Машҳурларнинг асаб толалари таранглашганда...

12:10, 30 ноябрь

Ойнаи жаҳон орқали, концерт, клип, фильмларда иштирок этган машҳур инсонларни кузатамиз-да, уларнинг ташвиш йўқ, барчаси бир текисда давом этаяпти деб ўйлаймиз. Ваҳоланки, ҳеч ким кундалик, ҳаётий ташвишлар, турли асаббузар вазиятлардан ҳимояланмаган. Хўш, машҳурларнинг асаб толаларини таранглашишига нималар сабаб бўлади? Жавобларни биргаликда ўқиймиз.

«ИШДА РЕЖА БЎЛМАСА»

Аюб Шаҳобиддинов, режиссёр: — Ҳаётда жуда оғир-босиқ инсонман. Аммо масала ишга келиб тақалганда асабимни бузиш жуда осон. Масалан, ишда тартиб бўлмаса, режага амал қилинмаса, асабийлашишим аниқ.

«ЮЛДУЗЛИК КАСАЛИГИ»ГА ЧАЛИНИШСА»

Наримон Султонхўжаев, клипмейкер: — Ишимиз машҳурлар билан боғлиқ. Улар билан кунда гаплашиб, иш борасида мулоҳаза алмашаман, учрашувлар олиб бораман. Ана шундай вазиятларда бировга нисбатан беписандлик билан қараган, халққа танилиб кимлигини унутиб қўйган, бир сўз билан айтганда «юлдузлик касали»га чалинганларни кўрсам диққатим ошади. 

«БОЛАМ ХАСТАЛАНСА...»

Феруза Собитова, актриса: — Бугунги кунда ҳамма нарсада тезлик бор. Доим шошиб юрамиз. Тан олишим керак кўп нарсаларга асабим бузиладиган бўлиб қолган. Мисол учун, яқин инсонларим мени нотўғри тушунишса, болам хасталанса, тасвирга олиш жараёнида ҳамкасбларим кеч қолиб маъсулиятсизлик қилса... Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам асабни асраш керак. Чунки кўп нарса асабга боғлиқ.

«КАМ УҲЛАСАМ...»

Муножат Алимбоева, актриса: —  Кам ухласам сал нарсага ҳам асабийлашиб юраман. Бундан ташқари, айтилган жойга қандайдир сабаблар билан кеч қолаётган бўлсам ҳам асабларим «ишга тушади».

«ТУҲМАТ ВА ҒИЙБАТДАН»

Муқаддас Саъдуллаева, актриса: — Туҳмат, ёлғон ва ғийбатдан тепа сочим тикка бўлади. Айниқса одамлар санъаткорларни аслида қандай эканини билмай туриб, турли миш-миш тарқатишса, ғийбатлар билан ҳаётига аралашаверса бундан ёмони йўқ.

«КИМСИЗ?» ДЕЙИШСА!»

Анвар Санаев, хонанда: — Менга қўнғироқ қилиб, «Ким бу?» дейишса, жуда асабийлашаман. Одам қаерга, кимга қўнғироқ қилаётганини била туриб ҳам шундай аҳмоқона савол бериши мумкинми? Яна одамлар «Нега телевизорда кўринмайсиз?» дейишганида ҳайрон бўламан. Аслида, ҳар куни клипларим айланаяпти! Ўзлари кўрмай, билмай туриб савол беришади.

«ҚОРНИМ ОЧСА»

Умидахон, хонанда: — Табиатдан хушчақчақ, қувноқ қизман. Шунинг учун диққатимни ошириш бироо-оз қийин. Бироқ қорним очса борми? Умуман бошқа инсонга айланаман. Ул-бул егулик тановул қилиб олмагунимча жиғибийрон бўлавераман.

«МАСЪУЛИЯТСИЗЛИКДАН»

Анвар Собиров, хонанда: — Кўпинча инсонлардаги масъулиятсизликдан таъбим тирриқ бўлади. Инсон қандай соҳада фаолият юритмасин, авваламбор ишига масъулият билан қараши шарт деб биламан. Шунингдек, санъатни тижоратга айлантирганларни кўрсам жиним қўзийди.

«СОҲТА МУНОСАБАТДАН»

Феруза Норматова, актриса: — Институтда ўқиган пайтларимиз устозимиз Жўра Маҳмудов сезиш, ҳис этиш каби психологик мавзулардан чуқур таълим берган. Балки шунинг учундир инсонлардаги соҳталикни тезда сезиб оламан. Агар суҳбатдошим ёки ҳамкасблар даврасида кимлардир соҳта мулозамат қилаётганини билсам, асабийлашиб кетаман.

«ВАЪДАГА ВАФО ҚИЛМАСА»

Муҳаммадали Искандаров, актёр ва клипмейкер: — Ҳар доим, ҳар қандай вазиятда ўзимни қўлга олишга интиламан. Аммо шундай вазиятлар бўладики... Масалан, гапирган гапида турмаган инсонлар туфайли асабийлашаман. Назаримда ҳар бир инсон берган ваъдасини бажариши шарт!

Алия СУЛАЙМАНОВА тайёрлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!