Эркакларнинг 10 тақиқига 10 хил ёндашув

12:31, 28 ноябрь

Аёл зоти борки, жуфтининг истаклари, принциплари учун у ёки бу ҳолатда ўзини чегаралаб, ўз истакларини қурбон қилади. Аслида аёллик, рафиқалик бахти ҳам ана шунда. Бироқ эркакларимизнинг эрка истаклари баъзида қуюшқондан чиқиб, биз аёлларни ўта сиқиб қўйган ҳолатларда нималардир қилиб вазиятни юмшатгимиз келади. Бу мақолада эрларнинг хотинларига қўйган қатъий чегараларидан шартта ошиб ўтишни эмас, улардан дарича очиш йўлларини ўргатамиз. Ана шунда сих ҳам, кабоб ҳам бутун қолади, эркак ҳам, аёл ҳам хотиржам яшайди.

 

«Онангникига бормайсан!»

Ёшингиз улғайиб, болаларингиз бўйингизга етиб қолганда ҳам ота-онангизни кўргани исталган вақтда боролмай, эрингиздан рухсат сўролмай ўтирасизми? Бу аёл учун эри томонидан бериладиган энг ёмон тақиқ. Ота-онамиз биз учун ғаниматлигини тушуниши бунча қийин экан-а?!

Ёндашув: ҳар сафар ота уйдан қайтганингизда эрингиздан ота-онангизнинг кўнгли тўқлиги, бирор сабаб бўлиб мақтагани ҳақида ёлғондан бўлса ҳам айтинг. Мақталадиган жиҳати бўлмаса ҳам сабаб топиш мумкин. Масалан, «шу йигит бор экан, гулдек фарзандларинг бор, дейишди» каби. Бундан ташқари, «энди ҳеч қаёққа кетиб қолмайман, онамдан ҳам гап ўрганиб келмайман, ахир ўзим ҳам қайнона бўлай деб турибман», деб эрингизнинг кўнглини хотиржам қилиб туринг. Агар оилангизда қиз улғаяётган бўлса, ўз ҳаётингизни унинг келажагига солиштириб кўрсатинг. «Дадаси, қизингиз ҳам ойда бир маротаба сизни кўргани зўрға келиб кетса, чидай олармидингиз? Ўғиллар келинники, қизлар қаёққа бормасин, ўзимизники бўлади. Кўз очиб-юмгунча биз ҳам қариймиз, ҳар тарафга сочилган болаларимизни тез-тез кўргимиз келади, қайтар дунё, дейишади...» денг.

«Ишламайсан!»

Жуда кўпчилик эрининг ишлашга рухсат бермаслигидан норози бўлади. Аслида турмуш ўртоғимиз бизни асраб-авайлаш, ёмон кўзлардан, салбий таъсирлардан эҳтиётлаш мақсадида «ишламайсан» деб тақиқ қўйган, деб ўзимизни юпатишимиз ҳам мумкин. Аммо бир кун ҳам ўзлигини намоён қилолмаган гулдек касби, имтиёзли дипломи бўлган аёллар ишлаганида жамиятга катта фойдаси тегиши мумкинлигини ўйласак, баъзан бу қарорга ўзгартириш киритиш керакмикан, деган хулосага борамиз.

Ёндашув: эр-хотинни қўш ҳўкизга қиёслаган мақол ниҳоятда оқилона эканлигини айтмасак ҳам биласиз. Сиз шундан фойдаланинг, «агар иккимиз ҳам ишлаганимизда мана бу камчилигимиз тўлиб, мана бу муаммони ҳал этган бўлармидик. Менинг ҳам сизга ёрдам бергим келаяпти. Бир ўзингиз қийналиб кетасиз, болалар катта бўлаяпти, муаммолар ҳам катталашади. 4 та уйни йиғиштириб, битта овқат қилиб ўтирганим учун ўзимни текинтомоқдек ҳис қилаяпман. Ҳаммасини эплай олишимга кўзим етади...» Фақат эрингизнинг «рухсат, ишлайвер» деган гапидан кейин нима иш қилишингиз, қаёққа боришингиз ҳақида ўйлаб ўтирмаслик учун аввалдан иш топиб, ҳаммасини пишитиб олган бўлинг.

«Бу кийимни киймайсан!»

Кийим-кечак борасида эркакнинг инжиқлигига 99 фоиз ҳолатларда кўникишга мажбурмиз. Чунки эр аёлига ярашиб турган, унинг эрлик ориятини қўзғамайдиган даражада бўлган кийимга нисбатан эътироз билдирмаслиги турган гап. Шим ёки тор, калта, очиқ либослар кийишингизни эрингиз истамас экан, у билан доимий равишда «йўқ жойдан муаммо чиқариб», тинч уйингизни бузиб, тортишиб ўтирманг.

Ёндашув: лекин баъзан ақлга сиғмас тақиқлар ҳам бўладики, бу ҳолатларда аёл ҳам ўз мустақил фикрини эрига билдириб қўйишининг зиёни йўқ. Масалан, эркак аёлига сариқ рангли кийим кийишни тақиқлаб қўйган, чунки унга бу ранг ёқмайди. Ёки ялтироқ тугмачаларга, оёқранг колготкаларга ҳуши йўқ. Аёл эса акси, айнан шундай кийинишни истайди. Яхшиси, келишиш керак: «сизнинг ёнингизда бундай кийинмайман, бошқа вақтда рухсат беринг, ахир шу ранг, шу либос менга кўпроқ ярашади-да!»

«Сочингни кесмайсан!»

Аксарият эркаклар аёлининг сочини кесиш масаласига жиддий қарайдилар. «Соч меники бўлса, у кишига нима фарқи бор?» деймиз-у, аммо бу тақиқ билан ҳисоблашмасликнинг иложи йўқ. Аёллар сочларини бесўроқ кестириб олгандан сўнг жанжал бошланмаслиги учун рўмол остига беркитиб юрганларига кўп гувоҳ бўламиз.

Ёндашув: соч кестириб, имиджингизни ўзгартирмоқчи экансиз, кескин ҳаракатлардан олдин ҳатто бунга қаршилик билдирмайдиган эрингиз олдидан ҳам бир-икки марта ўтиб қўйинг. Сочни кесишга ўнлаб сабаб топиш мумкин: «эмизикли бўлганимдан сўнг сочим дувиллаб тўкилиб кетди, енгиллатиш керак», «ҳомиладор бўлганимда эплолмай қоламан, ирим қилиб, 1 йилга яқин кесолмай юраман, ҳозир кестириб олай», «сочим гуллаб, хиралашиб қолди, учини озгина қирқтираман», «сизларга мазза, ёзда бизга ўхшаб сочингиз кўплигидан терламайсиз, мен ҳам калталатсаммикин...», «шу актрисада бўлган ҳамма нарса менда бор, фақат сочим уникига ўхшаб кесилмаган-да! Агар кестирганимда ёшариб кетардим…»

«Ким учун бўяняпсан?»

Ҳозирги кунда эркаклар бу гапни лаб бўёқни қуюқ суртадиган, қовоқни тўқ бўяйдиган хотинига нисбатан ишлатади. Бошқа ҳолларда, яъни енгилгина пардоз қиладиган аёлларга нисбатан тақиқ қўйиладиган ҳолатлар камдан-кам бўлади.

Ёндашув: ўта рашкчи эрларнинг хотинлари пардозни бирданига бошлаб, бирданига ташлаб юбормасдан, эрнинг кўзини кўниктириб боришлари керак. Масалан, аввалига фақат қора қалам, сўнг киприкка туш суртиб, бора-бора подводка қўйиб юрсалар, эрлари тасаввурида табиий кўринишдаги аёлдек гавдаланадилар. Ёрқин ранглар, сохта киприклар билан кескин тажриба ўтказмаслик керак. Акс ҳолда эркак пардоз қилишни бутунлай маън этиб қўйиши мумкин.

 «Тўйга бормайсан!»

«Хўжайиним рухсат берсалар, бораман»... Ёш келинчаклар ёки болалари ҳали ёш бўлган оналар қариндош-уруғ, дўст-дугоналарнинг тўй-ҳашам, тадбирларини эрларининг рухсат бермагани учун ўтказиб юборишга мажбур бўлишади.

Ёндашув: янги турмуш қурганлар ё рашкнинг кучидан ёки онасининг ички норозилигидан хотинига рухсат бермаса, фарзандлари ёш бўлган оталар бир ўзи болаларни эплай олмаслиги, тўғрироғи, буни истамагани учун тўйга юборишга рози бўлмайди. Иккала ҳолатда ҳам бир амаллаб ечим топиш мумкин: яъни «2 соатгина бориб келаман», «тўйда ўйнамайман, сўзга чиқмайман, тўғри бориб-тўғри қайтаман, пардозим, турмагимга сиздан пул сўрамайман», «ўзингиз олиб кетсангиз, кўнглим хотиржам бўлади», «болаларни синглимга қолдираман» каби гаплар билан эрингизнинг тақиқини олиб ташлаш мумкин. Ёдингизда бўлсин, боргингиз келаётган тўй сиз учун аҳамиятли бўлса, аввалдан макр ишлатиб,таклифномага эрингизнинг исмини ҳам ёздиринг. Шунда муносабат ҳам ўзгариб қолиши мумкин.

«Гап»га қўшилмайсан!»

Ёшимиз 30 дан ошганидан кейин болаларимиз ўзини эплай бошлайди, ўзимизни ўйлашга ҳам бирмунча вақт топилади. Шундай пайтларда курсдош-синфдошларимиз ёки болалигимиздаги дугоналаримизни эслаб, йўқлаб қоламиз. Кўпчилик бундай учрашувларни манфаатли кўнгилочар тадбирга айлантирган: улар гаштак ташкил қилиб, лоторея ўйнашади.

Ёндашув: хотинининг «гап»ларга қўшилишини истамаган эркакнинг ўнлаб асосли сабаблари бор. Уларнинг ҳеч бирини инкор этмаган ҳолда хотинлар ўз дугоналари, ҳеч бўлмаса, қўни-қўшни тенгдошларининг ушбу йиғилишлари ҳар томонлама фойдали эканлигини исботлаши керак. Биринчи «гап»ни туғилган кун тарзида уйида ўтказиб, эрига қуйидагиларни тушунтириш мумкин: дугоналари яхши аёллар экани, лотореядан тушадиган пулга ниманидир жамғариш мумкинлигини, вақти келса, шу аёллар тўй-маъракаларда бир томонни кўтариб юборишини, бундан ташқари, бир ойда бир маротаба 3 соат вақтини ўзи учун бағишлашни орзу қилаётгани ва ҳоказо...

«Қўл телефони тутмайсан!»

Бу тақиқ ҳам янги оила қурганлар орасида кўп тортишувларга сабаб бўлади. Ёши 30-40 дан ошган аёллар эрининг бу тахлит тақиқини эшитмайди ҳисоби. Ахир уларнинг эркаклари аёлидан кўнгли тўқ юради, рафиқалар ишончга кирган. Очиғини айтганда, улар телефон аппаратидаги яшил ва қизил тугмачадан бошқа функциялардан фойдаланишга уриниб ҳам кўрмайдилар-да!

Ёндашув: телефон сизга чин маънода бирламчи эҳтиёж эканлигини эрингиз ҳис қилиши керак. Соатлаб кераксиз мавзуларда онангиз ёки ўртоқларингиз билан валақлашиб ўтирар экансиз, эрингиз сизнинг ўзгариб бораётган хулқингиз, баландлашаётган овозингизга айнан шу телефон сабабчи деб ҳисоблайверади. Бундан ташқари, эрли, болали аёлнинг ҳеч бир заруратсиз ижтимоий сайтларда бегоналар билан дўстлашиши, чатларда эски дўстлари билан суҳбатлашиши ҳеч қайси ақл ва мезонга тўғри келмайди. Шундай экан, қўл телефонингиз орқали кўпроқ эрингиз билан боғланишни, ўзига айтолмаган гапларингизни SМS орқали йўллаб туришни одатга айлантиринг. Эрингиз гувоҳлигида ҳеч ким билан мобил алоқада узоқ гаплашманг. Чунки бу ҳам вақтингизни, ҳам нақдингизни исроф қилади, эрингиз ҳам ўзини бу тақиқни ҳақли қўйганига амин бўлади.

«Пул бермайман!»

Аслида бермагани ҳам яхши. Чунки қўлингизга пул бериб қўйган эркак ҳамма ишни ўзингизга юклаб қўйиши ҳеч гап эмас. Эрнинг чўнтагидан пулни бесўроқ олиш ёки ҳатто энг керакли нарсага бўлса ҳам унинг ўзидан сўрамай ишлатиш эркакнинг зиқналигини ошириб юборади. Уйда пул бўлса ҳам ўзи истаган нарсага ишлата олмаслик ҳар бир аёлни жиғибийрон қилади.

Ёндашув: ун, гўшт қолмагани учун ўзи буюриб кетган мантини қилолмай, ўрнига ширгуруч пиширганингизни айтсангиз, эрингиз «нега уйдаги пулдан ола қолмадинг», дейди. «Ўзингиз рухсат бермагансиз-ку, қўнғироқ қилсам кўтармадингиз», деб кўринг. Келаси сафар ҳақиқатан ҳам оилангизга керакли нарсага пулни сарфлай олишингизни исботлайсиз. Харид учун бозорга борганингизда эрингизга атаб ҳеч бўлмаса биттагина пайпоқ олиб келсангиз ҳам унинг пулни исроф қилишингиз борасидаги маърузалари сони қисқаради. Лекин зинҳор картошка, пиёз кўтариб келадиган аёлга айланиб олманг. Ўзи топган пулга марҳамат қилиб эрингизнинг ўзи рўзғор қилиб берсин!

«Менинг тинчимни бузма!»

Эркакларда ажойиб тушунча бор: уй, бу — ҳордиқ маскани. Аёлларда эса бу тушунчанинг мутлақо акси: уй, бу — доимий курашиладиган, дам олиш кунини билмайдиган ишхона. Айнан шу тушунчанинг икки қутблилиги эркак ва аёлнинг уй-жой юритиш борасида тортишиши, бир-бирига тақиқ қўйишига сабаб бўлади. «Уйга келганимда тинчимни бузма», дейди эрлар хотинига. Хотинлар эса кун бўйи уйдаги муаммоларни эрим ҳал қилиб берар деб, унинг ишдан келишини интиқиб кутади...

Ёндашув: «Яна ошхонадаги иссиқ сувнинг жўмраги бузилиб, орқага айланиб кетаяпти, тузатинг ёки тузатадиган одам олиб келинг», деган гап таъсир қилмадими, бошқача йўлдан фойдаланинг. «Иссиқ сувдан қарзимиз кўпайиб кетибди, келиб, ҳисоблагичдан ёзиб кетишди. 1 ҳафтадан бери томиб ётган сув ҳам юзлаб литр бўлди шекилли», «дадангиз шлангкани кесиб, тузатардилар, эркаклар яхши тушунади, сиз ҳам уриниб кўринг», «ўзим сантехник чақирардим, уйда ёлғизман, болалар ҳам мактабда, уяламан. Хотин бошим билан уйга бегона одамни чақирмай»...

 

Қонунларга ундов эмас, нуқта қўйилса ҳам бажарилиши қатъий эканлигини ҳамма билади. Эркакларимиз бизга қўйган турли тақиқларни ундов билан якунласалар ҳам баъзан бизнинг ҳисобимизга ён босиб турадилар. Минг макр, минг ҳийла билан эришган айнан шу «келишув онлари»нгиздан эҳтиёткорлик ва оқилона фойдалансангиз, эрингиз сизга ўзига ишонгандек ишона бошлайди!

Азиза ҚУРБОНОВА

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!