“Мабодо тирик қолсанг, сени яхши кўришимни унутма!”

16:16, 29 ноябрь

Японияда рўй берган зилзиладан сўнг қутқарувчилар вайронага айланган уйлардан бирининг тирқишидан қараб, аёл кишининг танасини кўришди, деб хабар қилди “Рrostoudivitelno.ru” нашри.

У тиз чўкиб, худди илтижо қилаётгандай, қўлидаги ниманидир бағрига босиб, ғалати алфозда турарди. Вайрона бўлаклари унинг елкаси ва бошига келиб тушганди.

Қутқарувчилар қийинчилик билан туйнукни кенгайтириб, аёлни олиб чиқишга ҳаракат қилишди. Улар аёлни тирик бўлса керак, деган хаёлга боришди. Аммо унинг музлашга улгурган танаси ҳалок бўлганидан дарак бериб турарди. Шунда қутқарувчилардан бири диққат билан разм солиб, аёлнинг қўлида бола борлигини кўриб қолди ва ҳайратдан “Бола! Уни қутқариш керак!” деб қичқириб юборди.

Барча қутқарувчилар гуруҳи аёлни босиб қолган вайроналардан тозалашга киришди ва аёл уч ойлик чақалоқни қутқариш мақсадида гавдаси билан пана қилиб, ҳалок бўлганига гувоҳ бўлишди. Қутқарувчилар чақалоқни қўлга олганда, у ҳеч нимадан хабарсиз, пишиллаб ухлаб ётарди. Бола ўралган адёл очиб кўрилганда, ичида уяли алоқа телефони ётарди. Унда “Мабодо тирик қолсанг, сени яхши кўришимни унутма!” деган матнли хабар ёзилганди. Телефон қутқарувчилар орасида қўлма-қўл бўлди.

Она муҳаббати улкан ишларга қодир...

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!