатибди, хотини ўпка касалидан вафот этган, беш фарзанди бор эмиш. Менга бошқа фарзанд керак эмас, шу болаларимга оналик қилса бас, дебди. Аммо мен ҳали она бўлишдан умидимни узмаган ёш аёлман-ку. Қандай қилиб мендан фарзанд кўришни истамаётган инсонга турмушга чиқишим ва унинг болаларига оналик қилишим мумкин? Яна бири бўлса шунчаки хотин устига сўраб келибди. Айтганимни муҳайё қилармиш, никоҳ ҳам ўқитармиш, фақат хотинидан ажрашмасмиш. Ахир, мен ҳали бировнинг хасми халолиман-ку. Бировнинг хасмига кўз олайтирган инсоннинг халол яшашига ишониш мумкинми?!

Умуман, булар иккинчи даражадаги гаплар. Асосийси, мен кўз очиб кўрганим – турмуш ўртоғимни севардим. Қариндошларига хўрлатиб қўйгани, ёнимни олмагани, ортимдан келмагани, олти ойгача соғинмагани – буларнинг барини онам бот-бот ёдимга солиб турса-да, ўзимни бошқа инсон билан тасаввур ҳам қилолмас, фақат уни дердим. Ўйлайверганим учун бўлса керак бугун шу тушни кўрдим. Энди бир қарорга келгандим. Онамга шифокорга кетаяпман, дедиму эримникига йўл олдим. У ерда мени қандай хабар кутиб турганини билмасдим хали.

Ўша куни 12 март эди. Бир пайтлар оппоқ либос билан қадам қўйганим ушбу хонадон бу сафар мени тантана билан кутиб олмаслигини билардим. Аммо 24 мартда, яъни яна ўн икки кундан сўнг эримнинг уйланаётганидан бехабар эдим. Ҳа, мен ана шундай ноқулай бир пайтда қайтиб келдим. Қайнона-қайнотам, овсинларим бор гапни айтиб, уйдан кетишимни талаб қилишди. Менинг ҳам ўжарлигим тутди. Қолаверса, суюкли ёримни жангсиз бировга бериш ниятим йўқ эди. Аввалига ўшанда гап-сўзларга чидай олмай, эрим билан бир оғиз маслаҳатлашмай кетганим учун ҳаммадан кечирим сўрадим. Кейин ҳали ҳам шаръан ва қонунан унинг хотини эканимни, ҳали эримга бир этак бола туғиб беришимни айтиб, хонамга ўтириб олдим. Бу хабар тушаётган келин томонга етиб боргач, бўлажак (аниқроғи, энди бўлмайдиган) қудалар етиб келиб, тўйни бузиб кетишди. Эрим ва қариндошлари бир муддат менга ёвқараш қилиб юришди, айниқса, қайнонам ҳар икки гапининг бирида қайтиб келганимни юзимга солар, барибир туғмаслигимни айтиб, эримни мени талоқ қилишга ундарди. Лекин у талоқ қилмади. Бирга яшаб кетдик. Буни қарангки, Яратганнинг марҳамати билан орадан икки ой ўтиб ҳомиладор бўлдим.

Бирин-кетин уч қиз кўрдик. Эримнинг борига ҳам, йўғига ҳам кўниб яшадим. Қийналган пайтлари руҳан қўллаб-қувватлаб турдим. Ҳеч қачон «Сенга тегиб нима кўрдим, боқишни эплолмасанг, уйланиб нима қилардинг?» деган гапларни оғзимга олмадим. Вақт ўтиши билан ҳаммаси изга тушиб кетди. Эрим ҳам ўзини ўнглаб олди. Фақат…

Ўғли йўқлигидан бир оз хафалигини сезардим. Қайнонам ва овсинларим яна отни қамчилай бошлашди. «Бунинг фақат қиз туғади, ўғил кўрмай ўтиб кетасанми? Шунча давлатинг бор, ўғил туғиб берадиганига уйлан!» — деган гаплар билан унинг қулоғини қоматга келтира бошлашди. Бир куни яна шундан гап бошланганда, ойнадан эшитиб қолдиму, шартта кириб айтдим:

– Қанақа ношукурсизлар-а ўзи? Туғмайсан, дединглар, бир эмас учта туғдим. Энди ўғил туғмайсан, деб яна эримни мендан совутмоқчисизлар? Ахир, Худонинг амрига ким қарши бора олади?! Агар бизнинг бирга бўлишимизни истамаса, Аллоҳ учраштирармиди, шунча гап-сўздан кейин қайта топиштирармиди? Мана шу уч қиз ҳам сизнинг авлодингиз-ку! Қайси виждон билан уларни отасидан айирмоқчисиз?

Шундай деб йиғлаб юбордим. Эрим «чиқ-чиқ» деб мени олиб чиқиб кетди. Негадир ўша кунларда жуда асабий ва инжиқ эдим. Орадан икки кун ўтгач сабабини билдим: ҳомиладор эканман.

Бу сафар ўғил кўрдик. Энди бахтимиз тўкис бўлди. Лекин бу тўкис бахтга эришиш учун эрим иккимиз роса машаққат чекдик. Баъзида у ҳазил аралаш: «Ўшанда бир ақлинг ишлаб, зап қайтиб келгансан-да, хотин», – деб қўяди.

Оилавий бахт шундай нарсаки, ўрни келганда унга эришиш учун паст тушиш, ён бериш, ўзингиз ишонган ҳақиқатлардан воз кечиб, янгиларини яратиш керак. Менинг ҳолатимда эса ҳатто ота-она раъйига қарши боришга ҳам тўғри келди. Аммо ҳозир улар менинг бахтимдан қувониб ўтиришибди. Ҳеч қачон ажрашиш масаласида шошмаслик, оилани турли майда-чуйда гап-сўзларга қурбон қилмаслик лозим. Ажрашиш – бу энг сўнгги чорадан кейинги чора, балки умуман чорасизликдир.

Шаҳноза СОАТОВА ёзиб олди

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!