“Янги овозлар” телетанловининг якуний саралаш босқичи бўлиб ўтди

11:00, 30 ноябрь

Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Кино саройида "Янги овозлар" телетанловининг якуний саралаш босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ҳамда Ёшлар маданият ва санъат маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур лойиҳада хонандаликка иштиёқи баланд йигит-қизлар иштирок этди. 

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда ёшларга кенг йўл очиш, уларнинг истеъдодини тўғри йўналтириш, иқтидор соҳибларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида бошлаб берилган эзгу саъй-ҳаракатлар бугунги кунда ҳам изчил давом эттирилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 14 сентябрда қабул қилинган "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги қонуни бу борада кўплаб имкониятлар эшигини очмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ёшлар маданият ва санъат маркази ҳамкорлигида ўтказилаётган "Куйла, ёшлигим", "Юлдузча", "Ёшлик парвози" каби лойиҳалар навқирон авлоднинг миллий санъатимизга бўлган меҳрини кучайтириш, мусиқа орқали уларда Ватанга муҳаббат, миллий истиқлол ғоясига садоқат, ибратли анъана ва қадриятларимизга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

"Янги овозлар" телетанловини ўтказишдан мақсад ёшлар учун ижодий майдон яратиш, уларнинг маҳоратини ошириш, жаҳон ва ўзбек миллий хонандалиги анъаналарини тарғиб этиш ва ривожлантириш, янги овоз соҳибларини, шунингдек, турли жанрлар, чет тилларида куйлай оладиган ёш истеъдодларни излаб топиш ва уларни профессионал санъатга жалб этишдан иборатдир. Мазкур лойиҳа 18-30 ёшдаги ҳаваскорлар ва профессионал тайёргарликка эга бўлган иштирокчилар ўртасида ўтказилди. 

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан телетанловда иштирок этиш истагини билдириб, ҳужжат топширган ёшларнинг сони 400 нафардан зиёдни ташкил этди. Мазкур лойиҳада иштирокчилар бир неча босқичда сараланиши уларнинг истеъдоди қирраларини мукаммалроқ очиш, ижодини пухта таҳлил этиш ва ўрганишда алоҳида аҳамият касб этди. 

Икки кун давомида ўтказилган якуний саралаш босқичида ёшларнинг ижодий ишларини кўриб чиқиш учун нуфузли экспертлар гуруҳи жалб қилинди. Телетанлов навбатдаги босқичида 45 нафар иштирокчининг мусиқий дастури ҳакамлар ҳайъати эътиборига ҳавола этилди. 
Ижодий лойиҳа доирасида моҳир режиссёр ва хонандалар иштирокида маҳорат сабоқлари, концертлар, ижодий мулоқотлар бўлиб ўтди. Мусиқий дастури энг яхши деб топилган иштирокчилар ғолибликни қўлга киритди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!