Қовоқдан гўзаллик ва саломатлик рецептлари

11:46, 28 ноябрь

Бу афсонавий сабзавот терингиз учун ноёб топилмадир. Ахир унинг таркибида гўзаллик ва ёшлик витамини жуда мўл!

Икки асосий витамин

Тери ҳамиша силлиқ, парваришли ва етарли даражада намланган бўлиши учун мунтазам равишда Е ва Т витаминларини қабул қилиб туриши керак. Биринчиси тери таранглиги, иккинчиси эса ҳужайраларнинг доимий равишда янгиланиб туришига жавобгар. Қовоқ таркибида уларнинг иккиси ҳам жуда кўп. Айнан шу сабабли ҳам қовоқдан косметик мақсадларда фойдаланиб қолиш керак.

Юз учун ниқоблар

Ҳар қандай турдаги тери учун…

Ниқобни суртишдан аввал терингизнинг тешиклари очилиб, фойдали моддаларни яхши шимиб олиши учун бир муддат юзингизга илиқ сувга ивитилган сочиқ қўйиб ётинг. 2 ош қошиқ қайнатиб эзилган қовоқ бўтқасига 1 та тухум сариғи ва 1 чой қошиқ асал қўшасиз. Ниқобни илиқ ҳолда юзга суртиб, 10-15 дақиқадан сўнг ювиб ташлайсиз. Терингиз ёшариб, силлиқлашади.

Қуруқ тери учун…

Қирғичдан ўтказилган қовоқнинг 1 ош қошиғига 2 ош қошиқ қайноқ сут қуйинг. Бу аралашмани сув ҳаммомида 10-15 дақиқа иситинг. Ҳосил бўлган аралашмага 2 ош қошиқ туйилган «Геркулес» (сули ёрмаси) қўшиб, яна аралаштиринг. Қуюқлиги сметанага ўхшаши керак. Ниқобни юзга илиқ ҳолда суртиш лозим. 15 дақиқадан сўнг сирка аралаштирилган совуқ сув билан (500 мл сувга ярим чой қошиқ сирка солиб) ювиб ташланг. Ниқоб тетиклантирувчи самара беради.

Юздаги шишларни йўқотувчи компресс

2 ош қошиқ майдалаб тўғралган қовоқ устидан озгина сув қуйиб, бир қайнатиб олинг. Кейин аралашмани бўтқасимон ҳолга келтириш учун қовоқни яхшилаб эзинг. Аралашмани докага солиб, тугун ҳосил қилинг-да, шиш устига қўйинг. Устини компресс қоғози (дорихоналарда сотилади) билан ёпинг. 15 дақиқадан сўнг аввал илиқ, сўнг совуқ сувда ювинг. Ушбу компресс буйраклар, юрак ва томир касалликларига боғлиқ бўлмаган шишларда ёрдам беради.

Сепкил ва пигмент доғларга қарши лосьон

Тозаланган қовоқ данакларини ҳовончада яхшилаб туйинг ёки қаҳвамайдалагичда майдаланг. Тенг миқдорда қайнаган сув қўшинг. 2 соатдан кейин докадан ўтказиб олиб, 2:1 нисбатда сут қўшиб аралаштиринг. Ҳосил бўлган лосьонни юзга суртиш, ундан ниқоб ва малҳам сифатида фойдаланиш мумкин.

Ҳар куни қўлланганда ушбу лосьон сезиларли даражада оқартирувчи таъсир кўрсатади.

Уйқусизликни бартараф этишда…

Қовоқ шарбати уйқуни яхшилаб, асабларни тинчлантиради, организмдаги алмашинув жараёнларини изга солади. Қовоқни қайнатиб пиширинг, яхшилаб эзиб, шарбатини сиқиб олинг ва асал қўшинг. Агар уйқунгиз нотинч бўлса, ҳар куни уйқуга ётишдан олдин 2/3 стакандан ичинг.

Саломатлик учун…

  • Семизликда кўпроқ қовоқ ейиш тавсия этилади. Чунки унинг калорияси паст. Қовоқдан бўтқа ва қуймоқлар пиширинг.
  • Кариесдан ҳимояланиш учун кўпроқ қовоқ ва унинг шарбатини истеъмол қилинг.
  • Гижжаларни тушириш учун қовоқ данагидан настойка қабул қилинади. 1 стакан қйноқ сувга 1 ош қошиқ майдаланган қовоқ данаги қўшиб, 30 дақиқа тиндириб қўйинг. Кунига 3 маҳал 1 стакандан ичилади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!