Кўзлар саломатлигига нималар хавф солади?

14:36, 29 ноябрь

Кўзнинг толиқиши, совуқ ҳаво, паст даражадаги намлик… Бундай нохуш ҳолатларда кўриш ўткирлигини қандай сақлаб қолиш мумкин? Кўзларимиз худди сезгир барометрга ўхшайди. Жисмоний толиқиш, сурункали уйқусизлик, фасллар алмашинуви унинг эътиборидан четда қолмайди. Айниқса, совуқ об-ҳавода кун қисқалиги, ҳарорат ўзгарувчанлиги ва ҳаво қуруқлигига жуда таъсирчан бўлади. Асосийси, кўзларимизни шу каби ҳолатларнинг зарарли таъсиридан ҳимояланишни ўргансак бўлгани.

Совуқ

Совуқ об-ҳаво таъсирида кўзларимизда қишки конъюктивит ривожланиши мумкин. Бу аллергик касаллик бўлиб, совуқ кунларда ёш оқиши, кўз ва унинг атрофида қичишиш ва тери қизариши кузатилади. Иссиқ хонага кирганда бу белгилар ўз-ўзидан йўқолади. Агар сизда ҳам бундай аломатлар кузатилса, совуқ кунда кўчага чиқишдан олдин кўз ва бурунга шифокор тавсия этган антигистамин томчилар (аллергияга қарши) томизиб олинг. Кечаси уйқуга кетишдан олдин ҳам кўзларингизга эътибор беринг. Янги дамланган чойнинг пакетчаси ёки чойга ботириб олинган докали тампонни кўзларингизга 10 дақиқага қўйинг.

Қуруқ ҳаво

Совуқ кунларда иситувчи мосламалардан фойдаланиш ва паст даражадаги намлик кўзнинг ҳимояловчи мугуз пардасидаги суюқликни буғлантириб, қичишиш, қизариш ва қуруқлашишни келтириб чиқаради. Кўзларингиз намлик камлигидан қийналса, кун давомида икки литрдан кам бўлмаган миқдорда суюқлик ичишга ҳаракат қилинг. Анъанавий ёки ультратовушли намлантирувчи воситалар ёрдамида хонадаги ҳавонинг намлик даражасини ошириб туринг. Компьютерда ишлаётганингизда ёки телевизор томоша қилаётганингизда кўзларингизни кўпроқ пирпиратинг. Буни эслатма сифатида қоғозга ёзиб, мониторга ёпиштириб қўйишингиз ҳам мумкин. Кўзлардаги қуруқликни дорихоналарда сотиладиган «сунъий кўз ёшлар» деб номланадиган махсус томчилар ёрдамида ҳам йўқотиш мумкин. Лекин бу томчиларни ишлатишдан аввал албатта шифокорингиз билан маслаҳатлашишни тавсия этамиз.

Ёруғлик камлиги

Кўзларингизни зўр бериб уринмаслиги ва ёруғлик камлигидан толиқмаслиги учун уйингиз ва иш жойингизнинг тўғри ёритилганига эътибор беринг. Компьютер мониторида нурлар жилваланишига йўл қўйманг. Мониторнинг ёрқинлиги ва контрастини кўзларингизга қулай тарзда мослаштиринг. Ҳар соатда беш дақиқали танаффус қилинг, кўзларингизни юмиб, уларга дам беринг, машқлар бажаринг. Беш сония яқинда турган буюмни кузатинг, кейин беш яна шунча вақт узоқдаги нарсаларга қаранг. Кўз мушакларини чиниқтириш учун бошингизни қимирлатмаган ҳолда қорачиқларингизни айлантиринг. Компьютерда кўп ишласангиз, махсус кўзойнаклардан фойдаланишни тавсия этамиз.

Ультрабинафша нурлар

Қишда кўзлар ёзга нисбатан кўпроқ ультрабинафша нурлардан зарарланади. Қор ва музлар қуёш нурларини қайтариб, кўзнинг тўр пардасига таъсир этади. Оқибатда кўриш қобилияти пасайиши ёки конъюктивит вужудга келиши мумкин. Кўзларни ҳимоялаш учун қишда ҳам сифатли қуёшдан ҳимояловчи кўзойнаклардан фойдаланинг.

Витамин танқислиги

«Кўриш қобилиятим доим аъло даражада бўлсин», десангиз, организмингизда витамин ва минералларнинг захираси бўлиши керак. Кўзга керакли витаминлар А, С ва Е ҳисобланади. Булғор қалампири, сабзи, қора қорағат, балиқ, треска балиғининг жигари, буғдой уни ва ўсимлик ёғида кўз учун керакли витаминлар бисёр. Шунинг учун уларни таомномангизга албатта қўшинг. Кўзга фойдали антиоксидантлар черника мевасида кўп.

Уйқусизлик

Уйқуга тўймаслик, уйқусизлик жиддий кўз касалликларига сабаб бўлишини олимлар аллақачон исботлашган. Уйқудан турганда кўзлардаги ноқулайлик ва тасвирнинг аниқмаслиги хавотирли белгилар ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бир кунда 8 соат ухлашни канда қилманг.

Зарарли одатлар

Чекиш кўзнинг шоҳ пардасига зарар етказувчи омиллардан бири ҳисобланади. Касаллик аста-секин ривожланади, кўриш қобилияти пасаяди, ҳатто бутунлай йўқолиши ҳам мумкин.

Кўзни дам олдириш учун машқлар

Агар кўзингиз компьютер қаршисида ўтирганингиздан, китоб ўқиганингиздан ёки телевизор томоша қилганингиздан чарчаганини сезсангиз, қуйидаги машқларни бажаринг. Уларни тик турган ёки ўтирган ҳолда амалга ошириш мумкин.

Бошни мутлақо қимирлатмасдан, кўз қорачиқлари аввал чапдан ўнгга, кейин ўнгдан чапга айлантирилади, яъни катта доира бўйлаб ҳаракатланиши керак.

Юқорига қараб, нигоҳни секингина ўнгга кўчирилади (кўзнинг юқориги ўнг бурчагига қараган ҳолда). Кейин нигоҳни пастга ўнг бурчакка тушуриб, секин-аста чап бурчакка кўчирилади (чапга қараган ҳолда). Нигоҳларни яна юқори кўтариб, кўзнинг пастки чап бурчагига қаралади.

Энди бу машқларнинг ҳаммаси тескари йўналишда бажарилади. Сўнг нигоҳингизни имкон борича юқори кўтариб, жадал пастга туширасиз. Шу ҳаракатни 10 марта такрорлагач, кўз қорачиғи бир марта чап бурчакка имконият борича кўчирилади. Машқ доиравий ҳаракат билан тугатилади.

Дилноза ШУҲРАТ қизи тайёрлади

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!