Тошкент божхона ходимлари катта миқдордаги косметика маҳсулотлари ноқонуний айланмасининг олдини олди

14:45, 29 ноябрь

Республика божхоначилари томонидан сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган парфюмерия ва косметика маҳсулотларининг олиб ўтилишига қарши чора-тадбирлар давом эттирилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ахборот хизматига асосланиб, “Дарё” хабар бермоқда.

Яқинда Тошкент божхона ходимлари томонидан катта миқдордаги парфюмерия ва косметика маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Жумладан, «Келес» темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан Москва—Тошкент йўналишидаги поезднинг йўловчиси фуқаро Ш.Мухамедов (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) умумий қиймати 8 миллион сўмдан ортиқ 240 дона турли хил косметика товарини вагоннинг ҳуфиёна жойига яшириб, олиб келаётгани аниқланди.

Шунга ўхшаш ҳолатда Олмаота—Нукус йўналиши бўйича кириб келган поезд йўловчиси, қўшни давлат фуқароси Т.Саидовнинг қўл юклари орасида умумий қиймати 10 миллион сўмдан ортиқ жами 246 дона турли хил парфюмерия ва косметика товарини йўловчи божхона декларациясида ҳамда божхоначиларнинг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмаган.

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Чуқурсой» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари хориждан Фарғона вилоятида фаолият юритувчи хусусий тадбиркорлар номига келтирилган темир йўл контейнеридаги товарлар белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилганда, мазкур контейнерда тегишли йўл ҳужжатларида кўрсатилганидан ортиқча бўлган 6 турдаги салкам 32 минг дона парфюмерия ва косметика товари ҳамда ошхона анжомлари борлиги аниқланди. Дастлабки маълумотларга кўра ушбу товар моддий бойликларнинг умумий нархи 160 миллион сўмни ташкил қилади.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!