Ўзбекистон ҳукумати Фидeль Кастро вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

15:03, 28 ноябрь

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Куба Республикаси Давлат Кенгаши ва Вазирлар Кенгаши Раиси Раул Модесто Кастро Русга мамлакатни бир неча ўн йил давомида бошқарган атоқли сиёсат ва давлат арбоби Фидель Алехандро Кастро Руснинг вафоти муносабати билан Куба раҳбарияти ва бутун халқига самимий далда ва таъзия изҳор этилган мактуб йўллади. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Куба йўлбошчиси ўз Ватанининг ҳақиқий ва содиқ ватанпарвари сифатида, бугунги Кубанинг асосчи-отаси сифатида тан олинган, Куба давлатчилигига мустаҳкам пойдевор ўрнатган, мамлакат мустақиллиги ва сувернитетини ҳимоя қилишда мардлик ва қатъийликни намоён қилган, дейилади мактубда. Куба халқининг мустаҳкам иродаси ва озодликка интилиши, ўз тараққиёт йўлини сақлаб қолишдаги қатъий жасорати, ҳеч муболағасиз, ушбу тарихий шахс номи билан чамбарчас боғлиқлиқдир.

Фидель Кастро ҳар доим Ўзбекистон ва Куба ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, ҳамкорлик ва ўзаро ҳурмат тарафдори бўлган, дейди давлатимиз раҳбари. Куба йўлбошчисининг Ўзбекистонга ташрифини, республика бўйлаб сафари ва унутилмас дўстона учрашувларини ўзбекистонликлар яхши эслашади.

“Биз эрксевар Куба халқининг дард ва қайғусига шерикмиз”, - деб ёзилган Ўзбекистон раҳбарининг мактубида.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!