Сайловчилар ўртасида “Сайловни ёритишда ОАВнинг роли” мавзусида сўровнома ўтказилди

16:32, 29 ноябрь

Жорий йил 4 декабр куни мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа — Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўлиб ўтади. Мазкур жараённи  кенг ёритишни таъминлаш мақсадида Марказий сайлов комиссиясида 1300 дан ортиқ маҳаллий ва халқаро ОАВ вакиллари аккредитациядан ўтказилган.

“PressClub: Elections.uz-2016” пресс клуби дастурига мувофиқ равишда сайловчилар ўртасида “Сайловни ёритишда ОАВнинг роли” мавзусида сўровнома ўтказилди. Қуйида сайловчиларнинг фикрларини келтириб ўтамиз:

1.  Журналистлар партиялар ва жамоатчилик ўртасидаги кўприк бўлиб хизмат қилади. Уларнинг вазифаси ҳам мана шундан иборат. Шунинг учун ҳам сайловларнинг қанчалик очиқ ўтиши уларга боғлиқ. Улар партиялар, уларнинг фаолияти, номзодлар, улар ўз дастурларида эътибор қаратаётган жиҳатлар ҳақида халққа максимал даражада маълумот беришлари керак. Давлат ва нодавлат ОАВларнинг вазифалари ҳам шу тариқа ўз ифодасини топади.

2.  Бирор номзодга овоз бериш-бу ҳар кимнинг ўз  танлови. Ўйлайманки, мана шу фикр ҳар бир инсонни сайловда иштирок этишга ундайди. Журналистлар эса унчалик муҳим аҳамият касб этмайди. 

3.  Журналистлар мазкур жараёнда бизга сайлов ҳақидаги ҳақиқатларни очиб бериши билан муҳим.

4.  Журналистлар бизга нафақат сайлов, балки бошқа воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлишимиз учун ҳам керак.

5.   Уларнинг сайловдаги аҳамияти жуда катта. Журналистлар кенг жамоатчиликни сайлов жараёни қандай кечаётганидан хабардор қилиб туришади. Агар улар “сариқ матбуот” бўлмаса. Биз ҳақиқатни журналистлардан эшитишга умид қиламиз.

6.   Журналистларнинг вазифаси дунё ва мамлакат ҳудудида юз берган исталган ҳодиса ҳақида аҳолининг барча қатламларига маълумот беришдан иборат. Айнан ОАВ ходимлари сайлов билан боғлиқ тадбирлар ва овоз бериш жараёни натижаларини ёритишади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!