«Кальций танқислигини қандай енгиш мумкин?»

17:26, 29 ноябрь

— Ёшим 25 да. Турмушга чиқмаганман. Кейинги пайтларда тишларим емирилаётгани боис шифокорга мурожаат қилдим. Менда кальций даражаси анча паст экан. Кальций билан бойитилган воситаларни қабул қилгандан кейин ҳам бу кўрсаткич меъёрига келгани йўқ. Нима қилсам бўлади?

Гулжаҳон, Фарғона вилояти. 

Саволга шифокор-терапевт Шаҳноза САИДОВА жавоб беради:

— Кальций етишмаслиги чарчоқ, асабийлик, талваса, озғинлик, рангпарлик, қўл увишиши, юрак муаммоларига олиб келиши мумкин. Танқислик кузатилган одамларнинг соч ва териси ҳаддан зиёд қуруқ, ёрилувчан, суяклари мўрт бўлиб қолади, бурни тез-тез қонайди. Кальций даражасини меъёрга келтириш учун камида 2 ой вақт талаб этилади. Шифокор маслаҳати ва назорати остида кальций билан бойитилган дори воситаларни қабул қилиш, кўпроқ очиқ ҳавода сайр этиш ва кунжут уруғи, пишлоқ, мош, ловия, нўхат, тухум сариғи, балиқ мойи, сули, салат барги, бодом, хандон писта, шўрданак, шолғом ва гулкарам каби маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилишингиз керак. Кремли пишириқлар, ёғли қовурма овқатлар, газли ичимликлар, айниқса, аччиқ қилиб дамланган чой кальцийнинг қонга сингишига йўл қўймаслигини ҳам унутманг.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!