Ошқозонингиз ишлашдан «бош тортаяптими»?

10:49, 28 ноябрь

Кичиклигимизда «нечта тишинг бўлса, шунча марта чайна» дейишарди. Ҳозиргача ҳазм қилиш билан боғлиқ маълумотга тўқнаш келсам, ана шу ўгит эсимга тушади. Озуқа моддаларини парчалаб, уларни бошқа ҳазм аъзоларига етказувчи энг асосий аъзо — ошқозон ҳам баъзан «таътилга чиқишни истайди». Шунданми, анча «дангасалашиб» қолади. Меъданинг рисоладагидек ишлашдан «бош тортиши» тиббиётда функционал диспепсия ёки «дангаса ошқозон синдроми» дейилади.

Бошқа ошқозон касалликларидан фарқли ўлароқ, функционал диспепсияни гастрокопия ёки бошқа ташхислаш усуллари орқали аниқлаш мумкин эмас. Чунки у ошқозон тузилишида ўзгариш сифатида юзага чиқмайди-да! Таҳлил ва турли тадқиқот усуллари бемордаги ошқозон оғриғи, оғирлик ва ноқулайлик нимадан эканини тушунтириб бера олмайди. Шунинг учун ҳам уни «кўринмас касаллик» дея таърифлашади.

Ҳаммаси асабданми?

Функционал диспепсияда ошқозон аввалгидек бир маромда ва батартиб қисқармайди, егуликлар яхши майдаланмайди. Натижада озуқа ошқозонда узоқроқ туриб қолади ва одам ўзини нохуш ҳис қилади. Афсуски, бу касаллик бугунги кунда жуда кўп учраяпти. Хасталикни келтириб чиқарувчи сабаблар аниқ эмас. Аммо мутахассислар «дангаса ошқозон синдроми» бўлган беморларни кўздан кечирганда, кўпчилигининг асаб тизими жойида бўлмаганини қайд этишган. Шунинг учун ҳам гастроэнтерологлар ошқозонни даволаётиб, тинчлантирувчи дориларни ҳам ёзиб беришади. Шунингдек, ошқозон диспепсиясининг келиб чиқишига кўп овқат ейиш, нотўғри овқатланиш, дориларни пала-партиш ичиш, зарарли одатлар ҳам сабаб бўлади.

Баъзан ичаклардаги қўзғалиш бўлса ҳам ошқозон диспепсияси келиб чиқади. Бунда касаллик ич кетиши ёки қабзият билан кечади.

Белгилари

Ошқозон диспепсиясининг асосий белгиларига қуйидагилар киради:

  • овқат егандан сўнг қорин тепа қисмида оғриқ ва ноқулайлик;
  • ошқозонда оғирлик ҳамда тўлиб кетганлик ҳисси;
  • қорин шишиши;
  • қайт қилиш;
  • жиғилдон қайнаши.

Бу ҳол бир йил давомида 12 маротаба қайталаса ва шифокор ҳеч қандай органик касаллик аломатларини топа олмаса, демак, ошқозон диспепсиясига чалинганингизга шубҳа қилиш мумкин. Функционал диспепсия 2 турга бўлинади:

  • ярага ўхшаш (бунда қорин очганда ошқозонда оғриқ туради);
  • дисмотор (ошқозонда ноқулайлик, юк, тўлиб кетганликни ҳис қилиш, кўнгил айниши кузатилади).

Дарвоқе, ошқозон диспепсиясида бошқа белгилар қаторида овқатланишни бошлаш билан тез тўйганлик ҳиссини туйиш ҳам кузатилади.

Ўзингизга ёрдам беринг!

Касаллик авж олган пайтда оз-оздан тез-тез овқатланинг. Ошқозон шиллиғини қўзғатувчи зираворлар, қайла, дудланган ва маринадланган маҳсулотларни меъёрида истеъмол қилинг. Бундай пайтларда ошқозонни юриштириб юбориш учун антацид ва секрецияга қарши воситаларни ичишни буюришади. Агар оғриқ безовта қилмаётган бўлса, ошқозоннинг ҳаракатини кучайтирувчи дорилар ичилади. Кўрик давомида хеликобактер инфекцияси аниқланса, антибактериал терапия ҳам олишга тўғри келади. Албатта психоневролог мутахассис билан маслаҳатлашиш лозим.

Энг муҳим қоидалар

Ошқозон функционал диспепсияси хавф туғдирмаслиги учун қуйидаги энг оддий овқатланиш қоидаларига амал қилинг:

  • клетчаткага бой мева, сабзавот ва донли маҳсулотларни истеъмол қилинг.
  • Кунига 50-80 гр.дан ортиқ ёғни таомномангиздан чиқариб ташланг. Кўпроқ гўштли овқатлар истеъмол қилинг.
  • Ҳеч қачон керагидан ортиқ ва ухлашдан олдин овқатланманг. Овқатланиш маҳалларини аниқ бир вақтга белгиласангиз, ошқозон ҳам шунга ўрганади.
  • Меъёрида турли салатлар, мурч, сирка, қалампир ҳам ошқозон ишини яхшилайди.
  • Парҳез кунлари ўтказинг. Диетологлар ҳафтада бир кун енгил тамадди билан кифояланиш кераклигини айтишади.
  • Кўпроқ хона ҳароратидага сув ичинг. Айниқса, ҳар эрталаб бир стакан газланмаган сув ичсангиз, бу ошқозон фаолиятини рағбатлантиради.
  • Ҳамиша ҳаракатда бўлинг. Югуриш, кечки сайр, сузиш, аквааэробика, жисмоний машқлар овқат ҳазм бўлишини яхшилайди.
  • Зарарли одатларни ташланг. Ҳаддан зиёд алкоголь ва никотин энг бақувват ошқозонни ҳам ишдан чиқаради.
  • Энг асосийси, беҳуда асабийлашманг. Кайфиятингиз ошқозонингизга таъсир қилмай қолмайди.

Тиббиёт фанлари номзоди, жарроҳ-эндоскопист, гастроэнтролог Шуҳрат ШАЙХОВ билан ҳамкорликда тайёрланди.

Дилноза УМАРОВА

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!