Ўзбекистонда ОИТСга чалинган икки бемор турмуш қурди ва соғлом фарзанд кўришди

11:35, 30 ноябрь

...Ўттиз тўрт ёшли кўҳликкина бу жувон бир қарашда дунёда ҳеч ташвиши йўқ инсонга ўхшайди: кўзлари кулиб туради, бироқ у тўққиз йилдан буён ўз организмида иммунитет танқислиги вируси билан курашмоқда, деб ёзади ЎзА.  

Ўзининг айтишича, ҳамшира бўлиб ишлаб юрганида эҳтиётсизлик туфайли ишлатилган шприц нинасидан жароҳат олиб вирусни юқтириб олган. Эри бундан хабар топгач, қизи билан кўчага ҳайдаган. Даставвал аёл “шок”ка тушади. Йўл тополмайди. Маълум вақт ўтгач, юрагида минг бир хавотир билан қизини ОИВ тестидан ўтказади. Қизалоқ қонида мазкур вирус йўқлиги аниқланганда, шунча савдодан сўнг аёл илк бор “шукр” сўзини тилга олади ва Республика ОИТСга қарши кураш марказида даволана бошлайди... 

2030 йилгача дунёда ОИВ/ОИТС кескин камаядими?

Яқинда БМТнинг ОИВ/ОИТС бўйича ҳисоботи чоп этилди. Ҳужжатда айтилишича, дунё бўйича 2016 йилда ОИВга чалинганлар сони 39,8 миллион кишига етди, бу касаллик оқибатида биргина ўтган йили 1,1 миллион киши вафот этди. Жаҳонда 1,8 миллион болалар шу вирусни юқтириб олгани ғоят ачинарлидир. ОИВга чалиниш 15-24 ёшли хотин-қизлар орасида кўп учраётгани ҳам инсониятни жиддий ташвишга солмоқда. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, иммунитет танқислиги вируси одам организмининг иммун тизимидаги лимфоцитларни емиради, ундаги ДНКни ўзлаштиради, табиий жараённи бузади. Оқибатда зарарланган организм ҳар қандай дардни қаршиликсиз қабул қилади. Организмдаги табиий янгиланиш жараёни аста-секин тўхтайди. Жаҳон тиббиётида бу вируснинг асосан гиёҳвандлик ва бетартиб жинсий ҳаёт кечириш, ОИВ билан зарарланган қон, стерилланмаган тиббий ва нотиббий асбоблар орқали юқиши аниқланган. Вирус ОИТСга чалинган онадан болага ҳам ўтиши мумкин. Касалликнинг энг хавфли даври – яширин пайти: 8 ҳафтадан 5-12 йилгача давом этиши мумкин. Шу пайтда унинг бошқаларга юқиш хавфи ўта юқоридир. 

БМТ вакилларининг қайд этишича, 2030 йилгача дунёда ОИВ/ОИТС эпидемиясини ўта паст кўрсаткичга олиб тушиш мумкин. Фақат бунинг учун 2020 йилгача бу вирусни юқтирганларнинг 90 фоизи хаста эканини билиши, даволаниши ва организмида ушбу вирус хуружини жуда паст даражага келтириши лозим. 

Тизимли ва изчил кураш самаралари

Ўзбекистонда ОИВ/ОИТСга чалиниш кўрсаткичи МДҲ давлатлари орасида анча паст. Бу, аввало, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида мустақилликнинг илк йилларидан мамлакатимизда ОИВ инфекциясига қарши изчил кураш олиб борилгани самарасидир. 

Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 23 сентябрда қабул қилинган “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ ОИВ инфекциясини юқтирган шахсларнинг ижтимоий муҳофазаси мустаҳкамланди, уларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати яхшиланди, эпидемияга қарши курашиш самарадорлиги ошди. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 сентябрдаги “2014-2016 йилларда Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасидаги Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан ОИВ инфекциясига чалинган бемор болаларга ойлик нафақа белгиланди. Қон ва унинг препаратлари орқали юқувчи касалликларнинг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган “Ўзбекистон Республикасида гемоконтакт инфекцияларнинг олдини олишни янада такомиллаштириш бўйича 2016-2017 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар режаси” изчил амалга оширилмоқда.

Илгари ОИВ аниқланган беморлар ҳар куни 3-4 маҳал 5 тагача дориларни қабул қилган бўлса, бугун бир кунда 1 дона таблетка берилиб, юқори самара олинмоқда. Жаҳон cоғлиқни сақлаш ташкилоти 2-3 ойда бир марта беморнинг танасига дори препаратини укол орқали юбориш усулини тавсия қилди. Бу беморларда ҳар куни дори ичиш билан боғлиқ ноқулайликларни бартараф этади, ушбу дори таъсирида ҳужайрани емираётган вируснинг кучи камайиб, унинг қонда кўпайишининг олди олинади. Организмда вирус камайгач, беморнинг иммунитети кўтарилиб, ёндош касалликлардан ҳимоя қилинади, умри узаяди, иш қобилияти тикланади. Вируснинг бошқаларга юқиш хавфи ҳам кескин камаяди.
 
Ҳар йили мазкур хасталикни аниқлаш учун зарур лаборатория жиҳозлари, тест-системалар олиш учун давлат бюджетидан 5 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилмоқда. Яна бир янгилик: ОИВни иммунофермент таҳлил усулида аниқлашда юртимиз тиббиётида кенг фойдаланиладиган замонавий 4-авлод тест-системалар илгари хориждан келтирилган бўлса, бугун улар Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги “Радиопрепарат” давлат корхонасида ва академиянинг Ўсимлик моддалари кимёси институтида ишлаб чиқарилмоқда. 

Мамлакатимизда ОИВ билан касалланиш кўрсаткичлари 2015 йилда 5,5 фоиз, 2016 йилнинг ўтган даврида 8 фоиз пасайишига эришилди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 5 январдаги қарори асосида Республика ОИТСга қарши кураш маркази қошида Махсуслаштирилган юқумли касалликлар шифохонаси ташкил этилган. Олтмиш ўринли бу клиникада ОИВни юқтирган беморларга малакали тиббий стационар ёрдам кўрсатилмоқда. 

Шифохонада юқори малакали 22 инфекционист врач ва врач-лаборантлар, 19 ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари фаолият кўрсатмоқда. Беморларга янада юқори малакада тиббий ёрдам кўрсатиш учун оториноларинголог, невропатолог, кардиолог, хирург, онколог, фтизиатр, дерматовенеролог, терапевт, педиатр, психоневролог каби мутахассисликдаги шифокорлар клиникага жалб этилган. Мамлакатимиздаги барча даволаш-профилактика муассасаларининг врачлари ва ўрта тиббиёт ходимлари клиника қошидаги Минтақавий ўқув марказида ОИВ инфекцияси бўйича мунтазам малака ошириб бормоқда. 

Бу ерда ОИВ инфекцияси оқибатида келиб чиқадиган барча оппортунистик (бактерияли, замбуруғли зотилжам, ўпка сили, турли замбуруғли инфекциялар ва ҳоказо) юқумли касалликлар даволанади, ретровирусга қарши препаратларнинг ножўя таъсири бартараф этилади. 

Инновацион ишланмалар – амалиётга

Бугун дунё илм-фани айни пайтгача бедаво дейилаётган ОИТСнинг давосини топиш борасида тинимсиз изланмоқда. Бунда энг асосий вазифа – вируснинг одамзот ДНКсига ўрнашиб, худди шу ҳужайра шаклига кириб олгач, уни ДНКдан ажратиб-"юлиб" олишда. Яна бир гуруҳ олимлар ДНКни вирус юқтирмайдиган қилишга уринмоқда. 

2010 йили Республика ОИТСга қарши кураш маркази қошида ташкил этилган илмий бўлимда ҳам ОИВ инфекцияси ривожланиши ва тарқалишига кўмаклашадиган сабабларни аниқлаш бўйича жаҳон андозаларига мос тадқиқотлар ўтказилмоқда, ОИВ/ОИТС профилактикаси, диагностикаси ва уни даволашнинг Ўзбекистонда қўлланилаётган усуллари самараси мунтазам таҳлил қилиб борилаётир. 
Марказ олимларининг “ОИВ инфекциясининг онадан болага юқиши хавфини баҳолайдиган мезонлар” тўғрисидаги ихтироси натижасида ҳомиладор аёлларни рўйхатга олингандан то бола 2 ёшга тўлгунича уларда юзага келиши мумкин бўлган хавфларни тиббиёт ходимлари олдиндан аниқлаб, ўз вақтида бартараф қилиб бориши йўлга қўйилди. Бунинг натижасида, бугун ОИВ инфекцияли онадан соғлом бола туғилиш кўрсаткичи Ўзбекистонда 99,3 фоизни ташкил этмоқда. Ваҳоланки, ривожланган Европа давлатларида бу кўрсаткич ўртача 98,5 фоизни ташкил этади. 

Сўнгги беш йилда марказнинг 50 дан ортиқ мутахассислари ривожланган давлатларда малака оширди. 

Ўзингни – ўзинг асра

ОИВни юқтирмаслик учун нима қилиш керак? Бу саволга беморларнинг ўзи ҳам, шифокор-мутахассислар ҳам бир хил жавоб беради: пок ва соғлом ҳаёт кечириш!

Шу боис мамлакатимизда ОИВ инфекциясига қарши курашишда халқимиз, айниқса, ёшларнинг маънавий тафаккурини юксалтириш, тиббий маданиятини ошириш, миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш каби энг самарали усуллардан фойдаланилмоқда. 2015 йилда шу мақсадда таълим муассасалари, маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда 200 дан ортиқ турли тадбирлар ташкил этилган, касалликдан сақланишга доир оммабоп тавсиялар акс этган 150 минг нусхадаги босма материаллар тарқатилган, фильмлар кўрсатилган. Натижада бугун аҳолининг ОИВ инфекцияси профилактикасидан хабардорлик даражаси 85 фоизга етган. 

...Дарвоқе, мақоламиз аввалида айтган аёлнинг кейинги тақдири нима бўлгани ўқувчиларни қизиқтираётган бўлса керак.

– Бу аёлнинг ҳаётга интилиши ҳаммамизга, аввало, ўзига ёрдам берди, – дейди Республика ОИТСга қарши кураш маркази психологи Азиза Аҳмедова. – Зарур дориларни вақтида олиб, психологик тренингларда фаол қатнашди. Уч йил аввал ўзи каби ОИТСга чалинган беморимиз билан турмуш қурди. Эр-хотин организмида вирус хуружи ўта паст вақтда табиий йўл билан соғлом фарзанд кўришди. Ҳозир иккинчи қизи икки ёшда. Ҳар томонлама соғлом. Аҳил-тотув ҳаёт кечиришмоқда. Аёл келгуси фаолиятини ўзи каби беморларга ёрдам беришга бағишлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!