“PressClub: Elections.uz-2016” доирасида ижтимоий реклама миллий танлови ўтказилади

15:45, 29 ноябрь

 2016 йил 30 ноябрь куни расман иш бошлайдиган “PressClub: Elections.uz-2016” пресс клуби иш дастуридан халқаро кузатувчилар  ва ОАВ вакилларини  Ўзбекистоннинг анъанавий маданияти ва санъати билан таништиришга  қаратилган  маданий  тадбирлар ҳам ўрин  олган. Ижтимоий реклама миллий  фестивалининг ўтказилиши ҳам шу жумладан. 

Ижтимоий медиа-маҳсулотлар миллий фестивали 8-бор ижтимоий рекламанинг интилувчан, креатив муаллифларини бирлаштирмоқда.

Жорий йилнинг 2 декабрь куни қуйидаги номинациялар бўйича ғолиблар ким эканлиги маълум бўлади:

1. “Мен юртимни севаман!” Ўзбекистон Республикси мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган энг яхши ижтимоий ролик.

2. “Аҳолининг, хусусан, ёшларнинг сайловга оид ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш”га қаратилган энг яхши ижтимоий ролик.

3.  “Фуқароларнинг сиёсий фаоллигини юксалтириш”га бағишланган энг яхши ижтимоий ролик.
Ғолиблар нуфузли Ҳакамлар ҳайъати томонидан тўғридан тўғри онлайн овоз бериш йўли билан аниқланади. 
Фестиваль Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат  нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси томонидан ташкил этилган. 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, ЮНЕСКО, Конрад Аденауэр номидаги жамғарма ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари фестиваль ҳамкорлари ҳисобланади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!