Жаҳон андозалари: ким қандай тарбиялайди?

09:53, 28 ноябрь

Немисларнинг боласи ундоқ, японларники бундоқ деган гапларни кўп эшитганмиз. Айрим ўринларда уларнинг бола тарбиялаш усулларига қўшилмасак-да, кўпда ҳавас қиламиз. Қуйида биз жаҳоннинг қатор мамлакатлари, ўзга миллатларда фарзанд қандай тарбияланиши, нималарга асосий эътибор қаратилиши ҳақида ҳикоя қиламиз. Ҳар ҳолда, ўрганса арзийдиган жиҳатлар мўл.

Голландия: дунёдаги энг бахтли болалар

Бу мамлакатда фарзанд туғилиши биланоқ шахсга айланади. Голландларда болаларга бақириш, айниқса, уларни уриш мумкин эмас (бунинг учун ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилади). Болалар эркин ва журъатли этиб тарбияланади. Шу сабабли ҳар қандай кичкинтой танишу нотаниш кимса (масалан, автобус ҳайдовчиси, сотувчи) билан бемалол суҳбатга киришиб кетаверади. Катталар нотаниш бўлса-да, кичкинтой билан ҳурмат юзасидан мулоқот қиладилар, унинг саволларига эътибор билан жавоб берадилар. Голландияда болаларнинг ҳуқуқи юқори даражада ҳимоя қилинган, улар учун ҳамма шароитлар яратиб берилган. Аммо интизом масаласи қаттиқ қўйилган. Болалар жуда эрта — кечки соат 7-8ларда уйқуга ётишади. Катталар эса соат 22-23да. Ўйинчоқлар фақат байрам ёки бирор каттароқ сабаб туфайли олиб берилади. Яна уларга ёшлигиданоқ турли қонун ва қоидалар яхшилаб ўргатилади ҳамда қатъий амал қилиш малакаси сингдирилади. Шу сабабли голландлар қонунни ҳурмат қилувчи инсон бўлиб етишадилар.

Швеция: «Ура, шанба! Конфет есак бўлади!»

Швецияда болаларга жисмоний жазо бериш 1979 йилдан қонун томонидан тақиқланган. Швед ота-оналари фарзандларига эркинлик бериш қаторида, уларни ўзларига тенгдек муносабатларии туфайли жаҳонга машҳур. Бироқ улар жуда қатъий туриб талаб қиладиган нарсалар ҳам бор. Масалан, ширинликларни чеклаш. Швед кичкинтойлари фақат шанба кунлари ширинлик ейишлари мумкин. Шу сабабали шанба кунлари дўконларнинг ширинлик сотиладиган бўлимларида ёш болалар кўп бўлади. Бундай муносабат улар орасида кариеснинг анча камайишига олиб келди. Бола боғчага борганида боғча опаси ҳам у билан худди ўз тенгидек мулоқот қилади. Уни кичкина деб камситиш, эркинлигини чеклаш умуман мумкинмас. Доим ёш боланинг фикрини тинглашади. У билан ҳисоблашишади. Бундан ташқари, боғчадаёқ болалар пичоқ ва санчқи билан овқатланишади.

Италия: оилавий қадриятлар ҳар нарсадан устун!

Бу ерда ёш бола оиланинг  диққати марказида бўлиб, барча унинг атрофида айланади гўё. Ота-она у билан  у билан ёки у ҳақда кўп суҳбатлашишади. Мактабларда боланинг мурғак руҳиятига зарар етказмаслик учун узоқ вақтгача баҳо қўйилмайди. Уйда эса болага умуман иш буюрилмайди. Қиз болалар-ку у-бу рўзғор ишларига қарашиб туришлари мумкин, аммо ўғил болалар умуман ҳеч иш қилишмайди. Оилада фарзанд тарбиясида она асосий роль ўйнайди. У худди она товуқ жўжаларини қанотлари остида сақлагандек, болаларини бир дастурхон атрофида жам қилиб ўтиришни яхши кўради. Шу сабабли Италияда бошқа Европа мамлакатларидан фарқли равишда ўғиллар ёши ўттиздан ошса ҳам, онаси билан яшайди. Италияликлар оилавий меҳмондорчиликни яхши кўришади: бугун биз сизникига меҳмонга борамиз, эртага жавобан сиз бизникига, индинга ҳаммамиз фалончиникига.

Қозоғистон: тўнғичлар бувию боболар тарбиясида

Қозоқларда тўнғич фарзандни буви ва бобонинг тарбиясига бериш одати бор. Бола 13-14 ёшгача, баъзан эса бир умр улар билан яшаб қолиши мумкин. Кун келиб, у оиласига қайтганида, ўзининг тўнғичлигини ҳис қилади, ука ва сингилларига тиргак, ҳимоячи бўлади. Шунингдек, тўнғичларга оилада кўпроқ ҳуқуқ ва имтиёзлар берилади. Чунки бувиси ва бобоси уни шундай руҳда тарбиялашган. Хўш, бу анъана болаларни бахтли қиладими? Бу борада қозоқларнинг ўзи якдил эмас. Агар тарбия меҳр-муҳаббат асосига қурилса, ҳа, борди-ю шунчаки катта авлоднинг кичиклар устидан чексиз ҳукмронлиги устига қурилса, йўқ.

Бирлашган араб амирликлари: катта авлодга ҳурмат

Арабларда оилада ўртача 10тадан фарзанд бор. Бу, албатта, яхши. Бундай катта оилада тарбия кўрган бола ака-укаларию опа-сингилларига меҳр-оқибатли, оилавий анъаналарга садоқатли бўлиб улғаяди. Араб оилаларида катта авлодга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш юқори даражада. Катталарга нисбатан овоз кўтарилмайди, кўзига тик қаралмайди, гап қайтарилмайди. Эркаклар ёши қирққа чиқса ҳам, онасининг овозини эшитган жойида тек қотади. Бола тарбиясида қатъий услубларнинг ўзи йўқ, фақат битта шиор бор: «Бола – пошшо!» Болаларга ҳамма нарса мумкин: улар янги таъмирдан чиққан уйнинг деворларига расм чизишлари, ярим кечагача ухламай юришлари, истаган нарсаларини еб-ичишлари мумкин. Кичкинагина қизчаларга ҳам олмос кўзли олтин тақинчоқлар тақиб қўйишади. Кийимларни айтмайсизми, дарёдек ошиб-тошиб ётибди. Икки яшар қизча ҳам қулоқлари орқасига атир суртмай кўчага чиқмайди, полвонлар эса жуда ёшликдан машина ҳайдашни ўрганиб олишади. Хуллас, пулнинг кўплиги тарбияга ҳам ўз таъсирини ўтказаяпти. Лекин барибир қизлар ва ўғил болалар тарбиясида маълум анъаналар бор. Қизларни ёшликдан бошига рўмол ўраб, назокатли бўлишга, ўғил болаларни эса мардлик, жасорат ва масъулиятга ўргатишади.

Буюк Британия: спорт – тарбиянинг мажбурий қисми!

Инглизлар бола туғилган кунданоқ уни жамоат орасига олиб киришади. Бу ерда дўконларга, кафеларга ва бошқа жамоат жойларига ҳам янги туғилган чақалоқ билан бориш урф бўлган. Жуда кичкиналигидан болаларни сузишга ўргатишади. Яна инглизлар ўзларининг ҳам, фарзандларининг ҳам сочини ҳеч қачон фенда қуритишмайди, ҳатто кўчада бор-йўғи +50С бўлса ҳам. Энди юришни ўрганган гўдак кўчада ялангоёқ чопқиллаши, кун сал илиши билан дарров шортик ва майкаларга ўтиб олиши мумкин. Хуллас, инглизларнинг ўзига хос чиниқтириш услуби бор. Оилада болага қараш графиги ишлаб чиқилган: оналар кундузи, оталар кечқурун ишдан кейин бола боқишади. Дам олиш кунлари эса кичкинтойлар буви ва бобосиникига жўнатилади. Ахир ота-онанинг ҳам шахсий вақти бўлиши керак-ку! Мактабларда жуда эркин муҳит, ўқитувчилар болалар билан тенг туриб мулоқот қиладилар, мажбурлаб доскага чиқармайдилар, бола ўзи истасагина ўқитувчининг саволига қўл кўтариб жавоб беради. Илиқ кунларда кўпинча дарслар хиёбонларда, боғларда ўтказилади. Ҳар бир мактабнинг ўз футбол, крикет майдонлари, теннис кортлари бор.

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА тайёрлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!