Анор ейиш учун 10 сабаб

11:04, 28 ноябрь

Бежизга халқда гўзал, соғлом чеҳрали қизларни «анор юзли» дейишмайди. Анор минг бир дардга даво неъмат. Қуйида анор меваларини тўғри танлаш ва бу неъмат организмга қандай ёрдам бериши ҳақида тўхталамиз.

 

1. Гемоглобинни кўтаради. Анорнинг энг асосий хусусиятларидан бири - камқонликда фойда беришидир. Камқонлик касаллигида озгина сув билан аралаштирилган анор шарбатини 0,5 стакандан кунига 3 маҳал овқатдан 30 дақиқа олдин ичилади (2 ой давомида).

2. Гижжаларни туширади. Яхши пишган анорнинг пўстлоғида кучли гижжа ҳайдовчи хусусиятга эга бир қанча алкалоидлар мавжуд. Гижжадан қутулиш учун 40-50 г майдаланган анор пўстлоғини 400 г совуқ сувда 6 соат тиндириб қўйинг. Сўнг суюқликнинг тенг ярми буғланиб кетгунича паст оловда қайнатинг. Дамламани совутиб, бир соат давомида кам-камдан ичинг. Бир соатдан сўнг сурги дори ичиб, 4-5 соатдан сўнг хуқна (клизма) қилишингиз мумкин.

3.  Ич кетишини қолдиради. Анор мевалари ва пўстлоғидан халқ табобатида ич кетиши, колит ва энтероколитда фойдаланилади. Катталарга қуритилган анор пўстлоғини майдалаб, кунига овқатдан сўнг 3 марта бир чимдимдан капалаш ёки илиқ сув билан ичиш тавсия этилса, болаларга тенг миқдордаги қайнатиб совутилган сув билан анор шарбатини ичириш фойда беради. Анор пўстлоғидаги полифеноллар  дизентерия таёқчаларини ўлдириш хусусиятига эга.

4. Оғиз бўшлиғи ва томоқни тозалайди. Анор пўстлоғи қайнатмаси  ёки анор шарбати билан томоқ (ангина, фарингитда) ва оғиз бўшлиғи (гингивит ва стоматитда) чайиш тавсия этилади. Унда мавжуд дубил моддалар оғриқни қолдирса, органик кислоталар инфекцияни ўлдиради.

5. Инсулин ўрнини босади. Анор мевалари қандли диабет билан оғриганлар учун фойдали бўлган ширинликлардан саноқлиси. Бунинг учун кунига овқатдан олдин 4 маҳал 60 томчидан анор шарбати истеъмол қилиш керак. Учинчи кунга бориб қондаги қанд миқдори сезиларли даражада пасаяди.

6. Радиацияни қирқади. Анор шарбати радиоактив изотоплар ва радиация даражаси юқори ҳудудларда ишловчилар учун жуда фойдали ҳисобланади.

7. Терини даволайди. Агар сизнинг терингиз ёғли, ҳуснбузарлар ва йирингли тошмаларга мойил бўлса, товада қиздириб, сўнг майдаланган анор пўстлоғини сариёғ ёки зайтун ёғи билан аралаштириб, юзингизга ниқоб қилинг. Ниқобни музлаткичда сақлаб, ҳафтада 2 марта фойдаланишингиз мумкин. Қуритилган анор пўсти кукуни билан куйишлар, қавариқ ва тирналишларни даволаш мумкин.

8. Қон босимини туширади. Анор доналари артериал қон босимини бир меъёрга туширади. Мевалар орасидаги пардани қуритиб, чойга қўйшиб ичилса, асабни тинчлантириб, сабабсиз хавотирни йўқотади, уйқуни яхшилайди.

9. Гормонлар фаоллигини таъминлайди. Анор данакларида организмдаги гормонал балансни тикловчи ёғлар мавжуд. Шунинг учун анор еганда данакларини туфла ташламанг. Айниқса, оғриқли ҳайз, бош оғриқлари ва климакс даврида анор жуда фойдали.

10. Шамоллашни даволайди. Турли шамоллаш касалликларида (буйраклар, жигар, қулоқ ва кўз, бўғимлар, гинекологик аъзолар) анор пўстлоғи қайнатмаси яхши ёрдам беради. Уни қуйидагича тайёрлаш керак: 2 чой қошиқ янчилган анор пўстлоғи устидан 1 стакан қайноқ сув қуйинг ва сув буғида 30 дақиқа қайнатинг. Совугач, сиқиб сувини олинг ва қайноқ сув қўшиб аввалги миқдорига келтиринг. Овқатдан 30 дақиқа олдин кунига 2-3 маҳал 50 г дан қабул қилинг.

 

Диққат! Анор пўстлоғи ўзида бироз миқдорда захарли алколоидларни сақлайди. Шу боис ундан қайнатма тайёрлаганда ҳеч қачон меъёрдан оширманг. Бу бош айланиши, қон босими ошишини келтириб чиқариши мумкин. Анор шарбати тиш эмалини зарарлаши мумкинлиги боис ҳам уни сув билан аралаштирган ҳолда ичилади.

 

Меваларни қандай танлаш керак?

Рисоладагидек анор меваси сиртидан қуруқ ва ичидан сувли бўлиши керак. Бу пишган анорнинг пўстлоғи бироз қуриган ва ичидаги донларни озгина сиқиб туриши керак дегани. Агар пўстлоқ юмшоқ, нам бўлса, уни пишмасдан аввал узишган. Бундан ташқари, анор харид қилаётганда унинг «киндиги»га, яъни гули ўсган жойига эътибор қилинг - бу ер яшил бўлмаслиги керак. Анор ушлаб кўрганда қаттиқ бўлиши керак, агар юмшоқ бўлса, демак, у ёки яхши сақланмаган, ё чириган ёхуд музлатилган. Бундай мевани олмаган маъқул: ундан ҳеч қандай фойда йўқ.          

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!