ЎзЭОАВМА томонидан Президент сайлови жараёнини ёритиш бўйича Пресс-клуб ташкил этилди

15:22, 26 ноябрь

Юртимизда жорий йил 4 декабрда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараён — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига 7 кун қолди. 

Ушбу сана яқинлашгани сайин аҳолининг бу сиёсий жараёнга қизиқиши тобора ортмоқда. Бугун пойтахтимиздаги International Hotel Tashkent меҳмонхонасининг Crystal Ballromm конференциялар залида ЎзЭОАВМА томонидан ташкил этилиб ўз ишини бошлаётган пресс-клубнинг илк йиғилиши  бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон Электрон Оммавий Ахборот Воситалари Миллий Ассоциацияси Бошқаруви Раиси Фирдавс Абдухолиқов журналистларга мазкур Пресс-клубнинг мақсад ва вазифалари тўғрисида тушунча берди. 

Пресс-клубни тузишдан асосий мақсад аҳолининг сайлов жараёнига қизиқишларига тезкорлик билан жавоб қайтарадиган ахборот макони бўлиб хизмат қилади. 

Юртимизда фаолият юритаётган барча ОАВ журналистларини ўз атрофига бириктирган пресс-клуб 30 ноябрдан расман ўз ишини бошлайди. 

Пресс-клубнинг расмий очилишда Марказий сайлов комиссиясиннинг раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази директори Акмал Саидов, ўз номзодларини кўрсатган партия вакиллари ҳамда маҳаллий журналистлар билан бир қаторда халқаро ОАВ воситалари вакиллари иштирок этади. 

6 декабрга қадар фаолиятини олиб борадиган пресс-клуб муҳим сиёсий жараёндаги барча баҳс-мунозара, мулоқот ва ахборотлар билан бир қаторда сайлов куни натижаларини ҳам тезкорлик билан аҳолига етказишга хизмат қилади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!