“Дизайн”нинг танқидига жавоб берган, томошабинни йиғлатган, сиёсий жараённи ҳам унутмаган Баҳром Назаров (Видео ва фото)

14:42, 28 ноябрь

“Истиқлол” санъат саройида 26-27 ноябрь кунлари хонанда Баҳром Назаровнинг “Бахт учун” деб номланган концерт дастури тақдим этилди.

Концертга ташриф буюрган томошабинлар ундан бир нафасда чиқиб кета олди, десак муболаға бўлмайди. Янги бўлсада, мухлислар қалбидан бир эшитишда жой ололган тароналар, уларга саҳналаштирилган бетакрор рақслар гулдастаси, буларнинг барчаси Баҳром Назаровнинг концертида жам бўлди.

“Тумор” рақс дастаси раққосалари томонидан ижро этилган рақслар гулдастаси ва хонанданинг тароналари шу қадар уйғунлашиб кетдики, улардан бир он чалғишнинг ҳам имкони йўқ эди.

Хонанданинг ҳазиломуз, тарбиявий аҳамиятга эга тароналари ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Хонанданинг онасиз қолган етим болалар ҳақида куйлаган таронаси ташриф буюрган ҳар бир томошабин кўзига ёш келишига сабаб бўлди. Баҳром Назаров ижросидаги ҳоразмча, сурхонча йўналишларда куйланган тароналар, улуғ адибларимизнинг ижодларидан ўрин олган асарларга яратилган қўшиқлар алоҳида эътирофга сазовор.

Концерт давомида “Дизайн” жамоасининг ҳазиллари йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади. Жамоа йигитлари Баҳром Назаровни жонли концерт бермаганини танқид қилишган ҳам эдики, бунга жавобан хонанда шу заҳоти жонли ижрода устози Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг “Мажнунтол” таронасини куйлагани залда гулдурос қарсакларга сазовор бўлди.

Баҳром Назаров барча мухлисларининг кўнглидан жой олган “Айрилдим”ни куйлаганида эса томошабинлар фонуслар кўтариб, уни ўзгача қарши олишди. 

Бундан ташқари хонанда концерт давомида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовни ҳам хотирлаб, “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз!” деган иқтибосларини алоҳида таъкидлаб, сўнгги пайтларда тарихий шахсларнинг ҳаётларини ўрганаётганини ва бунга ўзи ҳам яна бир бор гувоҳ бўлаётганини таъкилади.

Дарвоқе, Баҳром Назаров концерт сўнггида бугунги кечаётган сиёсий жараёнга ҳам ўз муносабатини билдириб, барчани 4 декабрь куни Президент савловида иштирок этишга ва келажагимиз учун овоз беришга чақирди. 

Баҳром Назаров нафақат санъати балки самимийлиги, томошабинга меҳр улашиб тура олиши билан барчанинг кўнглидан бирдай жой олишга муваффақ бўлган хонандалардан. 

Концертга ташриф буюрган хонанданинг мухлислари анчага таътигулик маънавий озуқа олганлиги табиий. Концерт режиссёри Фарҳод Бадалов ҳам ўз ишини маҳорат билан уддалагани кўриниб турибди. Бир сўз билан айтганда, концертга ташриф буюрган ҳар бир томошабин хонанданинг кейинги концертини ҳам интиқлик билан кутиши аниқ. 

Хонанданинг “Бахт учун” деб номланган таронаси томошабинга ҳақиқий маънода бахт улаша олди десак муболаға бўлмайди.




















Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!