Марказий сайлов комиссияси раиси Россия оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашди

23:07, 28 ноябрь

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида 2016 йил 28 ноябрь куни Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов сайловни ёритиш учун мамлакатимизга келган Россиянинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашди. 

Марказий сайлов комиссияси раиси журналистларни сайлов комиссиялари томонидан сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан таништирди. 

Учрашувда Ўзбекистон давлат бошқаруви тизимида Президентлик институти асосий ўрин тутиши алоҳида таъкидланди. Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилганидек, Президент давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди. Президент фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафилидир. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисидаги қонунчиликка 2015 йил декабрь ойида киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар сайлов амалиётини янада такомиллаштиришга, фуқароларнинг сайловда эркин иштирок этиши учун шарт-шароитларни кенгайтиришга, Президентликка номзодларга сайловолди ташвиқоти даврида кенг ва тенг имкониятлар яратишга қаратилган. 

Сайловнинг очиқлиги ва ошкоралигини, журналистларнинг сайлов кампаниясига тааллуқли ахборотлардан кенг фойдаланишини таъминлаш мақсадида Президент сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази ва округ сайлов комиссияларининг матбуот марказлари фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан бугунги кунга қадар сайлов кампаниясининг муҳим босқичларига бағишланган юзга яқин матбуот анжумани ва брифинг ўтказилди. Марказий ва округ сайлов комиссиялари томонидан маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 1 минг 306 нафар вакили аккредитациядан ўтказилди. 

Сайлов кампанияси эълон қилинганидан бошлаб шу кунга қадар мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситаларида 15 минг 845 та материал эълон қилинди. 

Тадбирда Россия оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!